Фан-техника | 21:00 / 27.09.2017
3579
2 дақиқада ўқилади

Шэньчжэнда йил охиригача ўзи бошқарилувчи автобуслар ҳаракатлана бошлайди

Фото: EAST NEWS

Хитой жанубидаги Шэньчжэнь шаҳри ўзида кўплаб юқори технологик компанияларни мужассамлагани билан машҳур. Бу ерда 2017 йил охиригача иккита ҳайдовчисиз автобус йўналиши жорий қилинмоқчи. Бу ҳақда Шэньчжэнь автобус компаниясига иқтибос келтирган ҳолда China Daily нашри хабар бермоқда.

Йўналишларда сунъий онгга эга 4 автобусдан фойдаланилади. 3 км узунликка эга ва 10 та бекатдан иборат биринчи автобус йўналиши Фан ва техника жанубий университети кампуси ҳудуди орқали ўтади. Иккинчи йўналиш ҳозирча тасдиқланмаган.

Маҳаллий автобус компанияси президенти Юй Ганнинг айтишича, техник мутахассислар янги автобусларнинг хавфсизлик тизими ва навигация бошқарувини ўрганмоқдалар. Унинг айтишича, ишнинг бошланғич босқичларида илк рейсларда ҳайдовчилар бўлади ва улар вазиятни назорат қилиб боришади. 

Ўзи бошқарилувчи ҳаракат технологияси Шэньчжэнь автобус компанияси, Интеллектуал транспорт тизимлари ишланмалари ва технологиялари миллий маркази ва Huawei компанияси томондан келажак ақлли транспорт тизимларининг прототипи сифатида яратилган. Йўналишларда электрда юрувчи автобуслар қўлланади ва транспорт тизимининг янгиланиши атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқиши даражасини пасайтиради ва тирбандликларни камайтиради. 

Таъкидлаш жоизки, Apple компанияси ҳам Кремний водийсидаги офислари орасида қатновчи ўзи бошқарилувчи автобусларни йўлга қўймоқчи. Ушбу лойиҳа нафақат ходимларни ташиш, балки компаниянинг ҳайдовчисиз бошқарув технологияларини такомиллаштириши учун керак.