Коррупция қанчалик жирканч, мамалакат тараққиётига тўғаноқ бўлувчи энг кучли иллат эканлиги аксариятга маълум. Ана шу иллатга қарши курашда журналистларнинг вазифаси нималардан иборат, ўрни қандай? Оммавий ахборот воситалари бу йўналишда нималар қила олиши мумкин?

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, дунёнинг барча мамлакатларида у ёки бу тарзда коррупция намоён бўлмоқда. Ҳалқаро валюта жамғармасининг тақсимловчи директори Кристин Лагарднинг маълум қилишича, ҳар йилги поралар қиймати 2 трлн долларгача. Яъни бу миқдор дунё ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини ташкил қилади. Коррупциялашган соҳалар қаторида биринчи навбатда давлат харидлари, қурилиш, жумладан, йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари тилга олинмоқда.

Кузатувчилар коррупциянинг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий зарари ҳақида сўз юритишади. Ушбу иллат жамиятда ижтимоий тенгсизликни кучайтириши, иқтисодиётнинг бир текисда ривожланишига тўсқинлик қилишидан ташқари, аҳолининг ҳокимиятга, адолатга бўлган ишончини сўндиради. Фуқаролар орасида бефарқлик, лоқайдлик кучайишига олиб келади.

Жамиятимизда кўзга ташланадиган турли иллатлар, жумладан, коррупция ҳақида сўз кетганда, айримлар «аҳволни яхшилаш учун 50 ҳатто 100 йил керак, бир нечта авлод алмашиши лозим» деган фикрларни ўртага ташлашади. Аммо айрим давлатлар тажрибаси бу муаммони нисбатан қисқа давр ичида енгиш, тўлалигича бўлмаса ҳам, кескин камайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Буни Сингапур, Индонезия, Болгария, Польша каби қатор давлатлар мисолида кўриш мумкин.

Коррупцияга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамкорликда ҳаракат қилишлари қанчалик муҳимлигини ҳалқаро тажриба кўрсатиб турибди. Бежиз республикамизда жорий йилнинг бошида кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда «Оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши» деган алоҳида модда киритилмаган.

Афсуски, ҳанузгача бизнинг ОАВ фақат МХХ ва ИИВ томонидан аниқланган коррупцион ҳолатлар ҳақида ҳабар тарқатиш билан чекланиб қолмоқда. Коррупцияга қарши кураш воситалари сифатида хорижлик касбдошларимиз журналист текшируви олиб боришади, давлат органлари тарқатган маълумотларни, амалдорларнинг чиқишларини таҳлил қилишади, уларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиб туришади.

Бизда бу борада юзага келган вазиятнинг асосий сабаби - журналистнинг ўзини ҳимоясиз ҳисоблашида десак, хато бўлмайди. Коррупцияга дахлдор ҳолатларни очиб бериш учун журналист текшируви олиб боришнинг ўзи бир машаққат. Гоҳида оддий ахборотни қўлга киритиш муаммо бўлиб турган пайтда, порахўрлик, мансаб вазифасини суиистеъмол қилганлик, юқори вазифаларга тайинлашдаги ошна-оғайнигарчилик кабилар тўғрисида маълумот олишнинг ўзи бўладими?!