21:30 / 28.09.2017
4054

Трамп Пуэрто-Рико учун савдо чекловларини бекор қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп "Мария" довулидан азият чеккан Пуэрто-Рико учун савдо чекловини бекор қилди. Бу ҳақда Трамп матбуот котиби Сара Сандерс маълум қилди. 

"Пуэрто-Рико губернатори Рикардо Росселло мурожаати билан президент Пуэрто-Рико учун Жонс қонуни амал қилишини бекор қилишга рухсат берди. Ушбу қарор дарҳол кучга киради", деб ёзган Сандерс твиттерда.

Жонс қонуни деб аталувчи кемачилик ҳақидаги қонун 1920 йил қабул қилинган. У АҚШ портлари орасида савдони амалга оширувчи кемалар АҚШда қурилган бўлиши, америкаликларга тегишли бўлиши ва экипажи америкаликлардан тузилган бўлишини талаб қилади. Бу қонун  Биринчи жаҳон урушидан кейин ички бозорда рақобатни чеклаш ва бир вақтда янги уруш ҳолатида ёрдамчи сифатида қўллаш мумкин бўлган кенг савдо флотини яратиш учун қабул қилинган.

Қонун тарафдорлари бу қонун АҚШда ишчи ўринлари ташкил этишга ёрдам беришини айтиб келадилар. Унга қаршиларнинг фикрича, бир аср аввалги қонун рақобатнинг кераксиз пасайтирилиши ва етказиб бериладиган маҳсулотлар нархлари ошишига олиб келади.

"Мария" довули оқибатида Пуэрто-Риконинг 97 фоиз аҳолиси электр энергиясиз қолмоқда, сув эса ярим аҳолида бор.

Top