Жамият | 20:07 / 29.08.2017
54859
5 дақиқада ўқилади

«Темурбеклар мактаби»: Буюк сиймога муносиб авлодни тарбияловчи маскан

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Ўзбекистон раҳбарияти барча соҳаларда бўлгани каби ҳарбий йўналишда ҳам кенг қамровли ислоҳотларни ўтказишга эътибор қаратмоқда. Хусусан, куни кеча 28 август куни Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон” полигонида ўтказилган ҳарбий ўқув машқларини бевосита кузатди. Шундан сўнг, Самарқандда мамлакат Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор ҳам бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сонли Фармонига мувофиқ, Буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда Республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилиши ҳам шу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисмидир.

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Мазкур Фармон замирида бугунги ва келажак авлодларга Амир Темур ҳазратларининг ҳарбий, маънавий меросини етказиш, энг муҳими, аждодларимиз амалга оширган буюк ишлар тўғрисидаги билимларимизни чуқурлаштириш ва ривожлантириш, замонавий илмий тафаккурни янада жонлантириш ва олинган билимларни келажак авлодларга етказиш борасида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Албатта, бу жараёнда ўқувчи-ёшларимизга буюк соҳибқирон бобомизни ибрат қилиб кўрсатиш, у кишининг ҳарбий саркардалик маҳорати, ўз она Ватани озодлиги ва равнақи йўлидаги оламшумул ишларини, давлатчилик куч-қудратини ўргатиш, улардек мард, қатъиятли, бир сўзли, адолатпарвар, теран фикрли авлодни тарбиялаш каби масъулиятли вазифа «Темурбеклар мактаби» жамоаси олдига қўйилди.

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Шу боис Тошкент шаҳридаги ҳарбий лицей жамоаси мазкур шарафли вазифаларни сидқидилдан амалга оширишга киришди. Ўқув ва тарбиявий режалар танқидий кўриб чиқилиб, қайтадан тузилди. Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида барча ўқув ва лаборатория хоналари, ўқувчиларнинг турар жойлари ҳамда машғулотлар олиб бориладиган барча бино ва иншоотлар, ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик майдончалари шай ҳолатга келтирилди. Зеро, «Темурбеклар мактаби», ҳеч шубҳасиз, мардлик, қатъиятлилик мактаби сифатида ёшларимиз ўртасида ўқув юртининг обрў-эътиборини, ҳарбийликнинг қадр-қимматини янада юксакликка кўтаради, ўқувчи-ёшларимиз фахр-ифтихор билан таълим оладиган, буюк сиймога муносиб авлод бўлиб камол топадиган зиё масканига айланади.

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Шу ўринда савол туғилади: Хўш, «Темурбеклар мактаби»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби қандай?

Мазкур мактабга ўқувчиларни қабул қилиш ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 апрелдаги  227-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳарбий академик лицейларга ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Унга кўра, умумтаълим мактабларининг 9-синфларини битирган, умумий ўрта маълумот тўғрисидаги аттестатга эга бўлган, тиббий кўрикда соғлиги ҳарбий ўқишга яроқли деб эътироф этилган, дастлабки, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган Ўзбекистон Республикасининг ёшлари (ўғил болалар) қабул қилинади.

Дастлабки танлов ўқиш истагини билдирган номзодларнинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан ҳар йили апрель ойида ўтказилади.

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Ҳарбий-касбий танлов эса дастлабки танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар билан вилоят мудофаа ишлари бошқармаларида май-июнь ойларида амалга оширилади. Ҳарбий-касбий танлов ўз ичига: номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш, саводхонлик даражасини (диктант) баҳолаш, номзодларнинг психофизиологик даражасини аниқлаш, номзодларнинг жисмоний тайёрланганлик даражасини аниқлаш ва якка тартибда суҳбат ўтказишни қамраб олади.   

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йили июль ойида: она тили (рус тили) ва адабиёти, математика ва физика фанлари бўйича ўтказилади.

Фото: Тошкент Темурбеклар мактаби

Алишер НАЗАРОВ,  Тошкент «Темурбеклар мактаби»  Директори

Мавзуга оид