KUN.UZ сайтида чақирув қилган фуқаро томонидан калтакланган «тез ёрдам» врачи ҳақидаги мақола эълон қилингач, шу соҳа вакилларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳолат халқимиз орасида тизимли кўриниш олгани кишини қайғуга солади. Ана шундай хатлардан иккитасини эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик. Уларнинг мазмуни деярли бир хил.

Салом, KUN.UZ! Тўғрисини айтсам, ўқитувчини урган ҳоким ҳақидаги мақолани ўқиганимда жуда ачиндим, лекин врачни уришганини ўқиб, рости, бу икки касб хор бўлаётганини кўз ўнгимда кўриб, қоним қайнаб кетди...

Ўзим айнан «тез ёрдам» врачи бўлиб 3 йилга яқин ишладим ва бу мақоладан сўнг менда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлгани бирма бир кўз олдимдан ўтди.

Агар биринчи ҳолатга назар соладиган бўлсак, ҳокимнинг мактаб директорини уришига, уни ҳақоратлашига ҳадди сиғишининг сабаблари бор. Ўзим ўқитувчи фарзанди бўлганлигим сабабли буни яхши биламан. Баъзида отамдан сўрайман: «Ота, мактаб директорининг ойлиги атиги 700–800 минг атрофида бўлса, ҳали туманга, ҳали вилоятга мажлисга чопади, шунча ур-сўкларга шу ойлик арзийдими, яна шунча тарсаки еган директор аламини ўқитувчидан олиб, коллективга ёмон кўринишга, элу-халқ олдида кулгу бўлишга арзийдими шу», десам, отам: «Ҳа энди, униям оладиган жойи борку, шуларга чидаб юрибди», деб қўя қолади. Менинг фикримча, оддий ўқитувчини шунақа калтакласин ҳоким, ўқитувчи ўзи билади нима қилишни. Ҳокимнинг олдида тили қисиқ директор индамай калтакни еб қўя қолади.

Врачлар масаласига келсак, ҳамма босим бирламчи бўғин бошида синди: ҚВП, поликлиникалар, «тез ёрдам». Ҳозирда врачлар ноиложликдангина бу ерларда ишлаши ҳеч кимга сир эмас.

Яқингача, аниқроғи 31 мартгача ҳатто дориларни айтмай, спиртгача чўнтагимиздан сотиб олардик. Дорилар берила бошлагандан маш-машалар бошланди. Бир «ёзувчи» касалникига борганим эсимдан чиқмайди: бизга берилмайдиган дорини қилишимни талаб қилиб роса уришганди, «сени порталга ёзаман», деб роса дағ-даға қилганди. Биз бечоралар йиллаб чўнтагимиздан дори олиб бориб, яна раҳмат ўрнига туҳмат эшитсак ҳам оғир бўлиб тургандик.

10 йиллик ўқиш 700 минг ойлик учунмиди?! Ўқишга грандга кириш учун 3 йил топширганман, ҳаттоки тўлов-шартнома асосида ўқишга кириб, ташлаб, қанча қанча репититорларга пул тўлаб ўқишга кириб, азоб билан ўқиганман. Шу 3 йил «тез ёрдам»да ишлаб, рости, умримга ачиндим.

Касбимни яхши кўраман, яхши кўрмасам шунча йўлни босмасдим, лекин юракдан ўйлаб кўринг, эртага янги оила қурадиган, оила боқадиган, 10 йил ўқиган олий маълумотли шифокор 700 минг ойликка ишлаши тўғримикан? Бунинг устига, унга ҳар ким қўл кўтарса, таҳқирласа?