Иқтисодиёт | 10:58 / 18.09.2017
29686
13 дақиқада ўқилади

Эксперт: Валютанинг норасмий курси вақт ўтиши билан йўқолиб кетиши керак

Фото: KUN.UZ

Валюта сиёсатини либераллаштириш — ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим шарти. Шу маънода, бугунги кунда юртимизда ўзбек сўми барқарорлигини ­мустаҳкамлашнинг янги механизмларини жорий этиш қизғин муҳокама қилинаётган долзарб мавзулардан ­бирига айланди.

Иқтисодий тадқиқотлар маркази бош илмий ходими Ашурали Худойназаров мазкур соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.

— Миллий валюта мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади, — дейди А. Худойназаров. — Иқтисодиётни ислоҳ этишда асосий эътибор ташқи кредитлар ва заёмларни жалб қилишга эмас, балки маҳаллий ишлаб чиқариш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга, миллий валюта — сўмнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилди. Бунда ички бозорни ўзимизнинг маҳсулотлар билан тўлдириш орқали сўмнинг ­истеъмол қувватини мустаҳкамлаш, пул-кредит сиёсатининг изчиллигига, ички бозорда истеъмол товарлари ҳамда пул маблағларининг мутаносиблигига ­эришиш диққат-эътиборда бўлди.

Илгари, 90-йилларнинг охирида кўп тармоқли ва барқарор иқтисодиётни шакл­лантириш бўйича белгилаб олинган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда биз учун янги бўлган соҳаларга хориж инвестицияси зарур эди. Дастлаб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида машина ҳамда жиҳозлар импорт қилувчиларга имтиёз ва преференциялар жорий этилди. Олтин-валюта захираларидан манзилли фойдаланиш керак эди-да. Шунинг учун ҳам миллий валютанинг расмий курси ушлаб туриларди. Шундай қилиб, импорт таркибида машина ҳамда жиҳозлар улуши 40 фоизгача кўтарилди, бир-неча ўн йиллар давомида 40 — 45 фоиз даражасида сақланиб турди. Айнан ушбу ёндашув натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистонда автомобилсозлик, нефть-кимё, электротехника сингари саноатнинг бутунлай янги тармоқлари пайдо бўлди. Натижада мамлакатимиз ялпи ички ­маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 32-33 фоизни ташкил этаяпти. Ваҳолонки, айрим экспертлар давлат муайян қиёсий устуворликка эга бўлган соҳаларда ишлаб чиқариш ­билан шуғулланиши керак, деган фикрни айтишади.

Сўнгги йилларда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш сиёсатидан кўзланган мақсадга эришилди. Қиёсий устуворлик яратилди, чет эл ­инвестициясини жалб қилиш суръати эса турғунлашиб қолди. Ўзбекистонда валюта конвертацияси масаласида бир гуруҳ инвестор-импортёрлар, йирик лойиҳалар ташаббускорларигина имтиёз ҳамда ­преференциялардан фойдаланаётганди. Улар ­аслида ўша даврда устувор бўлган тармоқларни ривожлантириш билан ­боғлиқ эди.

Бугун инвесторларнинг ҳаммаси учун бир хил шароит яратиш даври келди. Агар мамлакатда эркин иқтисодиёт ­тамойиллари амал қилмаса, сармоядор киритган капиталини ўз Ватанига қайтариб олиб кета олмаса, унга бундай ҳамкорликдан наф йўқ.

Валюта чекловлари умуман ташқи иқтисодий фаолиятга, жумладан, экспортни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади. Алалоқибат, экспортёрлар чет эл валютасида фойда кўришга ишонмасдан, тушумларни тижорат банкларига миллий валютанинг расмий курсида топширмасликка ҳаракат қилишади. Бунда ҳисоб-фактураларда нархларни манипуляциялаштириш орқали турли “схемалар” ўйлаб топилади.

Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятда собиқ иттифоқ мамлакатларидан ­қолишмайди. Аммо Ўзбекистонга жалб этилаётган инвестициялар ҳали ҳам етарли эмас. Президентимизнинг ­“Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул ­қилиниши билан чет эллик инвес­торларга эшиклар кенг очилиб, барча учун тенг имкониятлар яратиб берилди.

Бу — иқтисодиётда ўта муҳим қадам. Бунинг самараси туфайли яқин келажакда юзлаб замонавий корхоналар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ­фаолияти йўлга қўйилади, кўплаб иш ўринлари ташкил этилади, рақобат муҳити кучаяди. Зеро, валюта сиёсатини либераллаштириш янги ресурсларни ишга солиш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳамда иқтисодиётни тараққий топтиришнинг порлоқ истиқболини яратиш учун қулай шарт-­шароит демакдир.

— Яна қандай ўзгаришлар юз беришини кутишимиз мумкин?

— Фармон, энг аввало, экспортчи корхоналар учун улкан имкониятларни беради. Хусусан, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташқи савдо ­фаолияти барча иштирокчисининг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди. Чет эл валютасида даромад олувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисобварақларидаги чет эл валютасини нақд кўринишида олишлари мумкин. Юридик шахслар жорий халқаро операциялар, яъни товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ҳамда савдо характерига эга бўлмаган бошқа ўтказмалар бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларидан чет эл валютасини чекловсиз сотиб олишлари имконияти яратилди. Бу бизнес ҳамжамиятига тақдим қилинаётган қулай омиллардан кичик бир мисол, холос.

Албатта, хориждан расмий курс бўйича олиб келинадиган маҳсулотларнинг нархи ошиши эҳтимоли йўқ эмас. Чунки долларнинг расмий курси кўтарилиши билан импорт сарф-харажатлари ҳам ортади. Шу сабабли Фармонда иқтисодиёт тармоқларига давлат томонидан молиявий ёрдам бериш, солиққа тортиш механизмлари ва тамойилларини такомиллаштириш, давлат томонидан вақтинча субсидиялар ажратиш, божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш сингари чора-тадбирлар кўзда тутилган. Буларнинг барчаси салбий оқибатларни юмшатишга хизмат қилади.

Тўлиқ маҳаллийлаштирилган ­ишлаб чиқариш корхоналари эса экс­портни кенгайтиришни ўйлаб кўрадиган вақт келди. Чунки экспортчилар сўмнинг девальвациясидан ютишади. Масалан, сўнгги йилларда маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчилар нафақат ички бозорни ушбу қурилиш ашёси билан тўлиқ тўлдириш, айни пайтда экспорт қилиш ­қувватига ҳам эга бўлди. Кейинги 10 йилда мамлакатимизда цемент тайёрлаш ҳажми 3,2 миллион тоннадан 8,25 миллион тоннага ортди. Долларнинг расмий курси сўнгги ярим йилда ошганига қарамасдан, цемент нархи узлуксиз тушиб борди. Бу ҳам ташқи бозордан харидор излаш учун ўзига хос ишора. ­Маиший техника воситаларини ишлаб чиқарадиган “Artel” компанияси Европа бозорларида рақобат қилишга қодир, “Akfa” компанияси ўз маҳсулотларини муваффақиятли равишда экспорт қилаяпти, ўзбек автомобиллари эса хорижлик истеъмолчилар меҳрини қозонгани бугун кўпчиликка маълум. Бундай мисолларни яна кўплаб ­келтириш мумкин.

— Ўзбекистон дунё иқтисодий жараёнларининг фаол иштирокчиси. Валюта сиёсатини либераллаштириш бошқа мамлакатларда қандай кечган?

— Агар жаҳон тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, шуни қайд этиш керакки, мамлакатлар томонидан танлаб олинган йўллар турфа хил. Валюта сиёсатининг давлат томонидан тартибга солиниши салбий оқибатларга олиб келган ёки ижобий натижалар келтирган қатор ­мисоллар мавжуд.

Бир неча валюта курслари ­биринчи марта олтин монометаллизми ва валюта чекловлари жорий қилинганидан сўнг 1929 — 1933 йиллардаги Буюк тушкунлик даврида қўл­ланилган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўплаб мамлакатлар — ХВЖ аъзолари ташкилот уставига хилоф равишда кўплаб валюта курсларини амалда қўллашган. Масалан, ­Францияда ўнта валюта курси амал қилган. Ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталаригача Туркияда оширилган расмий курс билан бир қаторда, дифференцияллашган бошқа курслар ҳам ўрнатилган: импорт бўйича курс; мис импорти бўйича курс; узум ва ёнғоқ экспорти бўйича курс; бошқа товарларни экспорт қилиш бўйича курс.

Мамлакатлар томонидан миллий валютанинг курсини муайян товарлар ёки операциялар бўйича ошириш ­ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот­ларнинг импортини арзонлаштириш, ташқи қарз бўйича реал тўловларни қисқартириш, бир қатор товарлар ­экспортини чеклаш мақсадида ­қўлланилган.

Агар мамлакат тўлов балансининг жорий операциялари бўйича валюта чекловларини бекор қилган бўлса ҳамда унинг бошқа валюталарга алмашувига халақит бермаса, валюта конвертация қилинадиган валюта дейилади. ХВЖ уставининг ўша пайт­даги талаблари молиявий операция­ларга қўлланилмас эди. Фақатгина 70-йилларнинг ўрталаридан қарийб 20 йил давомида мамлакатлар ўз ­валюталарининг молиявий опера­цияларга ҳам конвертация қилинишига ўта бошлашди. Бу жараёнда аксарият давлатлар курснинг жадал тушиб боришини эмас, балки унинг барқарорлигини таъминлайдиган йўлни танлашган.

Дунёда валюта резервларидан фойдаланишда нафақат жорий операциялар, балки чет эл капиталлари, яъни молиявий операциялар бўйича ҳам назорат ўрнатилган ­мисоллар бор.

Дейлик, Осиё молиявий инқирози даврида Малайзия Бош вазири ­Махатхир Муҳаммад 1998 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти
7 фоиз пасайгач, молиявий операциялар бўйича конвертацияни ёпди. Шунинг учун ҳам ваҳимага тушиб қолган сармоядорлар ўз маблағларини олиб чиқиб кета олишмади. Давлат раҳбарининг ушбу қарори дунё ҳамжамияти учун кутилмаган қарор бўлди. Экспертлар унинг энг салбий оқибатлари ҳақида бонг ура бошлашди. Эмишки, инвесторлар ушбу мамлакатни бутунлай тарк этиши мумкин. Аммо ваҳимали прогнозларга қарамасдан, Малайзияда иқтисодий пасайиш тўхтади, мамлакат ялпи ички маҳсулоти келаси йилнинг ўзида 6 фоиз ўсди. Ваҳоланки, минтақадаги давлатларда, жумладан, ­Таиланд, Жанубий Корея, Индонезия, Сингапурда иқтисодий таназзул ҳали ҳам давом этар эди. Орадан кўп ўтмай, яъни иқтисодиёт яна ўсишга чиққач, Малайзияда чет эл капитали ҳаракатлари устидан назорат олиб ташланди. Эътиборлиси, валюта резервлари мамлакатдан чиқиб кетиши ўрнига уларнинг кўпайиши кузатилди. Бу сиёсий ирода, хатарли қадам эди. Аммо пировардида ўзини оқлади. Натижада Халқаро валюта жамғармаси экспертлари Махатхир Муҳаммаднинг қарорини ўз вақтида қабул қилинган қарор, деб баҳолади.

Жуда кўплаб мамлакатларда импорт ўрнини босиш сиёсати, одатда, валютанинг конвертация қилинишини чеклаш сиёсати билан бирга олиб борилади. Мисол учун, ўтган асрнинг 60-йилларида Ганада ЯИМнинг жон бошига реал ҳажми тахминан 200 долларни ташкил қиларди. Корея Республикасида эса бу кўрсаткич 100 доллардан ҳам ошмасди. Ўша пайтларда мазкур мамлакатда ­фақатгина гуруч етиштирилар эди. Эли Хекшер ва Бертил Олин ­сингари Нобель мукофоти ­совриндорлари бўлган машҳур ­иқтисодчилар назариясига кўра, ­Жанубий Корея гуруч етиштиришга ихтисослаштирилиши керак эди. ­Телевизор, музлаткич, айниқса, автомобиль ишлаб чиқариш улар учун эмас эди. Аммо ушбу мамлакат ҳукумати ўз валюта захирасини айнан импорт қилинадиган саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштиришга ҳамда таълим тизимини ривожлантириш, яъни инсон капиталини тўплашга қаратди. 80-йилларнинг охирига келиб, Корея Республикасининг ялпи ички маҳсулоти ҳажми аҳоли жон бошига қарийб 5000 долларга етди. Ганада эса аввалгидек эркин иқтисодиёт тамойили амал қиларди. ЯИМнинг кўрсаткичи эса, бор-йўғи, 400 долларга етди. Бугун эса Жанубий Кореянинг ялпи ички маҳсулоти жон бошига ўртача қарийб 30 минг долларни ташкил этади.

— Мамлакатимизда шу кунга қадар валюта курсининг бир ­нечта расмий ва норасмий курси амал қиларди. Курсларни бир хиллаштириш нима беради?

— Тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларидаги ­курсни шакллантириш учун валюта бозоридаги реал талаб ҳамда таклиф асос бўлиб хизмат қилади. У банклараро нақдсиз операциялар бўйича курсдан фарқ қилиши мумкин. Валюта айирбошлаш шохобчаларидаги курсга келадиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда у банклараро нақдсиз операциялар ­бўйича курс асосида минимал ­маржа билан ўрнатилади. Нақд маблағлар улуши айланмада қанча кўп бўлса, айирбошлаш курси банк­лараро курсдан шунчалик фарқланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда курслар ўртасида фарқ ­сезиларсиз даражада бўлиши учун нақдсиз ҳисоб-китобларга катта эътибор қаратилмоқда. Валютанинг норасмий курси вақт ўтиши билан йўқолиб кетиши керак. Бунга объектив сабаблар, яъни ­бозор механизмларини жорий этиш орқали эришиш лозим. Ушбу курслар ўртасида кескин ­фарқлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик жуда ­муҳим. Бугунги кунда мазкур фарқ энг қуйи даражага етказилди.

Дилдора Раупова
суҳбатлашди.

Мавзуга оид