Ўзбекистон | 09:45 / 21.08.2017
13907
7 дақиқада ўқилади

Янги авлодга қандай эришамиз?

Дунёнинг ривожланган давлатларидаги машинасозлар электр қуввати билан, ҳаттоки ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи автомобилларни оммавий ишлаб чиқариш арафасида турган бир пайтда GM Uzbekistan корхонасининг ўзи ишлаб чиқараётган машиналарда янгилик ўлароқ, метан газ баллонларини ўрнатишни бошламоқчилиги Ўзбекистонда илм фан ва технология соҳаларининг қай савияда эканини яққол кўрсатади.

Бундай ачинарли ҳолатдан чиқишнинг ягона йўли эса миллатимиз онгида илм-фан, изланишга бўлган қизиқишни уйғотиш, уни оддий қизиқишдан ҳаётий эҳтиёжга айлантира олишдир. Фақат шу йўл билан биз келажакда буюк кашфиётлар қила оладиган олимларни тарбиялашга замин яратган бўламиз. Фан соҳасида юксак чўққиларни эгаллаш игна билан қудуқ қазишга тенглаштирилиши ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аллақачон «суяги қотган» авлод вакилларини бу хайрли ишга йўналтириш амри маҳолдир (агар улар аллақачон бу йўлни танлаб улгуришган бўлмаса). Қолаверса, инсон ўзининг ҳаётини илм-фанга бағишлашга ва бутун умрини илмий изланишлар, янгиликлар яратиш кетидан қувиб ўтказишга рози бўлиши учун бундай қизиқиш унга ҳаётининг илк йилларидан сингдирилиши лозим.

Машҳур рус адиби Чернишевский берган савол беихтиёр инсон хаёлига келади: «Нима қилмоқ керак?». Қизиғи шундаки, ёш авлод, айниқса мактабгача таълим ва бошланғич синф ёшидаги ўқувчиларни замонавий илм-фанга қизиқтириш учун велосипедни қайтадан ихтиро қилишга ҳожат йўқ. Илғор тажрибаларни маҳорат билан «кўчирсак», кифоя (кўчириш сўзи бу ўринда балки қўполроқ янграр, лекин миллатимиз учун зарарли бўлган кўплаб бошқа нарсалар кўчирилиб ётган бир пайтда, халқ манфаати учун илғор тажрибаларни «кўчириш» кечиримли бўлса керак). Илғор тажрибалар ҳақида батафсил тўхталишдан олдин, айнан мактабгача таълим ҳамда бошланғич синф ўқувчилари ҳақида фикр юритаётганимнинг яна бир сабабини айтсам: айни шу ёшдаги болажонлар берилган янги билимларни тез ўзлаштира оладиган даражада зеҳнли ва ҳамма нарсага жуда қизиқувчан бўлишни тақозо қиладиган даражада ижобий маънода билимсиз бўладилар.

Ривожланган давлатлардаги музейларнинг Ўзбекистон музейларидан битта катта фарқи бор. Одатда, «марказий» ёки «миллий» мавқеига эга бундай музейларда албатта илм-фан бўлими мавжуд. Лувр музейига кирган зиёратчи мактаб ўқувчиларининг қадимги Миср бўйича реферат тайёрлаш учун «жонли тарих»дан фойдаланаётганини кўрмай иложи йўқ. Сингапур илм-фан музейида эса салгина чизишни билган боғча боласи ҳам ўз ижод намунаси бўлмиш фазовий кема расмини 3 ўлчам кўринишида фазода учаётганига гувоҳ бўла олади. Шотландия миллий музейи илм-фан бўлимига борган болакай Долли исмли қўйни клонлашга оид қизиқарли фильмни томоша қилиб завқланади. Бундай муҳитда мактабда ўқитилаётган билимларни ҳақиқий ҳаётда жонли тарзда қўллай олган болада илм-фанга нисбатан кучли иштиёқ туғилиши табиий, албатта.

Демак, юқоридаги «нима қилмоқ керак?» деган саволга жавобан бир неча ғояларни бериш мумкин.

Аввало, тарбиячи ва ўқитувчилар ҳашар, қишлоқ хўжалик ишлари, шаҳар ободончилиги ҳамда турли иш ҳужжатларини тўлдиришдан бўшаган вақтларида фанларни сидқидилдан, болаларни қизиқтириб ўтишга уринмоқлари лозим. Албатта бу масала педагогнинг шахсий профессионал савияси ва иш услубига бориб тақалади.

Кейинги ўринда, бола боғчада ёки мактабда олган янги билимларини ҳақиқий ҳаётий вазиятларда қўллаб кўра олиши учун уларга атаб илм-фан марказлари (бутун бошли музейдан умид қилишга ҳаддим сиғмайди) ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Токи, улар илм-фанга қизиққан ёшлар учун мактабдан кейинги энг севимли жойга айлансин. Бироқ, афсуски, оддий ўрта мактабларни энг керакли моддий техника базаси билан таъминлаш оқсаб турган бир даврда, иккинчи таклифнинг тез орада амалга ошишини кутиш ақлдан эмас.

Ҳар қандай муаммони кўтарган шахс, шу муаммони ҳал қилиш учун эртагаёқ қўйилиши мумкин бўлган қадамни, ечимни таклиф қила олиши шарт, деб ҳисоблайман мен. Юқоридаги икки таклифнинг амалга ошиш муддатлари мавҳум эканлигини ҳисобга олсак, хоҳлаган ўқувчи ўзи шу мақолани ўқибоқ қўл уриши мумкин бўлган бир ечим бор.

Уйингизни илм-фан марказига айлантиринг! Қандай қилиб? Мен таклиф қилаётган ечимнинг қулайлиги шуки, уни амалга ошириш учун сиздан на қимматбаҳо асбоб ускуна, на ноёб моддалар талаб қилинади. Энг оддий мисолларни олайлик: магнит майдони ҳоcил қилиш учун тароқ ва сочли бош етарли; сув музлаганда кенгайишини кўрсатиш учун бир парча муз ва идишда сув кифоя; шиддатли кимёвий реакцияга гувоҳ бўлиш учун газли сув ва ошхона содаси бўлса, бўлди. Бу рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин.

Ўқувчида табиий савол туғилиши мумкин: «Ахир, бунга ўхшаган тажрибалар телевидениеда жуда кўп кўрсатиладику?». Тўғри, лекин ҳаётни энди таниб келаётган бола учун бундай «мўъжиза»нинг унинг кўз олдида рўй бериши, ва ҳаттоки болакайнинг унда шахсан ўзи қатнашиши мумкинлиги бундай тажрибалар таъсирчанлигини минг чандон оширади.

Ғояга қизиққан, лекин ишни нимадан бошлашни билмаётган ота-оналарга эса, илҳом олиш учун интернет кенгликларида керакли видео дарслар тўлиб ётибди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда илм-фан тараққиётини кескин ривожлантириш ҳаётий заруратдир, зеро бизнинг миллат сифатидаги истиқболимиз айнан шунга боғлиқ. Гарчи давлатимиз томонидан бу йўналишда иш олиб борилаётгани эҳтимолдан холи бўлмасада, мамлакат келажагига бефарқ бўлмаган фуқаро учун ҳозироқ енгни шимариб ишга киришиш имкониятининг борлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Ташаббусни бироз ўз қўлимизга олишни ўргансак, бўлди.

Искандар Саттибоев

Мавзуга оид