Халқ тушгача бензин кутсинми ёки ишласинми?
Аҳоли турмуш шароити яхшилангани сайин унинг эҳтиёжлари ҳам орта боради. Масалан, технология воситалари қанчалик тараққий этса, электр энергиясиз уларнинг хизматидан фойдаланишни тасаввур этиш қийин. Худди шундай автомобилларнинг ҳаракатланиши учун ҳам ёқилғи талаб этилади ва бунингсиз сира иложи йўқ.
Одамларда автомобиллар кўпаяётгани рост. Буни кўчаларни тўлдириб юрган машиналар оқими ҳам тасдиқлайди. Аммо автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчаларидаги турнақатор навбатлар, тартибсизликлар эса киши кўнглини хира қилади. Бензин қуйиш учун навбатда турган ҳайдовчилар асабийлашишади, қичқиришади, хуллас, бир амаллаб ўз машиналарига ёқилғи қуйишади. Ёқилғини қиммат баҳога сотиб, чайқовчилик қилаётганларнинг эса парвои фалак, уларнинг бу ҳолат билан заррача иши йўқ. Буни Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Қашқадарё вилоятига қилган сафари давомида гувоҳи бўлди.
Қарши шаҳрида жойлашган АЁҚШга кириб борарканмиз, бу ердаги навбат бизни ҳайрон қолдирди. Ўша ерда турганларни суҳбатга тортмоқчи бўлдик, аммо улар видеокамерадан ўзларини олиб қочишди. Айримлари писанда қилиб, турли луқмалар ташлай бошлашди. Кейин билсак, улар ёқилғи сотувчи чайқовчилар экан. Ҳайдовчилар билан гаплашар эканмиз, ҳақиқатан ҳам Қарши шаҳрида ёқилғи муаммоси жуда ёмон эканлиги, соатлаб навбатга туриш кераклиги ҳақида гапириб қолишди.
- Илгари бундай эмас эди, - деди навбатда турган ҳайдовчилардан бири. – Сўнгги ойларда бизнинг вилоятда автомобиллар ёқилғиси жуда тортилган. Мана шундай тартибсиз навбатлар, асабийлашишлар ҳар кун бўлади. Ёқилғини кўчадан сотиб олай десангиз, 4000-5000 сўм атрофида бир литрини сотиб оласиз. Арзонроққа сотиб олиш учун АЁҚШга келсангиз, ишдан қолиб соатлаб навбатга туришингиз керак бўлади.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур АЁҚШ раҳбарияти билан боғланиб кўришга ҳаракат қилдик, аммо ниятимиз амалга ошмади. Улар биз билан суҳбатлашишни ва зарур маълумотлар беришни исташмади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бу каби муаммо нафақат Қашқадарё вилоятида, балки республикамизнинг барча вилоятлари, жумладан, пойтахтда ҳам мавжуд. Хўш, бу муаммони бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Мазкур савол билан “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, метерологик таъминот ва сертификатлаштириш бўлими бошлиғи Рустам Абдуқодировга юзландик.
“Очиқ айтиш керак, Республикамизнинг турли ҳудудларида ёқилғи танқислиги билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Бунинг асосий сабабларидан бири қуйидагича: биз хусусий АЁҚШларга бензин етказиб берамиз, улар эса ёқилғи маҳсулотини истеъмолчига сотиш ўрнига ярим кечаси турли вилоятлардан, жумладан, Қашқадарё вилоятидан келган чайқовчиларга сотиш билан оворалар. Чайқовчилар эса, ўз навбатида, олган маҳсулотлари устига пул қўйиб, нархнинг сунъий равишда ошишига сабабчи бўлмоқда.
Бу муаммони ҳал этиш учун махсус штаблар тузилди. Улар жойларда бу каби ҳолатларни назорат қилиб боришади. Бунга ички ишлар органлари ходимлари ҳам жалб этилган”.
Рустам Абдуқодиров билан суҳбат давомида кўплаб маълумотлар олинди, аниқроғи улар ҳисоботга ўхшаб кетарди. Аммо биз кўтарган аниқ масала юзасидан аниқ жавоб бўлмади. Қашқадарёдаги бензин муаммоси қачон ва қай йўл билан ҳал этилади? Афсус,бу саволимиз очиқ қолди. Ижодий гуруҳимиз билан мазкур вилоятга борганимизда у ерда ёқилғи танқислиги билан боғлиқ ҳолатларга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлган эдик. Бу масала ҳисоботда эмас, балки амалий жараёнда ҳал этилиши барчага маълум.
Ҳар нарсанинг меъёри яхши. Айрим шахсларнинг очкўзлигими, беписандлигими ёки шу Ватанга дахлдорлик ҳисси йўқлигиданми, мана шундай кўнгилсизликлар келиб чиқаверади. Ўйлаймизки, махсус тузилган штаблар ўз ишини сидқидилдан олиб боришади ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёқилғи танқислиги муаммосига барҳам берилади.
Мавзуга оид
09:05 / 07.11.2024
Қашқадарё вилояти ҳокимига Британиядан маслаҳатчи тайинланди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024
Тошкентдаги яна учта АЁҚШда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
07:40 / 30.10.2024