Ҳитлерга қарши жангдан Арафот тоғигача
Юртимизда яна бир диний-маърифий сайт ишга тушди — AZON.UZ. мазҳабимизга оид турли исломий хабарлар ва таълимотларни тарғиб боришни мақсад қилган. Сайтда эълон қилинган таржима мақолалардан бири — «Саудия газетасида ўзбеклар ҳақида мақола: Ҳитлерга қарши жангдан Арафот тоғигача»ни эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик.
«SaudiGazette» нашри ҳозирги кунда Саудия Арабистонида ҳаж ибодатини адо этаётган ўзбекистонлик уруш фахрийлари ҳақида мақола тайёрлади.
Иккинчи жаҳон урушида ўлдирилган 16 миллион одам орасидан собиқ иттифоқ армияси учун жанг қилган фақат саноқли ўзбекларгина бир талай жароҳатлар билан бўлса-да, урушдан тирик қайтишга муваффақ бўлдилар. Урушдан сўнг уйларига чалажон ҳолатда қайтган бўлишларига қарамай, шу дийдор насиб этган оз сонли инсонлардан эканликлари учун шукр этардилар.
Айни дамда ҳаж мақсади билан Маккада бўлиб турган уруш фахрийларининг уч нафари билан газетамиз мухбири уруш майдонидаги хотиралари ҳақида ақлбовар қилмас ва ажиб ҳикояларни ёзиб олиш мақсадида учрашди.
Ҳозир ҳаёт бўлган уруш фахрийларининг айни кундаги ёшлари 90-108 орасида. Улар бундан 26 йил муқаддам мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг фахр-ифтихорларидир. Айнан шу инсонлар Ҳитлер бошчилигидаги фашист армиясини енгишда жонбозлик кўрсатганлар.
Улар ўз ватанларида ҳам доимо ҳукумат ва халқ эътиборидалар ҳамда ҳар йили уларга атаб махсус байрамлар уюштирилади. Улар учун доимий равишда бепул тиббий хизмат, уй-жой ва ер-мулк, шу билан биргаликда автомобиллар ҳам ажратиб келинади.
Бу йил Ўзбекистон ҳукумати уларнинг азалий орзуларини амалга ошириш йўлида яна бир катта қадам ташлаб, уларнинг бир нечаларини ҳаж амалини бажариш учун Маккага юборди. Сафарга ва ҳаж арконларини бажаришга қодир бўлган фахрийларга уч шифокор уларнинг соғлиқларидан доимий бохабар бўлиш учун қўшиб берилди. Маҳаллий журналист 77 йил олдин содир бўлган уруш ҳақидаги хотираларини тинглаш учун нуронийлар билан учрашди.
95 ёшли Турғун Йўлдошев 1941 йили қишлоқдошлари билан биргаликда урушга йўл олади. Орадан 3 йил ўтгач, у қуролдош дўстларисиз бир ўзи қишлоғига қайтади. У нафақат дўстларидан, балки жанг майдонида унинг яқинида портлаган граната сабабли бир оёғидан ҳам айрилган эди. «Ўша машъум ҳодиса худди кечагидай ёдимда», дейди у. 1944 йил январь ойида Собиқ иттифоқ жангчиларини 872 кунлик оғир қамалдан қутилиб чиқиб кетишида жонбозлик кўрсатганлардан бири айнан у эди. Шу муддат давомида у оиласига бор йўғи бештагина хат юборишга муваффақ бўлган, холос.
У 1942 йил ортидан ўқ еб ва яқинидаги мина портлаши сабабли икки марта ўлимдан қолгани учун Аллоҳга шукрона қилишдан чарчамайди. Урушдан қайтгандан сўнг у уйланади ва айни кунда отахоннинг 3 қиз, 4 ўғил фарзанди бор.
Бугун у ўзининг 70 йиллик орзуси бўлган ҳаж ибодатини умрида биринчи бор адо этяпти. Отахоннинг ҳозирги кунда, уруш ҳақидаги ҳикояларини севиб тингловчи 76 нафар набираси бор. Отахон уларни ҳар доим ҳарбий ҳаракатлардан узоқ бўлишга ва таълим олишга қаттиқ эътибор қаратишга тарғиб этиб келади.
Ҳозирги кунда 96 ёшда бўлган Зулун Раҳим ҳам Берлинда бўлган жангларда қатнашган собиқ жангчилардан. Отахон уруш йилларида жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказган ва бир неча бора ўлим чангалидан омон чиққан эканлар. Орадан йиллар ўтиб юртига қайтиб уйланган отахон, ҳозир умридаги биринчи Ҳажини адо қиляпти. Отахон муқаддас Каъбани ўраб турган Масжидул Ҳаромда ибодат қилиш неъмати насиб этгани учун бениҳоя бахтиёр.
Уруш майдонида у киши бир неча вазифани бажаришга масъул эди. Симсиз алоқа воситалари ва катта юк машинасини бошқариш айни шулар жумласидандир. У дайди ўқ қурбони бўлиш ёки душман ўқидан ҳалок бўлмаслик учун тўқилган узун симлар ёки шох-шаббалар орасидан эмаклаб узоқ масофаларни босиб ўтганини эслайди. Урушда кўрсатган бир нечта қаҳрамонликлари сабаб отахон ҳалигача фахр билан тақиб юрадиган бир нечта кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ҳозирги кунда 60 набиранинг бобоси бўлган бу нуроний 2 миллион одамни ёстиғини қуритган уруш комидан ҳеч қандай жароҳатларсиз чиқиб келганидан мамнун.
106 ёшли Иброҳим Убайдуллоҳ эса ўз сафдошлари билан 1941-1944 йилларда жанубий Молдова фронтида жанг қилган. Фақат мўъжиза туфайлигина 3 марта ўлимдан қолган. У ҳозир ҳам анча тетик ва Арофат кунини сабрсизлик билан кутмоқда.
Отахон биринчи марта улар жойлашган ҳудуд немислар томонидан ҳаводан туриб бомбаланганда ўлимдан омон қолган. Ундан бошқа барча аскарлар шу ҳужум натижасида ҳалок бўлганлар. У қароргоҳ томон қайтаётган ва бўлган воқеа ҳақида катта офицерга сўзлаб бераётган чоғда кўз ўнгида офицерни ҳам бошига мерган отган ўқ тегиб, ҳалок бўлади.
Убайдуллоҳ эса дарҳол ўлимга чап бериб ерга ётиб олади ва яна омон қолади. Яна бир сафар граната қолдиқларидан жароҳатланганда, уни жуда оғир аҳволда касалхонага олиб келадилар. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлсаларда, тузалмас оғир жароҳатлар сабаб уни урушга яроқсиз дея уйига жўнатиб юборадилар.
Отахон икки марта уйланган. Биринчи аёли бундан 15 йил илгари вафот этиб кетган бўлса, кейинги аёли турмушидан бир неча йил ўтиб вафот этади. Ҳозирда отахоннинг 100 дан ортиқ набиралари бор.
Мавзуга оид
08:16 / 28.08.2024
Маккада қийин аҳволда қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
18:28 / 24.06.2024
Ҳаж мавсумида вафот этганлар сонининг кўплиги сабаблари маълум қилинди
20:14 / 20.06.2024
Маккада жазирама туфайли ҳалок бўлганлар сони мингдан ошди
14:26 / 19.06.2024