Қозондаги саммитда БРИКСнинг рамзий купюраси кўрсатилди. У рамзийлигича қоладими?
АҚШ ва Ғарбнинг айрим БРИКС давлатларига нисбатан жорий қилган санкциялари уларни доллардан воз кечишга ундаяпти. Энг асосий ташаббускорлар – Россия ва Хитой. Улар халқаро майдондаги АҚШнинг молиявий ҳукмронлигига барҳам бера оладими?

Фото: РИА Новости
Россия президенти Владимир Путин Қозондаги БРИКС саммитида янги молиявий тизим қуриш таклифи билан чиқиши ҳақида хабарлар тарқалганди. The Economist бунга эътибор қаратиб, бундан асосий мақсад – жаҳон молияси тизимидаги АҚШ ҳукмронлигига зарба бериш ва яқин йиллар ичида БРИКС Bridge номли тизим яратиш режаси ишлаб чиқилаётгани ҳақида ёзди.
Кеча бўлиб ўтган ташкилотнинг кенгайтирилган йиғилишида Россия президентига БРИКСнинг рамзий купюрасини кўрсатишди. Путин банкнотни кулиб қаршилаб, уни Россия Марказий банки раиси Набиуллинага узатди. Кремл матбуот хизмати рамзий купюрани “квазипул” деб атаб, уни БРИКС’га аъзо мамлакатлар олиб бораётган ҳамкорлик рамзи деб таърифлади. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, “квазипул”ни саммитнинг россиялик иштирокчиларидан бири тайёрлаган бўлиб, у Набиуллинага ёқмаган.
Купюрада БРИКС рамзлари, унга аъзо давлатларнинг байроқлари тасвирланган. Номинали – 100 миллион. Рамзий пулни Россия Савдо-саноат палатаси чиқарган бўлиши мумкин.
Путин Россиянинг долларга қарши курашиш мақсади йўқлигини алоҳида таъкидлаб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун бошқа муқобил валюта устида иш олиб борилаётганини айтди.
БРИКС Bridge тизими нима?
БРИКС Bridge тизими – БРИКС давлатлари ўртасида халқаро савдони ривожлантириш ва молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган технологик платформа.
Бу тизим савдо-сотиқни миллий валюталарда амалга ошириш, тўловларни тезкор ва хавфсиз тарзда амалга ошириш ҳамда халқаро молиявий операцияларда АҚШ долларига қарамликни камайтириш мақсадида ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
БРИКС тўлов тизими ривожланаётган иқтисодиётларни жалб қила оладиган арзонроқ ва тезроқ транзакцияларни таъминлаши мумкин. Транзакциялар миллий валюталарда амалга оширилгани сабабли транзакцион харажатлар камаяди, бу эса савдо-сотиқни арзонроқ ва самаралироқ қилиши айтилмоқда.
Ғарб расмийлари ҳам бу схема санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлаб чиқилиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бу ўз навбатида Қўшма Штатлар позициясини заифлаштиради: Америка халқаро тўловлар учун энг йирик марказ бўлгани туфайли санкциялар орқали бошқа давлатларга таъсир қилиб келади. Яъни БРИКС Bridge – SWIFT тизимига алтернатив бўлиши керак.
Энг жиддий ташаббус бу – фиат валюталари томонидан қўллаб-қувватланадиган рақамли пуллардан фойдаланиш режаси. Бу ҳолатда трансчегаравий операциялар марказида доллар клирингидан фойдаланиш имкониятига эга банклар эмас, балки марказий банклар бўлади. Бу эса ҳеч бир мамлакат бошқасини молия тизимидан узиб қўя олмаслигини англатади.
БРИКС Bridge тизими ҳали ишлаб чиқиш босқичида бўлиб, келгусида қандай натижаларга эришиши мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка боғлиқ.
Долларга муқобил янги валюта яратилиши мумкинми?
БРИКС давлатлари сўнгги йилларда АҚШ долларига муқобил валюта яратиш масаласини кўп бор муҳокама қилди. Ҳозирча бу борада қилинган энг катта иш – икки томонлама савдо муносабатларида миллий валютага ўтишнинг тезлашгани бўлди. Масалан, Хитой ва Россия ўзаро савдода юан ва рублни ишлатиш амалиётини кенгайтирди. Бу долларга қарамликни камайтириш учун муҳим қадамдир. Ҳар иккала давлат ўз захирасини олтин ҳисобига ошириб бораётгани ҳам шу билан изоҳланади.
Аммо ҳозирги шароитда БРИКС давлатларининг иқтисодий тизими ва валюта сиёсати бир-биридан фарқ қилади. Битта валютага ўтиш эса узоқ муддатли иқтисодий ва сиёсий келишувларни талаб қилади. Бундан ташқари, ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий қудрати ва миллий валюталарининг барқарорлик даражаси бир хил эмас. Бу муқобил валюта яратиш ва уни кенг миқёсида қабул қилишни кескин қийинлаштиради.
Халқаро экспертлар БРИКС давлатларининг долларга муқобил валюта яратиш истиқболларини инкор этмайди, аммо бу мураккаб ва узоқ муддатли жараён бўлишини айтади.
Доллар ўз ўрнини йўқотяптими?
Долларнинг халқаро гегемон мақомини йўқотиш хавфи – сўнгги пайтларда кенг масштабда, энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири. Албатта, долларнинг келажаги ҳақидаги саволлар ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Юқорида айтиб ўтилганидек, Ғарб санкцияларига дучор бўлган мамлакатлар ўзларининг миллий валюталарида савдо қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқа бошлади.
Аммо АҚШ доллари жаҳон бозорида ҳали ҳам жуда катта ролга эга. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги маълумотларига кўра, марказий банклар томонидан АҚШ долларида сақланаётган захираларнинг улуши 58,2 фоизни ташкил этади. Бу борада энг яхши иккинчи кўрсаткич еврога тегишли – 19,7 фоиз. Кейинги ўринларда иена (5,6 фоиз), фунт стерлинг(4,9 фоиз), Канада доллари (2,7 фоиз), Австралия доллари (2,2 фоиз) ва юан (2,1 фоиз).

Тўғри, АҚШ долларида сақланаётган захираларнинг улуши аср бошидан буён 13 фоизга камайиб, 1999 йилдаги 71 фоиздан 2024 йилда 58 фоизга қисқарган. Шундай бўлса-да, доллар қолган валюталарга нисбатан юқори даражадаги доминантликни ушлаб турибди.
Мавзуга оид

16:59 / 14.04.2025
«Крокус» терактида айбланаётган тожикистонликлар ақли расо деб топилди

14:07 / 14.04.2025
Россияда мушкул аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди

10:30 / 14.04.2025
Шолц Россиянинг Суми шаҳрига зарбасини «ваҳшиёна ҳужум» деб атади

22:54 / 13.04.2025