01:09 / 25.07.2017
27726

Абдулазиз Комилов «Россия-24» телеканалига интервью берди

2017 йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Россия 24» телеканали мухбири Роберт Францев саволларига жавоб берди.

— Ҳурматли Абдулазиз Ҳафизович, суҳбатимизни ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон аҳолиси ўртасида жонли қизиқиш ҳосил қиладиган мавзу — мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичидан бошласак, дегандим. Сиз бу жараённи қандай баҳолайсиз, ҳозир бизнинг икки томонларама муносабатларимиздаги бош ривожлантирувчи вектор нима?

— Ўзбекистон-Россия муносабатлари ҳақида тўхталар эканман, қайд этмоқ жоизки, янги муносабатлар чорак асрга яқин даврида маълум бир эволюцияга эга бўлди. Муносабатларимизнинг турли даври ва кўринишлари содир бўлиб турди. Лекин муносабатларимиз бугунга келиб энг барқарор ва энг сермаҳсул кўринишга эга бўлмоқда. Бунга асосий сабаб қилиб, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг шу йилнинг апрель ойида Россия Федерациясига статуси бўйича давлат ташрифи, мазмун жиҳатидан тарихи ташрифи сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу ташриф давомида, аввало, давлатларимиз етакчилари ўртасидаги шахсий муносабатларнинг юқори даражаси ўрнатилди, ўзаро ишонч тасдиқланди ва асосийси — муносабатларимизнинг кенг қамровли кун тартиби белгилаб олинди. Бу кун тартиби шуниси билан фарқланадики, у бизнинг ўзаро ҳаракатларимизнинг амалда мавжуд барча йўналишларини қамраб олди. Бу нафақат давлатларимиз орасидаги анъанавий иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар соҳалар, балким бу борада ҳарбий-техник ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани ҳам янги йўналиш бўлди. Бу эса ўзаро ишончнинг юқори даражасига эришилганликнинг нишонасидир.

— Ташқи сиёсатдаги устуворликларни амалга оширишнинг муайян қадамлари ҳақида гапирадиган бўлсак, кейинги қадамлар қандай бўлиши кутилмоқда?

— Аввало, президентимизнинг давлат ташрифи давомида эришилган келишувларга асосан, биз ўзига хос қўшма режа тузиб олдик, уни ўзига хос йўл харитаси, деб аташ ҳам мумкин. Бу йўл харитаси эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича муайян чора-тадбирларни ўз ичига олади. Бу режа бизнинг сиёсий, иқтисодий, савдо-сотиқ, инвестицион, молиявий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлигимизни қамраб олади. Ташкилий томондан ҳам бир қатор муҳим қадамлар босилди. Аввало, биз қўшма комиссиямизда ҳамраислик қилиш даражасини оширдик, Ўзбекистон томонидан бу комиссияга бизнинг бош вазиримиз Абдулла Нигматович Арипов, Россия томонидан эса ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари жаноб Шувалов раҳбарлик қилади. Бу эса, фикримча, Ўзбекистон томони Россия билан ҳамкорликка алоҳида муҳим аҳамият қаратаётгани, энг муҳими — ташриф давомида сўз борган муайян лойиҳалар ва режаларни амалга оширишидан дарак беради.

— Биз бироз сўз очган мавзу — давлатларимиз раҳбарлари В.В.Путин ва Ш.М.Мирзиёев ўртасидаги шахсий алоқалар ҳақида савол. Бундай шасхий учрашувларнинг давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга ҳиссасини қандай баҳолайсиз?

— Шубҳасиз, лидерларимиз РФ президенти ва Ўзбекистон Республикаси президентлари ўртасидаги алоқалар шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатларни ўрнатишда алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Қисқа вақт ичида икки давлат раҳбарлари ўртасида бир қатор формал ва ноформал учрашувлар бўлиб ўтди. Таъкидлашим керакки, аввало ҳамкорлигимизнинг муайян масалаларини муҳокама этишдан ташқари, юқорида айтиб ўтганимдек, жуда яхши шахсий алоқалар ўрнатилди. Аввало, бу ўзаро ишонч бўлиб, у нафақат энг юқори даражада, балким биз россиялик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилаётган барча ишчи даражаларда ҳам ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим янгилик ҳисобланади.

— Минтақавий кун тартиби ҳақида сўзлашсак. Минтақада юз бераётган воқеалар Тошкентдан туриб қандай кўринмоқда, қўшнилар билан муносабатлар қай тартибда ўрнатилмоқда? Ўзбекистон ташқи сиёсатининг шу йўналиши ҳақида гапириб берсангиз.

— Сиз минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида жуда муҳим саволни ўртага ташладингиз. Бу эса аввало қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш дегани. Шубҳасиз, очиқ-ойдин кўриниб турибдики, жуда кўплаб ҳал этилмаган масалалар, айтиш мумкинки, жиддий ва нозик муаммолар тўпланиб қолган. Биз бундай муаммолар фақатгина ўзаро ҳурмат, томонларнинг манфаатларини тан олиш ва оқилона келишувларга эришиш асосида ечилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бу ерда биз бошқа вариант кўрмаяпмиз ва ўйлаймизки, барқудрат давлат сифатида Россия ўзининг жанубий сарҳадларига чегарадош бўлган бу улкан минтақада барқарорлик ҳукм суришидан манфаатдор, шу сабабли минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва бир маромдаги ривожланишни таъминлаш борасидаги ташаббусларимизни қўллаб-қувватлайди.

— Нафақат бизнинг давлатларга тегишли, шунингдек глобал муаммолар ҳақида оғиз очмаслик нотўғри бўларди. Албатта, булар — хавфсизлик, терроризм ва экстремизм муаммоларидир. Ўзбекистон бундай замонавий таҳдидларга қандай жавоб брмоқда?

— Бу нафақат икки томонлама муносабатларимиз кун тартибидаги, балки, умуман, глобал характердаги, ҳарқандай муҳим халқаро анжуман, халқаро учрашув кун тартибидаги жиддий муаммолар ҳисобланади. Биз бу муаммоларни БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро институтлар  доирасида ҳам муҳокама қилиб келмоқдамиз. Биз учун муҳими, юқорида ҳам қайд этганимдек, ўз минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат. Бу ҳолатда, шубҳасиз, Афғонистонда сақланиб турган кескинлик барчани ташвишлантирмасдан қолмайди. Мен қониқиш билан қайд этишим керак, бизнинг сиёсий маслаҳатлашувларимиз ва доимий учрашувларимиз кўрсатмоқдаки, бу муаммоларни ҳал этишда Россия билан ягона ёндашувга эгамиз. Мен ҳозир Афғонистонда эҳтимолли тинчлик жараённи ривожланишининг муайян вариантлари ёки сценарийларига кенгроқ тўхталиб ўтмоқчи эмасман, лекин стратегик манфаатлар нуқтаи назаридан, биз ҳар икки давлат бу давлатдаги барқарорликдан манфаатдормиз. Умид қиламанки, давлатларимиз икки томонлама бўладими, кўп томонлама бўладими, ана шу минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда бундан кейин ҳам жипс ҳамкорлик қилишда давом этаверади.

— Агар глобал жараёнлар ҳақида сўз очсак, дунёга алоҳида, уникал, ўзбекона назар ташлаш мавжудми?

— Ўзбек сиёсатига теккизмасдан айтишим мумкинки, ташқи сиёсатда бошқалар шу чоққача амалга оширмаган қандайдир бирор уникал нарсани бажаришга уриниш ҳар доим ҳам сермаҳсул натижаларга олиб келавермайди. Шу сабабли бизнинг сиёсатимиз реал вазиятга, БМТ томонидан тан олинган принципларга таянади. Ва бу сиёсат прагматик бўлиши керак. Бу ҳолатда икки томонлама асосларда бўладими ё кўп томонлама, жуда мураккаб ва гоҳо нозик масалаларни еча туриб, биз ўзаро манфаатларни тан олинишига тайёр бўлишимиз, оқилона келишувларга эришиш — бугунги кун тартибида турган жуда мураккаб масалаларни ҳал этишнинг энг оптимал йўли эканлигини тан олишимиз керак.

Top