Таклиф: ҳам харид, ҳам хайрия
Ҳозирда кичик дўконлар, тартибсиз бозорлар ўрнини “Корзинка”, “Макро”, “Магнит” сингари йирик супермаркетлар эгаллаб бораётгани сир эмас. Кўпчилигимиз хариднинг қулайлиги, пластик карталарнинг монеликсиз қабул қилиниши сингари омиллар сабаб шу мажмуаларга тобора кўпроқ ташриф буюрмоқдамиз.
Эътибор қилсангиз, бундай дўконларда деярли ҳар доим харидимиз миқдори аниқ суммани ташкил қилмайди. Масалан 109 817 сўм, 76 736 сўм сингари тўловларни амалга оширамиз. Майда пуллар муомаладан чиқиб қолганлиги сабабли сотувчилар гугурт, салфетка, сақич сингари маҳсулотлар билан қайтим беришади. Кўп ҳолларда барибир ҳисоб аниқ чиқмайди ва табиийки кимнингдир ҳақи кимгадир ўтиб кетади ҳамда шу заҳоти унутилади. 100-200 сўмлик қоғоз пуллар ёки тангалар топиб, қайтим берилган ҳолда ҳам у пуллар чўнтакнинг бир четини хира қилиб ётади, холос.
Агар савдо марказлари, йирик дўконларимиз шундай майда қайтимларни харидорнинг розилиги билан хайрия мақсадида олиб қолиш таклифини беришса, аниқки ҳеч ким қаршилик билдирмайди.
Масалан 109 817 сўм тўлаши керак бўлган харидор одатда 110 минг сўм, ёки пластик карта беради. Сотувчи унга 183 сўмни қайтариш ўрнига махсус хайрия рақамига ўтказишни таклиф қилса, харидор албатта рози бўлади. Чунки 183 сўм нақд шаклда бўлса, олишнинг ҳожати ҳам, иложи ҳам йўқ, пластик карта учун ҳам арзимас сумма, фақат яхлитликни бузиб, адаштирувчи ортиқча рақамларни ҳосил қилади, холос.
Энг муҳими харидорда хайрия ишларига хайрихоҳлик ҳисси туғилади, озгина бўлсада, амалга оширган эзгулигидан кўнгли кўтарилади, кейинчалик ўз хоҳишига кўра кўпроқ эҳсон қилиши ҳам ҳеч гап эмас.
Бир киши учун арзимас туйилган бу қайтимлар йиғилиб, катта маблағга айланиши аниқ. Чунки биргина дўконнинг ўзида минглаб, йирикларида ўн минглаб тўловлар амалга оширилади. 100 сўмдан қолса миллионлар ҳосил бўлади. Ой якунида бу пуллар ёрдамга муҳтож кимнингдир ҳожатини чиқарадиган даражага етади. Савдо марказида махсус экран ўрнатилиб, айни шу мақсадда қолдирилаётган пуллар кўрсатиб турилсаку, нур устига. Чунки сония сайин кўпайиб бораётган хайрия пуллари ҳар қандай кишининг кўнглида эзгуликка туртки бериши аниқ. Фақат савдо марказлари вақти-вақти билан тушган пулларнинг қаерларга сарфлангани эълон қилиб туришлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Албатта, бу таклиф янгилик эмас, айрим хорижий давлатларда турли шаклда қўлланилган. Қолаверса, ўзимизнинг йирик савдо марказларида ҳам ойнаванд хайрия қутилари ўрнатилган. Аммо айнан қайтимларни маълум тизимга йўналтириш яхши натижа бериши аниқ. Энг муҳими бундан ҳамма хурсанд бўлади.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
00:26 / 24.09.2024
Австралияда ёлғон чегирмалар эълон қилган супермаркетлар судга берилди
08:10 / 20.09.2024
Йирик супермаркетларда айрим маҳсулотлар нархи арзонлашди
16:31 / 20.09.2023
«Яна 3-4 кун» – масъуллар ун нархи тез орада пастлашини айтиб, маҳсулотни керагидан ортиқ сотиб олмасликка чақирди
22:37 / 11.02.2023