Иқтисодиёт | 20:21 / 13.09.2017
19780
6 дақиқада ўқилади

Солиқ мониторинги нима?

Фото: Shutterstock

"Солиқ кодекси"га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида  жойлаштирилган бўлиб, у солиқ назоратининг янгича шакли — солиқ мониторингини назарда тутади. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.

Солиқ мониторинги нима?

Солиқ мониторинги деганда лойиҳада солиқ тўловчиларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда давлат солиқ хизмати органлари (кейинги ўринларда - ДСХО) ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида календарь йил мобайнида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг шакли тушунилади.

Солиқ мониторинги мобайнида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисоблаб ёзилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши назорат қилинади.

Давлат хизматидан ким фойдаланиши мумкин?

Солиқ тўловчи солиқ мониторингини ўтказиш ҳақидаги ариза тақдим этилаётган йилдан олдинги йил якунларига кўра микрофирма ва кичик корхона тоифасига кирмаган ёки ўтган йилдаги товар айланмаси 10 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган тақдирда (агар жумласига кирса) давлат солиқ хизмати органига солиқ мониторингини ўтказиш ҳақидаги ихтиёрий ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Солиқ мониторинги ҳақидаги қарор қандай қабул қилинади

Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги ариза (ДСҚ томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича) солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган жой бўйича ДСХОга солиқ мониторинги ўтказилишидан аввалги йилнинг 1 июлидан кечиктириламасдан (яъни, камида ярим йил олдин мурожаат қилиш талаб этилади – таҳр.) берилади.

Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги ариза билан бирга ўзаро ахборот алмашиш регламенти ҳам тақдим этилади (регламентнинг шакли ва талаблари ҳам ДСҚ томонидан тасдиқланади).

ДСХО тақдим этилган ариза ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқиб, 1 октябрга қадар қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) солиқ монторингини ўтказиш тўғрисидаги қарор;
2) солиқ монторингини ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор.

Рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун қуйидагиларни тан олиш таклиф этилмоқда:

1) солиқ тўловчи томонидан солиқ мониторингини ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;
2) солиқ тўловчининг қўйилган талабларга мувофиқ келмаслиги (юқорига қаранг);
3) ўзаро ахборот алмашинув регламенти ДСҚ томонидан тасдиқланган шакл ва талабларга мос келмаслиги.

Солиқ монторингини ўтказиш (ўтказишни рад этиш) тўғрисидаги қарор қилинганидан кейин 5 кун ичида солиқ тўловчига ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда хабарнома юборилади.

Шу тариқа, солиқ мониторингини ўтказиш учун 3 та ҳужжат  асос бўла олади: солиқ тўловчининг аризаси, солиқ тўловчи ва давлат солиқ хизмати органи томонидан тузилган ўзаро ахборот алмашинуви регламенти ҳамда давлат солиқ хизмати органининг солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги қарори.

Солиқ мониторинги қандай ўтказилади?

Солиқ мониторинги уни ўтказиш тўғрисида ариза берилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан 31 декабргача бўлган даврни қамраб олади. Аммо ушбу давр бўйича ишлар 31 декабрдан кейин - кейинги йилнинг 1 июнига қадар ҳам ўтказилади.

ДСХО солиқ мониторингини ўтказишда солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ зарур ҳужжатлар (ахборотлар), тушунтиришларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Талаб қилинган ҳужжатлар (ахборотлар), тушунтиришлар 10 кунлик муддатда тақдим этилиши керак.

Уларни тақдим этишнинг имконияти бўлмаган тақдирда солиқ тўловчи талабнома олинган пайтдан эътиборан 3 кунлик муддатда тегишли ДСХОни сабабларини ва қайси муддат ичида тақдим этишини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

Ҳужжатларни ўрганган ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаган ДСХО солиқ тўловчига асосланган фикрини юборади. Бундан ташқари, Солиқ тўловчида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ёки ўз вақтида тўланиши бўйича шубҳалар ёки ноаниқликлар мавжуд бўлганда солиқ мониторингини ўтказаётган ДСХОга асосланган фикрни тақдим этиш ҳақидаги сўровнома юборади (сўровномада ўзининг фикрини баён этиш ҳам талаб этилади).

Фикрни тайёрлаш муддати – бир ойгача узайтирилиши  ҳуқуқи билан 10 кунни ташкил этади. Фикр тузилган вақтдан бошлаб 3 кун мобайнида солиқ тўловчига юборилади.

Солиқ тўловчи асосланган фикр билан рози бўлмаган тақдирда ДСХО унга ўз эътирозларини асосланган фикр олинган кундан бошлаб бир ой ичида тақдим этишни сўрайди. Эътирозларни олган ДСХОни уларни олган кундан бошлаб 3 кун ичида ўзаро келишув жараёнини ўтказишни бошлаш учун юқори турувчи ДСХОга юбориши шарт.
 
Ўзаро келишув жараёни ДСХОнинг юқори турувчи органи материалларни олган кундан бошлаб бир ой ичида асосланган фикрни тузган ДСХО ва эътирозларни тақдим этган солиқ тўловчи иштирокида ўтказилади. Ўзаро келишув жараёнининг натижаларига кўра тузилган хабарнома 3 кун ичида солиқ тўловчига юборилади.

Солиқ тўловчи учун қандай имтиёзлар кўзда тутилган?

Фаолиятида солиқ мониторинги қўлланилган солиқ тўловчиларга нисбатан камерал назорат ва режали солиқ текшируви ўтказилмайди. Қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши  ёки рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид