Лондоннинг янги қаҳрамони, биз билган Моуриньо ва АПЛнинг бошқа ёрқин лаҳзалари
Англия Премьер-Лигасининг навбатдаги, 6-тури ортиқча сюрпризларсиз ўтди, деб айтиш мумкин. Топ-6 жамоалари бугун «Вест Бромвич»ни қабул қиладиган «Арсенал»ни айтмаганда, ғалаба қозондилар. Аммо бу осонликча бўлмаганини айтиш жоиз, зеро «Сток Сити», «Вест Ҳэм», «Саутҳемптон», «Лестер» каби жамоалар Англияда аутсайдер эмас ва айниқса, ўз майдонларида ҳар қандай рақиб билан тенг ўйнай олишади. «Манчестер Сити» эса, ўз майдонида «Кристал Пэлас» дарвозасига жавобсиз беш гол йўллади. Бу ҳам эътиборга молик ҳолат – 1958 йилдан бери ҳеч қайси жамоа қаторасига уч ўйинда 5+ гол урмаган экан.
Тур қаҳрамони: Алваро, Алваро, Алваро!
Испаниялик ҳужумчининг ёзги трансфер сериаллари оқибатида «Челси» сафидан жой олиши кўпчилик учун кутилмаган бўлган ва қайсидир маънода, лондонликларнинг мажбурий ва шошилинч қарорига ўхшаб қолганди. Илк турларда асосий таркибда Мората эмас, Батшуаи тушгани ҳам буни исботлагандек эди.
Аммо испаниялик ҳужумчи кутилганидан тезроқ инглиз футболига кўникди ва ўз ҳамюртлари ёрдамида голлар уришда давом этмоқда. Мората «Сток Сити» дарвозасига Англиядаги дастлабки ҳет-трикини амалга оширди ва тўпурарлар пойгасида Лукаку ва Агуэрога етиб олди.
Шу ўринда, аввалги ўйинлардаги барча голлар ва ассистларини боши билан амалга оширган Алваронинг бу сафар услуб ва салоҳият жиҳатидан ранг-баранг ўйинчи эканига ҳам гувоҳи бўлдик.
Моуриньонинг навбатдаги четлатилиши
«Саутҳемптон»даги учрашувнинг иккинчи тайми «иблислар» учун мавсумдаги энг оғир палла бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Жозе Моуриньонинг ҳакам томонидан четлатилиши, худдики мана шундай оғир дақиқаларнинг мантиқий давомидек кўринганди, лекин маълум бўлишича, мураббий аслида ҳеч қандай ёмон иш қилмаган.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Моуриньо нега четлатилганини тушунмаганини, лекин ҳакам талаб қилгани учун чиқиб кетганини айтди. Аслида Жозе ўз зонасини тарк этиб, майдонга тушиб кетишига сал қолганди ва бу Крейг Поусоннинг эътиборидан четда қолмади.
«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ сардори Брайан Робсон эса, бу ҳолатдан ҳайратда ва мураббий бу воқеа учун дисквалификация қилинмаслиги кераклигини айтмоқда:
«Мен дастлаб бу ҳолатни телевизорда кўриб, ҳазиллашишяпти деб ўйладим. Агар Жозе бу иши учун тағин дисквалификацияга ҳам учраса, чиндан ҳам ҳайрон қолардим. Мен Конте, Клопп каби мураббийларни биламан, улар доим майдон четида тинч турмайдилар, тентакона ҳаракатлар қиладилар, аммо жазоланмайдилар. Бу ҳолатни футболга бўлган эҳтирос билан боғлашади, аммо Жозе чизиқни тарк этиши билан жазоланди.
Биласизми, аслида мураббийлар ҳам улардан нима талаб қилинишини, қоидаларни, чегарани, жазони билишади, аммо ўйиннинг сўнгги дақиқаларида жамоанг 1:0 ҳисобида ютиб турса, чизиқни унутиб қўясан. Бунинг учун жазолаш нотўғри, агар керак бўлса, ҳар бир мураббийни текшириш ва ҳар ўйинда уларни чизиқдан ташқарига чиққанликда айблаб, майдондан четлатиш мумкин», – дейди Робсон.
Миньоле ва пенальтилар
«Ливерпуль» ҳимоячилари, уларга қўшилиб дарвозабони ҳам кўп танқид остига олинади. Олти турда 11 гол ўтказиб улгурган жамоа ҳимоячи танқид қилинишга маҳкумдек. Аммо гап пенальтилар ҳақида борганда, Симоне Миньоле – қаҳрамон.
У ўз дарвозасига белгиланган охирги 8 пенальтидан 5 тасини қайтаришга муваффақ бўлган. Бу лигада энг яхши кўрсаткичдир. Агар қайтарилган пенальтилар жамоага муҳим очколарни келтирса, унданам яхши. «Ливерпуль» ҳисобни 3:1 га етказиб, гўёки ўйинни ҳал қилгани ҳақида ўйлаётган бир пайтда Варди уйғонди ва аввалига ҳисобни қисқартириб, кейин пенальти ишлади. Аммо бельгиялик посбон бу сафар ҳам жамоасининг жонига оро кирди ва «Ливерпуль» муҳим ғалабани сақлаб қолди.
«Ҳаддерсфилд»: Синовлар олдидан.
Премьер-Лига дебютанти илк 6 турнинг 4 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлашнинг уддасидан чиқди ва табиийки, бу ўйинларда очкога эга бўлди. Фақат Манчестер жамоаларигина «Ҳаддерсфилд»дан камроқ гол ўтказиб юборишган холос.
Аммо матбуотчилар бу «сирли тулпор»ни ортиқча мақтаб юборишга бироз чекиниб туришибди, сабаби, жамоа ҳали ҳақиқий синовларга дуч келгани йўқ. Тақвимга кўра, асосан ўртамиёналар билан ўйнаган «Ҳаддерсфилд»ни кейинги турларда оғир ўйинлар кутиб турибди.
Сентябрни ўз майдонида «Тоттенҳэм»га қарши ўйин билан тугатадиган Вагнер шогирдлари октябрда «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» билан ўйнашади. Айнан мана шу ўйинлар «Ҳаддерсфилд»нинг мавсум учун ҳақиқий мақсадини аниқлаб берса ажаб эмас.
Тақвимни ким тузган?
«Ҳаддерсфилд», «Брайтон» ёки «Ньюкасл» каби жамоалар очко йиғиб, мавсум учун пойдевор қўяётган бир пайтда, тақвимдаги мувозанатнинг йўқолишидан баъзи жамоалар қайсидир маънода жабр чекишмоқда.
«Лестер»ни олайлик. Олти турда жамоа «Ливерпуль», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» билан ўйнаб бўлди. Худди шундай, «Эвертон» ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Тўғри, бу жамоалар кейинчалик осонроқ рақиблар билан ўйнаб, вазиятни ўнглашлари мумкин, аммо мавсум бошидаги натижалар унинг давомига катта таъсир кўрсатиши бор гап.
«Челси» ўзини босиб олмаяпти
«Сток Сити»га қарши ўйиннинг иккинчи таймида етакчи ҳимоячилардан бири Маркус Алонсо алмаштирилди. Бош мураббий Антонио Конте буни изоҳлар экан, рақиб таркибида Питер Краучнинг тушиши юқори қаватларда курашувчи Гари Кэйҳиллга эхтиёж туғилганини айтган бўлса-да, аслида бошқа сабаб ҳам бор.
Алонсо ҳакамнинг Мама Диуфнинг ўзига қарши ишлатилган қўполлигига эътибор бермаганини оғир қарши олди. Шундан сўнг, майдоннинг ҳар ерида рақиб футболчиларига қарши кескин, қўпол ўйнай бошлади ва айтиш мумкинки, қизил карточкага бир қадам қолганди. Конте буни ўз вақтида сезиб, испаниялик ҳимоячини алмаштирди – аммо майдон ташқарисида ҳам лондонликлар билан тарбиявий иш олиб борилмаса бўлмайди. Ўзи шундоғам, «Челси» четлатилишлар бўйича лигада етакчи бўлиб олган – олти тур давомида Конте шогирдларига 3 маротаба қизил карточка кўрсатилган.
Бироз статистика:
«Вест Ҳэм» ҳужумчиси Чичарито АПЛ даги ўзининг 40-голини урди. Эътиборга молик жиҳати, мексикалик футболчи бу голларнинг барчасини жарима майдони ичкарисида зарба бериб урган.
«Брайтон» 1982 йилдан бери биринчи маротаба кетма-кет икки уй учрашувида ғалаба қозонди.
«Челси» томонидан урилган голларнинг 75 фоизи испаниялик футболчилар ҳиссасига тўғри келар экан.
«Эвертон» мавсумда биринчи марта 1 тадан ортиқ гол уришга муваффақ бўлди.
Фабиан Делф томонидан «Кристал Пэлас» дарвозасига гол урилиши олдидан, «Сити» футболчилари 31 маротаба бир-бирларига аниқ тўп узатишди. Бу 2015 йил сентябридан буён энг яхши кўрсаткичдир. Ўшанда Луи ван Гаал шогирдлари «Саутҳемптон» дарвозасига 34 пасдан кейин гол (Мата) уришганди.
Коутиньо жарима майдони ташқарисидан берилган зарба орқали 16-голини киритди. Бу футболчининг АПЛ даги дебютидан сўнг ҳисобланганда, лигада энг яхши кўрсаткичдир.
«Кристал Пэлас» Англия чемпионати тарихида дастлабки 6 ўйинида гол урмасдан мағлубиятга учраган илк клубдир.
Давид Сильва мавсумдаги 6-ассистини амалга оширди ва Генрих Мхитарянни қувиб ўтиб, пешқадам бўлиб олди.
Айтганча
«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кэйн «Вест Ҳэм» дарвозасига 2 гол йўллади ва Лондон дербиларида урган голларига кетган вақт кўрсаткичи бўйича, Тьерри Анрини қувиб ўтиб, пешқадам бўлиб олди.
НАТИЖАЛАР ВА ЖАДВАЛ
Қаҳрамон Асланов тайёрлади.
Мавзуга оид
00:05 / 31.10.2021
АПЛ. Роналду Сульшерни қутқарди, «Сити»да сенсацион мағлубият, «Ливерпуль»да дуранг, «Челси»да йирик ғалаба ва бошқа натижалар
19:21 / 21.05.2020
Автомобилда футбол. Англия Премьер-Лигаси автокинотеатрларда намойиш қилинади
22:25 / 23.11.2019
АПЛ. «Ливерпуль»да қийин ғалаба, «Арсенал» мағлубиятдан зўрға қутулиб қолди ва бошқа натижалар
21:05 / 28.09.2019