Қай бири афзал: 11 йиллик мажбурий таълимми ёки 9+3 формати?
Кейинги пайтларда аксарият ота-оналар хаёлида турфа саволлар ғужғон ўйнамоқда: 11 йиллик мажбурий таълимга ўтилса, бунинг истиқболи қандай бўлади?
Албатта, бу дарҳол амалга ошадиган жараён эмас. Қолаверса, муҳтарам Юртбошимиз бу тизим истиқболи ва самарасини аввалдан чўтлаб-чамалаб олиш учун айрим умумтаълим мактабларида экспремент ўтказишни тавсия этмоқда. Шунингдек, ота-оналарнинг фикр-мулоҳазаларига алоҳида аҳамият беришни ҳам таъкидлаётирки, шу баҳонада кўнгилда туғилган айрим саволларни ўртага ташласак, биров бизни айбга буюрмас.
Маълумки, Ўзбекистондаги мажбурий таълим тизимининг формати шундай: 9+3. Жайдари тилда айтсак, фарзандларимиз аввал тўққиз йил умумтаълим мактабида таҳсил олади, сўнг уч йил ўрта-махсус коллежида! Мажбурий таълим 12 йилни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, айримлар айтишмоқдаки, мажбурий таълим 11 йилликка қайтилса, ўқувчи бир йил ютиши мумкин.
Хўш, ўртадаги фарқ – 1 йил фарзандларимиз учун ютуқми?
Бизнингча, йўқ! Биринчидан, узоққа бормайлик, МДҲга аъзо давлатларнинг аксариятида мажбурий таълим 12 йил экани маълум. Бу тизим аллақачон ўзини оқлагани боис ривожланган давлатларда ҳам қўлланиб келинади. Дунёда интеграция масаласи кундан-кун кучайиб бораётган бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўлаги ҳисобланмиш таълим тизими 11 йиллик тизимга ўтилиши қанчалик мақсадга мувофиқ?
Иккинчидан, маълумотларга қараганда, ҳар йили ўрта мактабни 550-600 минг нафар атрофида ўқувчи битиради. Олий ўқув юртларига қабул квотасининг умумий миқдори эса 66-70 минг атрофида. Бу, агар 11 йиллик мажбурий таълимга ўтилса, ҳар йили умумтаълим мактабларини битирган болаларнинг ўн фоизи нари-берисигина олий ўқув юртларига кириш имкониятига эга бўлади, деганидир.
Хўш, қолган салкам тўқсон фоизининг тақдири нима бўлади? Ишлайдими? Кечагина мактаб шаҳодатномасини олган болани қайси иш берувчи ишга олиши мумкин? Бу ҳол ёшларнинг бандлиги борасидаги шундоғам етарли бўлган муаммо устига муаммо туғдирмайдими?
Бундай ҳолатда ота-она нима қилади? Фарзанди бирор ҳунар эгаси бўлиши учун қўшимча чоралар излашга мажбур бўлиши аниқ. Кимдир боласини бирор ҳунармандга шогирдликка берса, кимдир муайян касб бўйича нодавлат ўқув марказларида таҳсил олдириш пайига тушади. Бу жараён икки йилдан кам вақт талаб қилмайди. Шу икки йилни 11 йиллик мажбурий таълимга қўшилса, умумий ҳисоб 13 йилни (!) ташкил этади. Шу ҳолатни мантиқ тарозисига қўйсак, “11 йиллик таълимда ўқувчи 1 йил ютади”, деган даъво анча баҳсли экани ойдинлашмайдими? Устига устак, мазкур икки ҳолатнинг истиқбол ва самараси паст бўлишининг эҳтимоли юқори, камига ота-она учун қўшимча чиқим, ортиқча риёзат, демакдир. Буни удда қиладиган хонадон бор, удда қилолмайдигани бор...
Айни шу нуқтада 9+3 форматига асосланган амалдаги мажбурий таълим афзаллиги кўзга ташланади: тўққиз йил умумий таълим мактабида таҳсил олган бола уч йил ўрта-махсус касб-ҳунар коллежларида ўқиб, муайян ҳунар эгаллаб, маълум касб бўйича зарур кўникма ҳосил қилиб улгуради. Олий ўқув юртига кирса – нур устига аъло нур, акс ҳолда, махсус дипломга эга – ишга жойлашиши мумкин. Ўрта-махсус коллежлари битирувчиларининг бандлиги масаласи давлат сиёсати даражасидаги масала экани инобатга олинса, уларнинг бекор қолиб кетиши эҳтимоли кундан-кунга пасайиб бормоқда. Энг муҳими – бу жараёндаги таълим бепул. Бунга шукр қилиш керак. Шундай экан, “Қай бири афзал: 11 йиллик мажбурий таълимми ёки амалдаги 9+3 форматига асосланган таълим тизимими?” деган савол устида бош қотириш нечоғли мантиққа тўғри келади? Қолаверса, умумий таълим ва ўрта-махсус касб таълими муассасаларидаги ўқув дастурлари орасидаги фарқ ҳам катта. Баски, 11 йиллик таълимга қайтилса, ким ютади-ю ким ютқазади?
Яна бир муҳим ҳолат: юқорида айтдик, ривожланган хориж давлатларида мажбурий таълим 12 йилни ташкил этади. Ўзбекистонда 11 йиллик мажбурий таълимга ўтилса, бу ҳол келажакда фарзандларимизнинг хориждаги олий ўқув юртларига кириш имкониятини чеклаб қўймасмикан, деган яна бир хавотирли савол пайдо бўлади.
Тўғри, ҳозирги кунда касб-ҳунар коллежларидаги маънавий-ахлоқий тарбия борасида унча-мунча муаммолар борасида бонг урилмоқда. Уларга самарали ечим топиш долзарб масала ҳисобланади. Бироқ ўша ечим тизимни ўзгартириш ҳисобига бўлиши умумманфаатга хизмат қилармикан? Бу ҳол янгисини қурмай туриб, эскини бузишга ўхшаб қолмайдими?
Сезиб турибмиз, қўйилаётган қатор-қатор саволлар анчагина баҳс-мунозарага сабаб бўлади. Бироқ фарзандларининг эртанги тақдири, камолини ўйлаган ота-она ушбу жумбоққа ҳозирданоқ асосли жавоб олишни истайди.
Демак, юқоридаги саволларга мутасаддилардан, биринчи галда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг Таълим марказидан жавоб кутмоққа ҳақлимиз.
Турсунали АКБАРОВ
Мавзуга оид
14:51 / 19.06.2024
Кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари негизида боғча ва мактаблар ташкил этилади
13:41 / 05.06.2024
Абитуриентлар учун қабул бошланди – бу сафар фақат ОТМга эмас, коллеж, техникумларга ҳам
14:14 / 07.04.2024
Ўзбекистонда жорий ўқув йилида коллежлар сони кескин камайди
14:48 / 08.11.2023