"Ҳақиқат юзага чиқди". Саккизинчи йили талаба бўлган қиз билан суҳбат
Танишинг! Ҳасанхўжаева Ҳулкар. 1991 йил 24 август куни Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, Кавардон қишлоғида туғилган. 2010 йил ТДАУ қошидаги академик лицейини аъло баҳолаларга тамомлаган. 7 йилдан бери Олий таълим муассасасига имтиҳон топшириб келган. Жорий йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг талабаси бўлиш бахтига эришди.
- Ҳулкар, талабалар сафига қўшилганингиз билан табриклаймиз. Илк бор қайси ОТМга имтиҳон топширгансиз? Биринчи имтиҳондан тўплаган балингиз қанча эди?
- Биринчи марта лицейни тамомлаб, ЎзДЖТУнинг инглиз филологияси факультетига ҳужжат топширганман. Бироқ 153.2 балл билан ўқишга кира олмаганман. 2010 йилда кириш бали 157 бўлган эди. Шундан сўнг, 7 йил давомида мана шу университетга ҳужжат топширавердим. Мақсадим битта эди: Албатта, талаба бўлиш!
- Ҳар йили талаба бўлганлар рўйхатида ўзингизни кўрмаганингизда кўнглингиздан нималар кечди?
- Кўнглимдан ўтган кечинмаларни тасвирлаб беришим жуда қийин. Буни фақат ўзим ва яқинларим ҳис эта олишади. Лекин ич-ичимдан бир кун келиб ҳақиқат юзага чиқишига ишонар эдим.
- Наҳотки, шунча йиллар давомидаги муваффақиятсизликдан сўнг ҳам олийгоҳга топшириш фикридан қайтмадингиз?
- Йўқ. Ўйлаб қарасам, ҳар йилги омадсизликлар менга сира ҳам таъсир қилмабди. Ҳар йили ЎзДЖТУ инглиз филологияси факультетига ҳужжатларимни топширавердим. Чунки чет элдан келган меҳмонлар билан хорижий тилларда бемалол юртимиз ҳақида суҳбатлашишни орзу қилганман. Шу мақсад йўлида ортга чекинмадим.
- Бу йил имтиҳон жараёнларидаги шаффофликни қандай баҳолайсиз?
- Имтиҳон ҳаққоний ўтказилди ва мен саккизинчи йил топширганимда талаба бўлиш бахтига эришдим. 117,2 балл билан ЎзЖДТУ талабасига айландим. Албатта, тўплаган балим аввалгиларига нисбатан пастроқ. Сабаби, қўшимча дарслар, репититорларга имкониятим бўлмагани учун бора олмадим. Ҳаттоки, Profi Education ўқув марказидан ҳам беш марта хат келган. Шунча вақт давомида уйда ўзим дарслик ва китоблар орқали имтиҳонларга тайёрланиб келдим. Шунингдек, болаларга ингиз тилидан қўшимча сабоқ берганим ҳам менга анча ёрдам берди.
- Келажакдаги режаларингиз?
- Энг катта мақсадим - яхши филолог-таржимон бўлиб етишиш. Юртимга, атрофдагиларга керакли инсон бўлишни, ўз соҳамни профессионал мутахассиси бўлиб хизмат килишни истайман.
Феруза Авазова суҳбатлашди
Мавзуга оид
14:18 / 04.01.2021
Тўлов-контракт миқдорлари ошмайди – вазирлик
10:14 / 03.01.2021
БҲМ ошиши талабаларнинг контракт тўлови бўйича саволларни туғдирмоқда
15:12 / 18.12.2020
«Вазирлик бирорта ОТМга форма бўйича талаб қўймаган» — Фарҳод Бабашев
18:09 / 15.12.2020