14:54 / 29.07.2017
9611

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси маҳаллий экспортёрлар фаолиятини қўллаб-қувватлайди

“Ўзагроэкспорт” акционерлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 7 апрелдаги Қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси таркибига киради.

Компания фаолияти асосан саноат маҳсулотлари ва хизматининг маҳаллий экспортёрларини, биринчи навбатда янги ва қайта ишланган мева-сабзавот ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Ўзагроэкспорт – бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи Ўзбекистон Республикасининг етакчи компаниясидир. Компания дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларида амалдаги шартномаларга эга. Биз Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Украина, Белорусия, Ҳиндистон, Корея, БАА ва бошқа кўплаб давлатлар билан кенг миқёсли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик.

Ўзагроэкспорт ҳукуматлараро ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини ошириш, улар ассортименти ва экспорт географиясини кенгайтириш борасида самарали фаолият юритмоқда.

Мустаҳкам алоқа ўрнатиш мақсадида, биз фақатгина ўз давлатлари бозорларида ҳурматга сазовор бўлган ишончли ҳамкорлар билан қисқа ва узоқ муддатли шартномаларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича фаолият олиб борамиз.

“Ақлли” логистика – бизнинг яна бир ютуғимиздир. Ўзагроэкспорт логистика нуқтаи назаридан тўлиқ таъминланган: маҳсулотлар авиатранспорт, темирйўл ва автомобиль йўллари орқали етказиб берилади.

Ўзагроэкспорт компанияси маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлайди ва қуйидаги масалаларда ёрдам кўрсатади:

- асосий фондларни шакллантириш ва янгилаш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш;

- экспортёрларга давлат имтиёзлари ва преференцияларини тақдим қилишда хусусий бизнес вакиллари ва Республика ҳукумати ўртасида алоқа ўрнатиш ва расмийлаштиришга кўмаклашади;

- маркетинг тадқиқотлари кўринишида турли бозорлар, алоҳида товарлар ва йўналишларни қисқа ва узоқ муддатли баҳолаш таҳлилларини амалга ошириш;

- озиқ-овқат саноати корхоналарини мамлакат ҳудудлари бўйича рационал жойлаштиришни аниқлаш. Бунда маҳсулот рақобатбардошлигини шакллантирувчи логистика харажатларини минималлаштириш, рақобат муҳити ва бошқа факторлар инобатга олинади;

- маҳсулотларни “Ўзагроэкспорт” АЖ нинг савдо уйлари орқали илгари суриш ва сотиш, шу жумладан ўта хавфли бозорларда ҳам;

- маҳаллий ва халқаро кўргазмалар, савдо майдончаларида иштирок этишни ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлаш;

- маҳсулотларни интернет тармоғида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда (Фейсбук, Вконтакте, Одноклассники ва бшқ.) профессионал даражада илгари суриш.

Ўз маҳсулотини ташқи бозорларга кўрсатиш ва етказиб беришга тайёр бўлган барча ишлаб чиқарувчиларни ҳамкорликка чорлаймиз. Бизнинг шиор: “Бўлсанг, биринчи бўл”.

Ҳўл ва қайта ишланган мева, сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари экспорти билан боғлиқ барча масалаларда маслаҳат беришга тайёрмиз.

Келинг экспортни бирга амалга оширамиз.

Top