Ўзбекистон | 00:30 / 01.08.2017
6881
2 дақиқада ўқилади

Халқаро саноат ярмаркаси дирекцияси тугатилди

“Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржа дирекцияси” давлат корхонаси тугатилди. Бу Ўзбекистон Президентининг 31 июлдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш тўғрисидаги янги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда айтилишича, дирекция фаолиятини ташкиллаштиришнинг шу кунгача амал қилган тартиби «давлат ва корпоратив харидлар очиқ-ойдинлигининг тегишли даражасини таъминламаган”.

Кооперацион биржага тендерлар ўтказмасдан, ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилишга ижозат берилгани “турли коррупцион ҳолатлар, жумладан биржадан аввалдан белгиланган етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш мақсадида фойдаланишга” шароитлар яратган.

“Кўргазма-ярмарка тадбирларини ўтказиш тартиботлари аввало кичик бизнес субъектларига товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб беришда давлат ва корпоратив буюртмалар олишнинг тегишли даражасини, бунинг оқибатида эса соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришни таъминламаган”, деб айтилган ҳужжатда. 

Қарорда айтилишича, дирекция тузилган шартномаларни таҳлил қилиш ва улар асосида маҳаллийлаштириш дастурига тегишли лойиҳаларни киритиш бўйича таклифларни шакллантириш, саноат кооперациясининг маҳаллий хом ашё асосидаги тайёр маҳсулотни маҳаллийлаштиришдаги роли ва аҳамиятини ошириш бўйича асосий вазифаларини деярли таъминламаган.    

Шу сабабли, ҳужжатда давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, «Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасининг кўргазма-ярмарка фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрланиши керак.