21:03 / 15.08.2017
11633

“Калашников” полиция учун электромотоцикллар тақдим қилди

Москва вилоятида 22-27 август кунлари бўлиб ўтадиган “Армия-2017” анжуманида кенг омма учун илк марта электромотоцикллар тақдим қилинади. Анжуман тугагандан кейин бундай электромотоцикллар Москва йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходимларига топширилади. “Калашников” концерни яратган “ИЖ” маркасидаги бу электромотоцикллар синовдан ўтказилгандан кейин полициячилар ушбу транспорт уларга ёққани айтишган: улар унинг сиғимдорлиги, манёврчанлиги ва бошқа сифатларини юқори баҳолашган.

Концерн ушбу транспорт воситасининг батафсил техник характеристикаларини маълум қилмаган: шуниси маълумки, у битта қувватланишида 150 км йўл боса олади, двигатели қуввати эса 15 киловаттни ташкил қилади.

Аввалроқ концерн куч тузилмалари учун “ИЖ” мотоцикллари вариантлари устида ишлаётгани маълум қилинган. Ўшанда бу электромотоцикллар Япониянинг Kawasaki тоғ мотоциклларига ўхшаш бўлиши таъкидланганди.

Журналистлар “АВТ-сервис” мотосервиси эгаси Алексей Трепихалиндан янги “ИЖ”нинг суратига баҳо беришни сўрашган. Трепихалиннинг айтишича, мотоцикл ўнқир-чўнқир, баланд-паст жойларда ўтказиладиган махсус мусобақалар учун мўлжалланган. У “Ижмаш” бу қурилмани ўзи мустақил равишда ярата олганига шубҳа билдирган. Унинг айтишича, яхшиси бу мотоциклни уни 3 баробар арзонроққа чиқариш учун Хитойнинг Lifan ва Stels компанияларига берган маъқулроқ бўларди. У бу мотоциклнинг нархини 150 минг рублга баҳолаган.

Трепихалиннинг гапларига “Мото” журналидан Роман Ситников қўшилган. Унинг фикрича, янги мотоцикллар Хитойнинг Lifan мотоцикллари негизида яратилган.

Top