Жамият | 21:00 / 08.07.2017
23099
3 дақиқада ўқилади

“Қувноқлар ва зукколар” республика кўрик-танловининг чорак финал беллашувлари бўлиб ўтди

"Туркистон" саройида жорий йилнинг 8 июнь – 1 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ҳамда Zo'r-TV телеканали ҳамкорлигида ташкил этилган "Қувноқлар ва зукколар" республика кўрик-танловининг чорак финал босқичи беллашувлари бўлиб ўтди.

Талабаларнинг бўш вақтларини кўнгилли ва мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларга ўз имкониятларини юзага чиқариш учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилган “Қувноқлар ва зукколар” республика кўрик-танловининг мазкур босқичи доирасида 8 та беллашув ўтказилди. Беллашувларда 40 та жамоа иштирок этди ва турли шартлар асосида ўз билим ва маҳорати, ҳозиржавоблиги, интеллектуал салоҳиятини намойиш этди.

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, кўрик-танловнинг бу йилги илк саралаш беллашувлари 4 апрель – 12 май кунлари ўтказилган. Уларда Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан 77 жамоа таркибида мингга яқин талаба иштирок этган.

Чорак финал босқичи якунларига кўра, Нукус давлат педагогика институтининг “Турон”, Термиз давлат университетининг “Сурхон ёшлари”, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Дизайн”, Тошкент давлат аграр университетининг “Янги юлдузлар”, Ўзбекистон миллий университетининг “Шоввозлар”, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг “Ўзбегим”, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “Тарғибот”, Қарши мухандислик иқтисодиёт институтининг “Баркамол авлод”, Андижон машинасозлик институтининг “Беклар”, Навоий давлат кончилик институтининг “Талабларга биноан талабалар”, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг “Болалар” ҳамда Тошкент молия институтининг “Молиячи” жамоалари навбатдаги босқич йўлланмасини қўлга киритишди. Мазкур босқичда ғолиб бўлган юқоридаги 12 та жамоа жорий йилнинг ноябрь ойида “Туркистон” саройида ўтказиладиган ярим финал босқичида финалга чиқиш учун ўзаро беллашадилар.

“Қувноқлар ва зукколар” республика кўрик-танловининг финал босқичи декабрь ойида “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Мавзуга оид