20:15 / 27.09.2017
49527

Шавкат Мирзиёев Дариға Назарбоевани қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати Раиси Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Делегация таркибида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи, сенатор Дариға Назарбоева ҳам бор эди.

Давлат раҳбари меҳмонларни қутлар экан, Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ва Олий Мажлис палаталарида ўтказилган самарали музокаралар натижалари ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил март ойида Қозоғистонга ва Қозоғистон Президентининг  16 сентябрда Ўзбекистонга давлат ташрифлари, шунингдек, давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган ва ишончга асосланган мулоқоти кенг кўламли Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани қайд этилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик, жумладан, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган икки томонлама келишувлар ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликка доир истиқболли лойиҳа ва дастурларни илгари суришда мамлакатлар парламентлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказиш, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида яқин амалий алоқалар ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Юқори мартабали меҳмон Шавкат Мирзиёевга самимий ва мазмунли учрашув учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Касим-Жомарт Токаев Қозоғистон Республикаси парламенти ўзаро дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида Ўзбекистон билан фаол ва кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.

Top