Тарихи мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган халқимиз бирор жойни номлашдан олдин, ўша ҳудудни ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб иш кўргани аниқ.  

Маълум бир шаҳар ёки қишлоқнинг номланиши, афсона ва ривоятлар шу халқнинг бир неча минг йиллик ўтмишини акс эттириб, кишилик жамиятининг тарихини яратишда асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқсангиз, йўлда учраган шаҳар, туман, қишлоқ, дарё ва сойларнинг номланишига кўзингиз тушиб: “Айнан шундай ном берилишига нима сабаб бўлган экан?”, деб ўйга толишингиз табиий.   

Жойларнинг номланиши фанда – топонимика деб аталади.  Худди шундай топонимлардан бири - «Митан ёки Муйтан» XIX асрнинг иккинчи ярмидан то шу кунга қадар тилшунослар, адабиётчилар, тарихчи ва географлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганидан хабаримиз бор. 

Фарғоналик ёши улуғ, кўпни кўрган отахон билан суҳбатлашганимда у киши: “Қачондан бери довон номи Қамчиқ бўлиб қолди ҳайронман. Ота-боболаримиз водийдан чиқиб кетувчи тоғли йўлдан ўтиш машаққат ва хавфли эканлиги учун камроқ чиқишни маслаҳат бериб – “Камчиқ” дея атаган”, деган эди. Бу маълумот қай даражада тўғри эканлиги эса мен учун қоронғи. Балки оддий халқ айтишга қийин бўлган номни ўзлаштириб ва ўзгартириб соддароқ кўринишга келтиргандир.

Андижонлик ёш тарихчи олим Искандар Мадғозиев билан Фарғона водийсидаги жой номлари билан боғлиқ китобларни ўрганиб, жуда кўп қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Биз учун топилма бўлган мозий сирлари сизни ҳам қизиқтирса керак деган умид ила билганларимизни ўртоқлашмоқчимиз.

КАМЧИҚ (Кендир довони) – Фарғона водийсини Тошкент билан боғлайдиган қадимий довон йўли. Чотқол тоғини кесиб ўтади. “Бобурнома”да “Кендирлик” деб тилга олинган. Кейинги йилларда бу йўл тоғдан оқиб тушувчи кичиккина “Қамчиқсой” номи билан “Қамчиқдовон” деб аталиб кетди. Бундай дейиш нотўғридир. “Кендир” номининг маъноси бизга ҳозирча номаълум. Балки, ўша ўтиш хавфлилиги учун “Камчиқ” дея номланиши (муаллиф изоҳи) ҳақидаги фараз тўғри бўлса керак. 

КОСОН  - Қадимий “Кушон” номининг (эрамиздан аввалги III  ва эрамизнинг IV асрлари) ўзгарган кўриниши. Қадимги Кушон империясининг “кушан” уруғи (этноним) номидандир. Наманган вилоятидаги туман ва дарё номлари “Косонсой”дир. Қашқадарёдаги Косон тумани номи ҳам ўшандандир.