Хитой клуби трибуна ўриндиқларини тилла рангга бўягач, кетма-кет 5 учрашувда ғалаба қозонди
Хитойнинг «Гуангчжоу Фули» клуби раҳбарияти жамоа 4 ой давомида ғалаба қозона олмагач, ўзига хос ўзгаришни амалга оширишга қарор қилди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар тарқатди.
Манба берган хабарга кўра, гуангчжоуликлар раҳбарияти ўз стадионини рангини ўзгартириб, уни олтин рангга бўяган. Тилла ранг фэншуй бўйича омадни чақирувчи тимсол сифатида қаралади. Бундан ташқари, оқ рангдаги зиналар яшил рангга бўяб чиқилган.
Қизиқ томони, шундан сўнг «Гуангчжоу Фули» кетма-кет 5 та уй учрашувида ғалаба қозонган. Драган Стойкович бошчилигидаги жамоа бу ўйинларда 22 та гол уриб, ўз дарвозасидан 9та гол ўтказиб юборган.
«Стадионимиз рангини ўзгартирганимиздан сўнг, жамоа 5та учрашувда ғалабага эришди ва ўта юқори сермаҳсул футбол кўрсата олди. Олтин ранги жуда ёқимли ва уни ўзгартириш шарт эмас», - деган Стойкович.