19:33 / 07.08.2017
16069

МИБ Самарқанд туман бўлими 29 минг кишига қарздорлик ундириш юзасидан талабнома киритди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратруаси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд туман бўлими томонидан жорий йилнинг июль ойида туманда газ, электр ва сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга коммунал хизматлар кўрсатиш ва бу борадаги тўловларни ундириш борасида фаолияти таҳлил қилинди.

Бўлим томонидан электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд 13.795 нафар истеъмолчиларга нисбатан 22 млрд. 737 млн. 695 минг сўмлик, табиий газ бўйича 15.201 нафар истеъмолчиларга нисбатан 18 млрд. 495 млн. 890 минг сўм қарздорликни ундириш юзасидан талабномалар киритилган.  

Қарздорликни иш ҳақидан ушлаб қолиш бўйича иш берувчиларга 254 та талабномалар тақдим этилган. Июль ойи мобайнида электр энергиясидан қарздорлиги ва ноқонуний тарзда тармоққа уланганлиги сабабли жами 293 нафар истеъмолчилар, табиий газ бўйича 52 та ҳолатда қарздорлиги ва ноқонуний равишда тармоққа уланганлиги сабабли истеъмолчилар газ тармоғидан узилган.  

Бўлим томонидан июль ойида туманда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни ундириш борасида олиб борилган ишлар натижасида электр энергияси бўйича 4 млрд. 868 млн. сўмдан, табиий газ бўйича 1 млрд. 300 млн. сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилган.  

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлими 3-4 август кунлари ўтказган тадбир давомида 31 та ҳолатда қарздор истеъмолчилар ва мавжуд тармоқларга ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. 

Хусусан, тумандаги “Самарқанд Фрутс” МЖЧга қарашли ишлаб чиқариш корхонаси 25 миллион сўм, “Метин текстил” МЧЖга қарашли паррандачилик корхонасининг 11.8 миллион сўм қарздорлиги аниқланган. Шунингдек, фуқаро Наби Қосимовга тегишли ошхонада электр тармоғи ва газ қувурига ноқонуний уланиши натижасида табиий газдан 20.1 миллион сўм, электр энергиясидан 5.8 миллион сўм зарар етказилган. 

Ўтказилган рейдлар давомида энергия ресурслари истеъмоли учун жами 350 млн. сўм миқдорда тўловлар ундирилган. 

Фарҳод НОРБЎТАЕВ, 
журналист

Top