Ўзбекистон | 21:07 / 06.07.2017
14148
7 дақиқада ўқилади

Таълим тизимига таклиф: “куратор-педагог” ихтисослигига эҳтиёж бор

Шу кунларда долзарб мавзуга айланган “10–11-синфларни қайта ташкил этиш тўғрисида”ги фикрлар, хилма-хил таклифлар мени ҳам шу жараёнга ўзимнинг бир озгина ҳиссамни қўшишга мажбур этди. Яқин орада синов тариқасида “10–11-синфларни очишаркан”, деган гаплар ҳам тарқалди. Ота-оналар ўртасида бу борада сўровномалар ҳам ўтказилди. Кўпчилик ота-оналар 10–11-синфга қайтишни ёқлаб чиқишмоқда. 

Энди ота-оналар 10–11-синфни нима сабабдан ёқлаб чиқишаётганини бир кўриб чиқсак! Аввало, фарзанди вақт нуқтаи назаридан бир йил ютади, чунки биз биламизки коллеж ва лицейларда таълим уч йилни ташкил этади. Шу муносабат билан бир йил олдинроқ таълимни битириш кимга ёқмайди дейсиз! Иккинчидан, маҳалласидан, қўни-қўшниларидан, синфдошларидан узоқлашмаган ҳолда, мактабда таълим-тарбия олиб бориш ҳам ота-она учун, ҳам ўқувчи учун фойдали, деб ўйлайман. Бунинг устига йўл кира ҳақи ҳам ўзида қолади!

Келинг, энди ўзимнинг таклифларимга ўтсам. Ҳар ҳолда ўзим ўқитувчилар оиласидан бўлганлигим сабабли таълим борасида анча-мунча тушунчага эгаман. Шу муносабат билан лицей ва коллежларни ҳам инобатга олиб, бир бошдан ўзимнинг таклифларимни билдириб ўтсам. Коллеж ва лицейлар уч йиллик таълимдан иборат. Шунга мувофиқ, “9 + 3” тизимини сақлаган ҳолда, мактабларга ҳам “10–11–12-синфларни ташкиллаштирсак”, деган таклифимни билдирмоқчиман. Яъни, “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам”. Масалан, ўқувчи 9-синфни битирди, дейлик. У хоҳласа коллеж ва лицейга имтиҳон билан қабул қилиниши мумкин, хоҳласа ўзини мактабида қолиши мумкин. Буниси энди уни истаги бўлади. Ўқувчи 9-синфни битиргач, дейлик тиббиёт коллежида ўзининг ўқишини давом эттирмоқчи, лекин у ерда фақатгина 100 нафар ўқувчига квота ажратилган. Ариза топширган ўқувчилар сони эса 300 нафарни ташкил этади. Бунда Давлат тест маркази томонидан имтиҳон олиниб, 100 нафар ўқувчи қабул қилинади, қолган 200 нафари эса ўз мактабида “10–11–12-синфдаги” ўқишини давом эттиради. Бунда биз нимага эришамиз, деган ўринли савол туғилиши мумкин?!

Аввало, биз бунда рақобат жараёнини вужудга келтирамиз. Коллеж ва лицейларни “кичик университет”га айлантирамиз. Мактабда эса ўқитувчи ўз билим савияси билан, ўз дарсининг сифати билан ўқувчисини мактабда сақлаб қолишга интилади. Рақобатни ҳис қиляпсизми ўртоқлар!!!

Энди иккинчи таклифимга ўтсам. Бир қанча ўқитувчиларнинг фикр ва мулоҳазаларини мана бир неча йилдан буён тинглаб бораман. Уларнинг муносабати турлича бўлса-да, лекин маъно барибир бир жойга бориб тақалади. Яъни, “дарсимни ўтайми, қоғозбозлигимни тўлдирайми ёки кураторлигимни (синф ёки гуруҳ раҳбарлигини) қилайми”, деган сўзларни жуда кўп эшитаман. Бу гапларни эшитиб, кўриб, “етти ўлчаб, бир кесиб” битта таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Яъни 5-синфдан то лицей ва коллежларни ҳам қамраган ҳолда, куратор-педагог лавозимини жорий қилишни таклиф қиламан. Бунда ўқитувчи ўқитувчилигини қилади, куратор-педагог эса масъулиятни бўйнига олган ҳолда, ўз гуруҳидаги ўқувчиларининг таълим-тарбиясига, формасига, давоматига, юриш-туришига жавоб беради.

Бундан ташқари, куратор-педагогга ўз гуруҳида дарс ўтиш учун имконият бериб, унга фақат маънавият, одобнома, тарбиявий соат дарсларини берсак мақсадга мувофиқ бўлади. Шундагина куратор-педагог ўз ўқувчилари олдида ўқитувчилик методикасини кўрсатган ҳолда, ҳурмат қозонишни бошлайди. Энди шу фикримни, яъни куратор-педагогнинг вазифасини мисоллар тариқасида тушунтириб ўтаман. Биз биламизки, ўқув биноларида дарс соат 8:00да бошланади. Куратор-педагог эса 7:30да ўқув биносида бўлиб, ўз гуруҳидаги ўқувчиларнинг формасини, давомадини текширишдан бошлайди ва соат 8:00да дарс бошланиши билан ўз ўқувчилари билан биргаликда дарсга киради. Энди куратор-педагог орқа партада ўтирган ҳолда, ҳар бир дарс жараёнини ўқувчилари билан бирга ўтказади. Энди куратор-педагог нафақат ўз ўқувчиларини назорат қилади, балки дарс ўтаётган ўқитувчини ҳам назорат қилиб боради, яъни ёрдамчи ўқитувчига айланади, десак ҳам муболаға бўлмайди. Қисқаси “жонли камера”га айланади!

Агар шу жараённи ташкиллаштирсак, биз нафақат ўқувчининг билим сифати ва давоматини оширган бўламиз, балки ўқитувчини ҳам дарсга масъулият билан киришини таъминлаймиз. Бир тарафдан баҳолаш тизимида кўзбўямачилик, порахўрликнинг ҳам олди олинади. Чунки куратор-педагогнинг ҳар бир дарсни кузатиб бориши, баҳолаш тизимининг ҳалоллик билан олиб борилишини таъминлайди. Беайб парвардигор, иссиқ жонмиз, айрим бир сабаблар туфайли ўқитувчи дарсга келмай қолиши мумкин. Шунда куратор-педагог ёрдамчи ўқитувчига айланиб, ўз гуруҳидаги дарсни ўз назоратига олади. Куратор-педагогнинг вазифаси фақат дарс пайтида ўқувчиларини назорат қилиш билан чекланиб қолмайди, балки ўқувчиларининг дарсдан сўнг нима билан шуғулланишини, айрим сабабларга кўра нимага дарсга келмаганлигини, билим савияси яхши-ёмонлигини, унинг тарбия жараёни қандай кечаётганлигини уйига бориб ота-онаси билан биргаликда муҳокама қилади.

Куратор-педагогларнинг ойлик иш ҳақини ўқитувчининг ойлик иш ҳақи билан тенглаштирсак, бу ҳам адолатдан бўлади. Чунки куратор-педагог жуда катта масъулиятни ўз бўйнига олишини биз унутмайлик! Тўғри, бюджетдан биз озгина ютқазамиз, лекин маърифат, маънавият, таълим-тарбия борасида биринчи ўринга чиқиб оламиз! Ҳа-ҳа, ишонинг, биринчи ўринга!!! 

Университетларга янги “куратор-педагоглик йўналишини” киритишни ҳам таклиф қиламан. Шунда биз нафақат етук кадрларни тайёрлаймиз, балки бандлик даражасини ҳам ҳал қилган бўламиз! Яна бир бор таъкидлайман, куратор-педагог лавозимини ҳар битта синфга ёки коллеж-лицейда тайинлаш керак, яъни куратор-педагог ўз гуруҳига жавоб беради, ўқитувчи эса ўз дарсига жавоб беради. Ишонинг, агар биз шу ишни қиладиган бўлсак, таълим-тарбия сифати ҳам яхши томонга ўзгаришни бошлайди.

Бу таклифим савол туғдириши мумкин: “Бу ўқувчи ва ўқитувчига босим ўтказмайди?!”. Йўқ, балки масъулиятни оширади. Ҳаттоки, ривожланган мамлакатлардан ҳам ўзиб кетишимизни ички ҳис-туйғуйим айтиб турибди. Ўша ривожланган мамлакатлар керак бўлса биздан ўрганишни бошлайди.  Ахир таълим борасида янгилик киритсак, бунинг нимаси ёмон?!              

Содиқжон Хатамов,
тарих фани ўқитувчиси

Мавзуга оид