«Ижтимоий фикр»: Аксари ўзбекистонликлар «тақдирим, келажагим Ватан билан муштарак» дейишмоқда
Иқтисодий глобаллашув кучайиб бораётган бугунги кунда инсон ресурслари ҳаракатининг шакл ва йўналишлари, бошқача айтганда, миграция оқими тобора жадал тус олмоқда. Албатта, кимдир замонавий билим эгаллаш, даволаниш учун хорижга йўл олади. Бошқа биров эса турмуш шароитини яхшилаш мақсадида мусофирчиликда юриб бўлса ҳам, сердаромад ишнинг бошини тутишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон халқаро меҳнат бозорининг тўлақонли аъзоси сифатида миграция жараёнидан четда қолгани йўқ. Фуқароларимизнинг хорижда ишлаш, муайян касб ва ихтисослик бўйича чет эл тажрибаларини ўрганиш ҳуқуқи кафолатланган. Бироқ мўмай маош илинжида ўзга юртларга ноқонуний йўл билан кетган ҳамда одам савдоси қурбонига айланаётганлар ҳам учраётгани оғриқли муаммоларимиздан биридир.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги сўров шу нуқтаи назардан ўта долзарб аҳамиятга эга.
«Миграция жараёнлари — жамоатчилик фикри кўзгусида» мавзуида фуқароларимизнинг кайфиятини, меҳнат миграциясига муносабатини ўрганиш, ижтимоий ҳолатини, ҳуқуқий саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадлари кўзда тутилган сўровда юртимизнинг барча ҳудудидан турли миллатга мансуб 1 минг 100 нафар киши иштирок этди. Айтиш керакки, респондентлар орасида давлат корхона ва муассасаларида ишлаётганлар ҳам, фермер, тадбиркорлар ҳам, талабалар ҳамда ўқувчилар, пенсионер ва ишсизлар ҳам бор.
Ким хорижга йўл олмоқда?
«Сизда Ўзбекистон Республикасини тарк этиш ва доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кетиш истаги борми?»
Ушбу савол билан бошланган сўровда респондентларнинг мутлақ катта қисми — 97,1 фоизи Ўзбекистонни тарк этишни асло истамаслигини, ўз келажагини шу юрт билан боғлиқ ҳолда кўришини билдирган. Фақат 1,5 фоиз иштирокчи бошқа мамлакатга кетиш ниятида эканини маълум қилган. Ёш кесимида эса 18–19 ёшлилар ва 20–29 ёшлилар гуруҳидаги респондентлар миграцион кайфиятга кўпроқ мойил.
Тадқиқотга кўра, 62,5 фоиз эҳтимолий мигрантларнинг мамлакатдан кетиш ҳақидаги қарори узил-кесил эмас ҳамда улар доимий ва даромадли иш топишса, ўз касбий ва интеллектуал салоҳиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлишса, чет элга жўнаш фикридан воз кечишга тайёрлар.
Сўров натижаларига мувофиқ, меҳнат мигрантининг тахминий ижтимоий қиёфасини яратиш мумкин, бу:
• 20-49 ёшлардаги эркак ва аёл, кўп ҳолларда эркак;
• шаҳар ёки қишлоқ жойларида яшайди;
• ўрта махсус ёки ўрта техник маълумотга эга;
• моддий жиҳатдан ўзини ўртадан паст ижтимоий табақага мансуб, деб ҳисоблайди;
• паст малакали ходим;
• малака ва алоҳида куч-ғайрат сарфламасдан тез бойиб кетишга интилувчи.
Жозибадор ва қулай манзиллар
Сўров натижалари эҳтимолий мигрантлар учун қайси мамлакатлар энг жозибадор эканини аниқлаш имконини берди. Аввалги йилларда бўлгани каби ҳозир ҳам ўзбекистонликлар учун Россия Федерацияси энг мақбул мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу тил билишда муаммонинг йўқлиги, оилавий ва маданий алоқалар, таълим тизимларининг ўхшашлиги, визасиз бориб-келиш тартиби мавжудлиги каби омиллар билан изоҳланади.
Шунингдек, 2017 йилда АҚШга кўчиб бориш истагидагилар сони ўсди. Бу йўналиш, асосан, Андижон, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида оммалашгани қайд қилинди. Айни дамда Ғарбий Европага интилаётган респондентлар сони қисқарди ва ҳеч бир респондент Яқин Шарқдаги бирон-бир мамлакатга бориб яшаш ниятини билдирмади.
Салоҳиятли ёшлар ўзимизга ҳам керак!
Ўзбекистон фуқароларининг хорижга йўл олишига асосий сабаблардан бири, бу — таълим олиш билан боғлиқ. Масаланинг ушбу жиҳати алоҳида эътиборга олинган тадқиқотда «Кейинги беш йилда сизнинг оилангиздан кимдир таълим олиш ёки таълим даражасини ошириш мақсадида чет элга борганми?» саволига иштирокчиларнинг салкам икки фоизи «Ҳа» деб жавоб берди. Оила аъзолари чет элда таълим олган ёки ҳозирги вақтда таълим олаётган респондентларнинг кўпчилиги пойтахт аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Аён бўладики, Россия Федерацияси, АҚШ, Жанубий Корея, Европа мамлакатлари ва Хитой — таълим миграциясининг энг оммабоп йўналишларидир.
Фарзандлари чет давлатда таҳсил олган 42,1 фоиз респондентнинг билдиришича, уларнинг оила аъзоси ўқишдан сўнг она-Ватанга қайтган.
9,5 фоиз иштирокчиларнинг жавобига кўра, уларнинг яқин кишиси ўқишни тамомлаган, лекин уйга қайтмаган. Хорижда қолган бу ёш мутахассисларнинг айримлари ўша жойда оила қуриши ҳам уларнинг Ўзбекистонга қайтмаслигига сабаб бўлмоқда.
Сўров натижалари хорижда илм олган ёшларнинг Ватанга қайтиши учун ишга жойлашиш ва касбий мослашувнинг қулай шароитларини яратишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, бизнес-инкубаторлар ва технопарклар барпо этишни кенгайтириш зарурлигини кўрсатди. Зеро, билимли, салоҳиятли ёшлар ўзимизга ҳам керак!
Уй қуриш, тўйлар қилиш илинжида...
Ташқи меҳнат миграцияси бугун фуқароларимизнинг узоқ-яқин ўлкаларга йўл олишига туртки бераётган бош омиллардан экани барчамизга яхши маълум.
2015–2017 йиллардаги сўровлар натижаларига мувофиқ, меҳнат миграциясига кетиш истагини билдирганларнинг катта қисмини эркаклар ташкил қилади. Пул топиш учун фуқаролар бошқа мамлакатга кўпинча бир йил муддатга (26,7 фоизи), камроқ ҳолатда икки йил муддатга боришни афзал кўришади (15,8 фоизи). Ишлаш учун узоқ муддатга кетмоқчи бўлганлар фоизи у қадар юқори эмас.
Қизиғи, бошқа мамлакатда ишлаш учун кетиш истагидаги респондентлар улуши шаҳарда ҳам, қишлоқ жойларда ҳам бир хил.
Хорижда ишлаш учун сабаблар турлича. Сўров фуқароларнинг қайси мақсадда меҳнат миграциясига интилишларини аниқлашга имкон берди. Сўралган ҳар иккинчи фуқаро ишлаб топган пулига уй-жой, ер участкаси, автомобиль сотиб олишини кўрсатган. Ҳар тўртинчи респондент тўй маросимларини ўтказиш, болаларининг ўқиши учун тўловни амалга ошириш ва бошқа ўткир ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш мақсадида меҳнат миграциясига қўшилади. Ҳар ўнинчи респондент ўз бизнесини очиш учун бошланғич капиталга муҳтож. Сўралганларнинг саккиз фоизи ўз ижтимоий мақомини оширишга умид қилади.
Яна бир муҳим жиҳат. Россия Федерацияси Ўзбекистон фуқаролари меҳнат миграциясининг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда. Респондентлар (18 фоизи) ишлаш учун маъқул санаган навбатдаги давлат Жанубий Кореядир. Бинобарин, Жанубий Корея меҳнат миграцияси бўйича Ўзбекистоннинг яқин шерикларидан бири ҳисобланади. Ушбу учлик сўнгида эса АҚШ турибди.
Меҳнат ҳақи яхши тўланса, бас
Тадқиқотда меҳнат миграцияси мамлакатини танлашда юқори иш ҳақи омилини шаҳарликлар қишлоқ аҳолисига нисбатан, аёллар эса эркакларга нисбатан кўпроқ эътироф этдилар. Уларнинг аксарияти тез ва салмоқли даромад келтирадиган, қўшимча таҳсилни талаб қилмайдиган соҳаларга ишга жойлашишни хоҳлашади. Шу маънода, қурилиш соҳасида ишлаш меҳнат мигрантлари учун айни муддаодир. Қолаверса, бу йил савдо соҳасида ишлашни истайдиганлар сони камайди, хизмат кўрсатиш ва транспорт соҳаларида ишлашни мўлжаллаётган респондентлар сони ўсди.
Сўровда эркакларнинг ҳар иккинчиси ишлаш учун қурилиш, 15,4 фоизи йўловчи ва юк ташиш, 10,8 фоизи хизмат кўрсатиш соҳаларини танлаган. Аёллар эса болаларни, кекса ёки бемор кишиларни парваришлаш (40,6 фоиз), савдо (12,5 фоиз), хизмат кўрсатиш тармоқларида ишга жойлашишни истайдилар.
Дарвоқе, меҳнат бозорида шаҳарликларнинг ўзига ишончи қишлоқ аҳолисига нисбатан кучлироқ экан.
Мигрант ижтимоий қиёфаси
Таҳлиллардан кўринадики, чет давлатда муайян муддат ишлаб, кейин она-юртга қайтиш истагидаги респондентлар сони, ўтган йиллар натижалари билан қиёслаганда, бир оз камайди ва сўров ўтказиш пайтида 9,2 фоизни ташкил қилди. Ҳудудлар кесимида кўрилганда, кўпроқ Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари аҳолиси четга кетиш истагида бўлиб, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида пул топиш учун мамлакатни тарк этишга интилувчи фуқаролар сони камайган.
Сўров натижаларига асосланиб, меҳнат мигрантининг ижтимоий қиёфасини шундай таърифлаш мумкин: у 20–49 ёшлар ўртасида, ўрта махсус ёки ўрта техник маълумотга эга, моддий жиҳатдан ўзини ижтимоий паст табақага мансуб, деб ҳисоблайди ва қисқа фурсатда бойиб кетишни истайди.
Қонунийлик — хотиржамлик кафолати
Мазкур тадқиқот яна бир диққатга молик маълумотни тақдим этди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёрдамида бошқа мамлакатга кетиш истагидаги фуқаролар сони ўтган йилдагига нисбатан ўсди. Хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахслар орқали меҳнат миграциясига кетиш ниятидаги фуқаролар сони пасайиш тенденциясига эгадир.
Бу шундан далолат берадики, мигрантлар хорижга қонуний тартибда кетишнинг афзаллигини янада теран англамоқда ва чет элда расман ишга жойлашиш имкониятидан фойдаланишни кўпроқ хоҳламоқдалар. Респондентлар фикрича, нолегал миграция ва мигрантларнинг одамфурушлар тўрига тушиб қолиши билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш керак. Бунинг учун ёшлар, айниқса, уюшмаган йигит-қизлар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш, нолегал миграция устидан назоратни кучайтириш, аҳолининг ташқи миграция бўйича хабардорлик даражасини ошириш ва маҳалланинг салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, меҳнат мигрантлари, шунингдек, одам савдоси жабрдийдалари бўлган кишиларга кўмаклашувчи муассасалар ишини жонлантириш ҳаётий заруратга айланди.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида
Ф. МАҲКАМОВА тайёрлади.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
17:03 / 29.10.2024