19:40 / 02.07.2017
16077

Португалия Мексикани енгиб, Конфедерациялар кубоги бронза медалларига эга бўлди

Конфедерациялар кубогида учинчи ўрин учун баҳс Москвадаги «Открытие Арена»стадионида Португалия ва Мексика терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.

Учрашувнинг 16-дақиқасида Криштиану Роналдусиз майдонга чиққан португаллар пенальти тепиш имкониятига эга бўлишди. Аммо нуқтага яқинлашган Андре Силва хато қилди - Гильермо Очоа сэйв қилди.

Иккинчи бўлим бошида эса мексикаликлар Нетунинг автоголи туфайли ҳисобни очишди - 1:0. Бу вазиятда Чичаритонинг майдон чизиғида туриб жарима майдончасига йўллаган тўпи ҳимоячига тегиб, дарвозадан жой олди.

Ўйиннинг асосий вақти якуни драматик кўриниш олди - португаллар ҳимоячиси Пепе ҳисобни тенглаштириб, жамоаларни қўшимча бўлимларга олиб ўтди.

Қўшимча бўлимлар вақтида эса Адриен Силва пенальтини аниқ амалга ошириб, португалларни олдинга олиб чиқди. Бу пенальти мексикаликлар ҳимоячиси Мигел Лаюн тўпни жарима майдони ҳудудида қўли билан ўйнагач, белгиланганди.

Кўп ўтмасдан португаллар ҳимоячиси Нелсон Самеду қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. 6 дақиқа ўтиб, 112 дақиқада мексикаликлар вакили Раул Хименес иккинчи сариқ карточкани олиб, майдлндан четлатилди. Ўйиннинг қолган қисмида Португалия ғалабани сақлаб қолди ва турнирнинг учинчи ўрнини қўлга киритди.

Конфедерациялар кубоги
3-ўрин учун ўйин

Португалия – Мексика 2:1 (0:0, 1:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 54, автогол Нету, 1:1 – 90 Пепе, 2:1 – 104, пенальти Адриен Силва.
Португалия – Руй Патрисиу, Пепе, Элизеу, Нелсон Семеду, Нету, Пицци (Вильям Карвалью, 90), Данилу Перейра (Андре Гомеш, 82), Нани (Куарежма, 70), Моутинью (Адриен Силва, 82), Желсон Мартинш, Андре Силва.
Мексика – Очоа, Маркес (Фабиан, 105), Морено, Лайюн, Гуардадо (Дос Сантос, 80), Рейес, Эррера, Вела, Араухо, Перальта (Лосано, 61), Эрнандес (Хименес, 85).
Огоҳлантиришлар: Маркес (16), Нелсон Семеду (26), Хименес (94), Морено (98).
Четлатиш: Нелсон Семеду (106), Хименес (112).

Top