Ўзбекистон | 08:22 / 04.08.2017
10780
3 дақиқада ўқилади

Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича Президент қарори тайёрланмоқда

Иллюстратив фото

2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маданият, санъат, адабиёт ва ОАВдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда давлат раҳбари ижодий уюшмалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ижодий уюшмалар ўртасида ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилмаган. Бадиий академия, Бастакорлар, Ёзувчилар, Журналистлар, Кино арбоблари уюшмалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ижодий муносабатлари деярли тўхтаб қолган. Ушбу тузилмалар фаолиятида биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб ижодий ва ижтимоий муаммолар тўпланиб қолган.

“Бу ҳақда гапирганда, авваламбор, адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш каби бир-биридан муҳим ва долзарб масалалар ижодий уюшмалар эътиборидан четда қолиб келаётганини таъкидлаш лозим. Бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозларни эшитиш мумкин”, - деган давлат раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. 

“Аммо уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди. Хусусий нашриётларнинг кўпчилиги бир вақтлар вилоятларда ҳам нашриётлар бўлсин, деган нотўғри ёндашув билан ташкил этилгани, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти ниҳоятда ночор экани китоб деган мўътабар тушунчанинг қадрини туширишга олиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу муаммони қонуний асосда қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида амалий таклифлар деярли учрамайди. Бошқаларга қандай, билмадим-у, аммо менинг назаримда, бундай салбий ҳолатнинг бош сабаби мамлакатимиз ахборот бозорининг тартибга солинмагани билан боғлиқ. Бу борада сон эмас, сифат ва самара муҳим. Майли, нашриётлар сони 122 та бўлмасин, озроқ бўлсин, лекин талабга жавоб берадиган бўлсин”, - деди Президент.

Шунингдек, қайд этилишича, матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда ваколатли ва масъул орган вазифасини бажариши керак бўлган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бу борада фақат кузатувчи бўлиб ўтирибди. Шунинг учун яқинда Матбуот ва ахборот агентлигига янги раҳбар тайинлангани айтилди. Шу билан бирга, ушбу ташкилот фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича Президент қарори тайёрланаётгани маълум қилинди. 

Мавзуга оид