Шавкат Мирзиёев: Партиялар аъзолари сонини сунъий равишда кўпайтириши ҳолатлари кузатилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 12 июль куни ўтказилган видеоселекторда нодавлат нотижорат ташкилотлар орасида фақат сиёсий партиялар ҳокимият учун курашиш ҳуқуқига эгалигига қарамасдан, улар ўртасида рақобат, фикрлар, позициялар хилма-хиллиги мутлақо сезилмаётганига эътибор қаратган.
«Ҳолбуки, ҳар бир партиянинг дастури ва низоми бир-биридан фарқ қилади. Сизлар ўз позициянгизни қонуний асосда билдирсангиз, ҳимоя қилсангиз, қани, айтинг, бунга ким қарши бўлиши мумкин?
Демократия қаердан бошланади – парламентдан бошланади. «Парламент – демократия мактаби», деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак. Бу борада сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлар барчага намуна бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда – парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ намоён бўлади.
Ўйлайманки, ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз: сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари фаолиятини кучайтирмасак, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижроси кутилган натижани бермайди.
Сизларга маълум, биз қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилган эдик. Мана, орадан 6 ойдан зиёд вақт ўтганига қарамасдан, афсуски, бу борадаги аҳвол ҳануз ижобий томонга жиддий ўзгаргани йўқ. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг ўрни нима учун сезилмаяпти?
Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вақтда сиёсий партияларнинг бошқарув аппаратларида ишчанлик муҳити деярли кўзга ташланмаяпти.
Давлат бюджетидан ойлик олиб ишлаётган минглаб ходимлар, масалан, ЎзЛиДеПдаги 740 дан ортиқ, «Миллий тикланиш»даги қарийб 600, ХДПдаги салкам 450, «Адолат»даги 340га яқин ходимнинг фаолиятини самарали деб бўлмайди.
Айниқса, сиёсий партияларнинг жойларда, туман бўлимларида ишлаётган ходимларининг фаолияти қониқарсиз аҳволда. Улар кўп ҳолларда электорат билан тизимли мулоқот ўтказиш у ёқда турсин, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканини ҳам билмайди.
Бугунги кунда амалда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партияга расман жами бўлиб 1 миллион 150 мингга яқин фуқаро аъзо. Савол туғилади: уларнинг қанчаси партиянинг ғояси, мақсад ва вазифаларини чин юракдан ҳис қилади ва шу ғояни амалга ошириш учун курашга тайёр?
Сиёсий партиялар рақам ортидан қувиб, аъзолари сонини кўпайтириш бўйича мусобақа ўйнамоқда. Натижада турли хунук ҳолатларга йўл қўйилмоқда. Масалан, ҳудудий партия кенгаши ходимларининг мукофот пули ва ойлик иш ҳақи ҳисобидан аъзолик бадалларини тўлаш орқали аъзолар сонини сунъий равишда кўпайтириш фактлари, афсуски, оз эмас. Биз бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича деярли иш олиб бормаяпмиз.
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди «мудраб ётган» сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак», деган президент.
Мавзуга оид
12:27 / 09.11.2023
Рақамли божхона, саноат кооперацияси, энергетика: ИҲТ доирасида Ўзбекистоннинг таклифлари
12:06 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди
11:34 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади
10:57 / 09.11.2023