30 октябрь, шанба куни АПЛ 10-тури доирасида 7та учрашув ўтказилди.

Турнинг сенсацион натижаси «Манчестер Сити» ва «Кристал Пэлас» ўртасида кузатилди. Гвардиола шогирдлари мухлислари қаршисида мағлубиятга учради. Заҳа 6-дақиқадаёқ ҳисобни очган бўлса, Галлахер 88-дақиқада «Сити» дарвозасига иккинчи голни йўллади. Шу куни мезбонлар сафида Лапорт 45-дақиқада майдондан четлатилди.

Яна бир кутилмаган натижалардан бири «Энфилд»да кузатилди. «Ливерпуль» ўтган турда Манчестердан йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтган бўлса, бугунги ўйинда «Брайтон»ни мағлуб эта олмади. Клопп жамоаси 2:0 ҳисобидаги ғалабани қўлдан чиқаришди. Мвепу ва Троссарднинг голлари меҳмонларга дуранг келтирди – 2:2.

«Челси» ҳимоячи Жеймснинг дубли эвазига «Ньюкасл»ни йирик ҳисобда мағлуб этган бўлса, «Саутҳэмптон» ва «Бёрнли» ҳам ўз ҳисобига уч очко ёзиб қўйди.

Куннинг сўнгги учрашуви «Тоттенҳэм» ва «МЮ» ўртасида Лондонда ўтди. Меҳмонларнинг ушбу учрашувдаги мағлубияти Сульшернинг истеъфоси билан тугаши ҳақида хабарлар бор эди. Шу куни меҳмонлар аввалгидек 4-4-2 эмас, 5-3-2 схемасида майдонга тушишди ва позицион ҳужумларга эътибор қаратишди.

Учрашувнинг 39-дақиқасида Брунунинг узатмасидан кейин Роналду ажойиб зарбаси билан ҳисобни очиб, АПЛдаги 5 ўйинлик голсиз сериясига барҳам берди – 1:0. 64-дақиқада эса Роналдунинг ассистидан кейин Эдинсон Кавани яккама-якка вазиятда Льорисга имконият қолдирмади – 2:0. Роналдунинг ўрнига захирадан майдонга тушган Рэшфорд Матичнинг 86-дақиқадаги узатмасини голга айлантириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 3:0. Бу ғалаба Сульшернинг яна лавозимида қолишини таъминлади.

Шу тариқа, «Челси» 25 очко билан яққол пешқадамга айланди, «Ливерпуль» 22 очко билан 2-ўринда, «Сити» эса 20 очко билан 3-ўринда бормоқда. «Брайтон» 16 очко билан 6-поғонани эгаллаб турибди. «МЮ» очколари сонини 17тага етказиб, 5-ўринга кўтарилди. «Тоттенҳэм» эса 15 очко билан 8-поғонада бормоқда.

АПЛ. 10-тур. 30 октябрь

Манчестер Сити – Кристал Пэлас 0:2
Голлар: 0:1 – 6 Заҳа, 0:2 – 88 Галлахер.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Лапорт, Рубен Диаш, Жоау Канселу (Марез, 78), де Брюйне (Стоунз, 59), Бернарду Силва, Родри, Грилиш (Стерлинг, 78), Фоден, Габриэл Жезус.
Кристал Пэлас – Гуаита, Уорд, Андерсен, Гехи, Митчелл, Куяте, Макартур, Галлахер, Айю (Бентеке, 65), Заҳа, Эдуар (Шлупп, 73).
Четлатиш: Лапорт (45).