"Табассум қилаётган чеҳра" – смайлик белгиси 35 ёшга тўлди
35 йил аввал, яъни 1982 йил 19 сентябрда АҚШнинг Питтсбургидаги Карнеги-Меллон университети профессори Скотт Фалман электрон ёзишмаларда "икки нуқта-тире-қавс" кетма-кетлигидан – :-) табассумни билдирувчи белги сифатида фойдаланишни таклиф қилган. Шу тариқа ҳозирда усиз онлайн-мулоқотни тасаввур қилиш қийин бўлган смайлик (эмотикон) белгиси пайдо бўлган.
Фалманнинг айтишича, дастлаб смайлик зарурат тариқасида ишлатилган. Ўша вақтда АҚШ университетлари ходимларида ўз ҳамкасблари билан замонавий интернетнинг илк кўриниши – APRANET ёрдамида электрон ёзишма олиб бориш имконияти пайдо бўлган. Жамоавий мулоқот учун электрон бюллетен деб номланган эълонлар тахтаси ишлаб чиқилган. Бу ерда исталган олим ўз хабарини қолдириши мумкин бўлган.
Тез орада бундай тахталарда фанга алоқаси бўлмаган матнлар пайдо бўла бошлаган. Олимлар тахталардан ижтимоий тармоқ ёки мессенжерлар сифатида фойдаланиб, ҳазил-ҳузул қилишган, бир-бирлари билан баҳслашишган, умумий танишлари ва университетдаги ишларни муҳокама қилишган. Фақатгина иш бўйича масалаларга қизиққан ходимлар бундай аралаш-қуралаш матнлардан қайсилари ишга тегишли экани, қайсиларини инобатга олмаслик кераклигини фарқлашда қийналишган. Баъзи олимлар эса ҳазил матнларни тушунмай, уларга жиддий жавоб беришни бошлашган.
Шу тариқа ёзишмалар ичидан жиддий бўлмаган матнларни ажратишда ёрдам берадиган белгига зарурат туғилган. Фалман ҳамкасбларига икки нутқа, тире ва ёпиш қавси ёрдамида табассум қилаётган чеҳрани, очиш қавси билан эса ғамгин чеҳрани тасвирлашни таклиф қилган. Олимнинг ғоясига кўра, шу тариқа "ҳазил" ва "оддий" матнларни белгилаш мумкин бўлган.
Смайликнинг график тасвири эса янада эртароқ – 1963 йилда пайдо бўлган. Ўшанда америкалик рассом Харви Болл ишчилари кайфиятини кўтаришга хизмат қиладиган бахтли чеҳра сиймосини яратиш бўйича суғурта компаниясидан буюртма олган. Болл бу вазифани 10 дақиқа ичида ҳал қилган: у сариқ доира ичига иккита нуқтадан иборат кўз ва табассум қилаётган оғизни чизган. У бу иши учун 45 доллар олган.