Жамият | 19:03 / 08.09.2017
10152
4 дақиқада ўқилади

Суд-ҳуқуқ йўналишида фаолият юритувчи журналистлар учун ўқув курслари ташкил этилди

7-8 сентябрь кунлари “Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида қалам тебратувчи журналистлар учун икки кунлик ўқув курси ташкил этилди. 

Ундан кўзланган мақсад, журналистларни Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимининг либераллашуви ва демократлашуви масалаларини ОАВда ёритишга ихтисослаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинларини таъминлашда олиб борилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда ОАВ масъулиятини ошириш, жамият ҳаётининг барча жабҳасида қонун устиворлигини сўзсиз таъминлаш, журналистлик суриштируви ўтказишда касб одобига риоя қилиш, судлар ва ОАВ ўртасида самарали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш муаммоларини муҳокама ва таҳлил қилиш бўлди. 

“Журналистларнинг суд-ҳуқуқ соҳасини ёритиш ва журналист суриштирувини ўтказишга оид касбий малакаларини ошириш” мавзусида ташкил этилган ўқув курсида ОАВ транспарентлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашда халқаро тажриба, миллий амалиёт ва бу борадаги ҳуқуқий асослар таҳлил қилинди. 

Унда “Нуроний” газетаси бош муҳаррири, ҳуқуқшунос-журналист Олимжон Ўсаров маърузачи сифатида қатнашди. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ўқитувчиси, филология фанлари доктори Ёқутхон Маматова ҳамда Халқаро юристлар уюшмаси мутахассиси Гулнора Эшонхўжаевалар эксперт сифатида иштирок этишди. 

Ўқув курси доирасида:

-  суд жараёнларини алоҳида илмий-амалий муаммо сифатида ёритилиш масаласи миллий матбуотда мавжудлиги, уларнинг объектив ва субъектив сабабларини кўрсатиш;

-  журналистларга профессионал даражада ўзлаштиришлари ўта муҳим бўлган, аммо услубий жиҳатдан мураккаб ўзига хос юридик фикрлаш, қарашлар, тушунчалар, ибора ва жараёнлар;

-  суд жараёнлари акс эттирилган мақолаларни таснифлаш, матбуот тили, услуби ва жанри нуқтаи-назаридан таҳлил қилиш, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-тарбиявий аҳамиятини ўрганиш; 

-  миллий ва жаҳон матбуотида суд жараёнларини ёритишнинг ўзига хосликлари ва муаммоларини қиёсий таҳлил қилиш;

-  журналистларнинг судлардан маълумотларни олиш ва уларни тарқатишда ихтисослашувининг зарурати ва моҳияти, шунингдек, аккредитация институти;

-  журналистиканинг ихтисослашуви нуқтаи-назаридан “судларнинг транспарентлиги” тушунчаси, маъноси, шакли ва услубларининг хусусиятлари, шунингдек, журналистика самарадорлигига ижобий таъсир таҳлили;

-  суд-ҳуқуқ журналистикасининг фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамоат фикрини шакллантириш ҳамда суд мажлисларида очиқлиқ тамойилини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти каби масалаларга эътибор қаратилди, бирма-бир таҳлил ва муҳокама қилинди. 

Ўқув курси тингловчиларининг эътибори яна бир долзарб масалага қаратилди. У ҳам бўлса журналистлик суриштирувини ўтказишдир. Қайд этилганидек, журналистлик суриштируви фақатгина бир соҳани қамраб олувчи тор тушунча ёки амалиёт эмас. Бунда ҳар қандай мавзу бўйича тадқиқот олиб бориш ва уни ҳал этиш йўлларини қидиришда журналистнинг тажрибаси ва маҳорати жуда муҳим ўрин тутади. 

Бу йўналишда фаолиятини олиб борувчи журналист ахборот олишнинг кузатиш, интервью олиш, суҳбатлашиш, ҳужжатларни таҳлил қилиш кабилардан фойдалана олиши таъкидланди. Шу билан бирга, журналистлик суриштируви олиб борувчи мутахассиснинг ўша соҳада кенг ва чуқур билим эгаси бўлиши кераклиги алоҳида ўрин тутади. 

Икки кунлик тадбир якунида Жамоат фонди томонидан шу каби ўқув курсларини шу ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам доимо тизимли равишда ташкил этиш зарурлиги қайд этилди ва келишиб олинди.

Мавзуга оид