Ўзбекистон ИИВда Қирғизистон делегацияси билан учрашув ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигида вазир ўринбосари полковник Акромхон Бобохонов жорий йилнинг 11 июль куни Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари милиция генерал-майори Курсан Асанов билан учрашди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берган.
Ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотларни ўрганиш, ахборот-коммуникация технологияларини тизимга жорий этиш юзасидан тажриба алмашиш мақсадида, меҳмонлар таклифига асосан ташкил этилди.
Учрашувда Акромхон Бобохонов республика ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар, ахборот-коммуникация технологияларини тизимга жорий этилиши юзасидан меҳмонларга маълумот берди. К.Асанов ҳам ўз ўрнида Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимларида ўтказилаётган ислоҳотлар ҳақида ўртоқлашди. Томонлар ушбу йўналишда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш доирасида фикр алмашдилар.
Суҳбат давомида К.Асановни маҳаллаларда ташкил этилган ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолияти қизиқтирди. Қирғизистон Республикаси делегацияси аъзолари Тошкент шаҳридаги Ички ишлар бўлимлари ва таянч пунктларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ташрифнинг кейинги куни Қирғизистон делегацияси аъзолари Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовар жойлари билан танишдилар.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Россия Федерацияси ички ишлар вазири полиция генерали В.Колоколцев ишчи ташриф билан Ўзбекистонда бўлган эди.