Фан-техника | 10:40 / 11.07.2017
14315
4 дақиқада ўқилади

Volvo ва Франция бензинли машиналардан воз кечмоқда: наҳотки ҳамма электромобилларга ўтса?

Фото: ecolist

9 июль куни энг машҳур электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla ўзининг биринчи серияли энг арзон модели — Model 3 машинасини намойиш этди. Бир вақтнинг ўзида Volvo икки йилдан сўнг ёқилғида ишловчи автомобилларни ишлаб чиқаришни тўхтатишини эълон қилди. Франция ҳам амбциялиликда бундан сира кам бўлмаган режалар қурмоқда. Электромобиллар дунёни эгаллаши энди факт эмас, муддатлари белгиланиб бўлган воқеликка айланмоқда. Булар ҳақида нималарни билишимиз кераклиги ҳақида Meduza нашри таҳлилини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ички ёнув двигатели — ўтган аср сарқити

Йирик автоишлабчиқарувчилар ичида Volvo ўз олдига муайян мақсад қўйди: 2019 йилдан бошлаб, фақат ёқилғида ишловчи автомобиллардан буткул воз кечиш. Бу йўналишни барча компаниялар ривожлантирмоқда. Ҳали ҳеч ким эртагаёқ одамлар машиналарига бензин ё солярка қуйишдан ўзларини тия бошлашлари ҳақида гапираётгани йўқ, лекин гибрид моделларга ўтишаётгани — объектив воқелик. «Биз углерод қўшоксиди (ис гази) чиқишини камайтириб, шаҳарлардаги ҳаво сифатини оширишни истаймиз», — деган Volvo Cars раҳбари Ҳокан Самуэлсон.

2040 йилга бориб жаҳондаги машиналарнинг учдан бири электрокар бўлади

Bloomberg таҳлилчилари ҳозирча шу фикрда. Сотув ҳажми бўйича электромобиллар ички ёнув двигателли машиналарни 2038 йилда қувиб ўтади. 

Volvo тарафлардан янгараган янгиликдан сўнг Франциянинг экологик ўзгаришлар бўйича вазири 2040 йилга бориб мамлакатда бензил ёки дизель ёқилғисида ишловчи машиналар савдоси тақиқланишини айтган. Парижнинг режаларида лўндалик кўзга ташланмаётган эса-да, ҳукумат эски машинасини янгиси — экологик тозасига алмаштирмоқчи бўлганларнинг харажатларини компенсация қилишни ваъда қилмоқда.

ФОТО: Электромобиллар ва оддий машиналар сотуви ҳажми (млн. дона)

Электромобиллар жуда кам, лекин ишлаб чиқариш суръатлари доимий ўсишда

Bloomberg’нинг ўша тахминига кўра, 2025 йилга бориб, электр машиналар бензинда ишловчи машиналар билан бир нархда сотилади. Электромобиллар бозори шиддат билан ўсмоқда, 2016 йилнинг ўзида машиналар сони 60 фоизга ошган. Лекин ҳанузгача уларнинг сони сезилмайдиган даражада кам — турли баҳолашларга кўра, уларнинг улуши 0,2 фоиздан 1 фоизгача. Яъни, жаҳондаги ҳар 500 тадан 100 тагача машинанинг бири электрокар.

ФОТО: Электромобиллар сони (минг дона)

Ҳамма гап батареяда

Электромобилларнинг энг қиммат қисми ҳам шу ўзи — у машина нархининг қоқ ярмисини ташкил этади! Лекин аккумуляторлар нархи кундан кунга пасаймоқда. Нафақат электромобилларни жиҳозлаш, шунингдек, бутун бир шаҳарларнинг энергиясини сақлашни мақсад қилган Tesla айнан самарали аккумуляторлар яратиш устида иш олиб бормоқда.

Tesla яқинда тезкор қувватлаш станциялари (бунда машинани гаражда туни билан қувватлаш учун қолдирмайсиз, станцияда ярим соат қувват олиш етарли бўлади) бозорида ягона компания номидан мосуво бўлади. 2018 йилга бориб Volkswagen концерни АҚШда ўз тармоғини барпо этишга киришади ва бу мақсади учун 2 миллиард доллар сарфлайди.

Электрда ишлайдими — қиммат дегани эмас

Электромобиллар серияли ишлаб чиқариш онларигача кўпроқ дабдабаю-асъаса матоҳи ҳисобланиб келинаётганди. Энг «кучсиз» Tesla Model S’нинг нархи ҳам унча-мунча одамни чақиб олади — нақ 60 минг доллар! Энди эса ҳаттоки Tesla ҳам бюджетли намуналар ишлаб чиқаришни бошлади (Model 3 — 35 минг доллар). Бошқа ишлаб чиқарувчилардан тўлақонли моделлар янада арзон бўлиши ҳам мумкин: мўъжаз Renault Twizy (7 минг евро) дан тортиб янги Hyundai Ioniq Electric (30 минг доллар) гача.

Хуллас, буёғига электромобиллар кўпайганидан кўпаяверади. 2020 йилга бориб, дунё бўйлаб бундай автомобиллар моделларининг сони юздан ошиши кутилмоқда.

Мавзуга оид