«Қонунни бузган, бироқ ўз қилмиши ҳуқуққа хилофлигини англаган ва тузалиш йўлига ўтганини қатъиятлик билан намоён қилган шахсларга жамият ва ўз оиласи даврасига қайтиш имкони берилиши, ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг рўёбга чиқарилиши ҳисобланади».

Ушбу гап куни-кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-5071-сон фармойишида акс этди.

Мазкур фармойиш қабул қилингандан сўнг, кўпчиликда «Президент амнистия чиқарибди» деган, нотўғри тушунча пайдо бўлди. Чунки аксарият инсонлар амнистия ва афв битта нарса, шунчаки амнистиянинг ўзбекчага таржимаси афв бўлади, деб ўйлашади. Бир қараганда улар кўп ҳам нотўғри ўйлашмаяпти, сабаби иккаласининг ҳам асосий мақсади битта — меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишдир.

Бироқ шундай бўлсада, бу икки тушунча бир-биридан фарқланади. Қуйида уларнинг энг асосий 10та фарқи ҳақида маълумот олиш мумкин.

1.    Қўлланадиган шахслар тоифаси бўйича
Афв – бу муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотларни (ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи) инобатга олиб жазодан озод қилиш ҳисобланади.
Амнистия эса аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади. Масалан, 18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганларга амнистия акти қўлланилди, дейлик. Бунда амнистияга неча киши тушиши, кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Афв ҳужжатида эса кимларга қўлланилаётгани номма-ном ёзилади (айрим ҳолатлар истисно, масалан, 16 февраль воқеаларида қатнашиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлганларга афв эълон қилингани каби).

2.    Қўлланиладиган шахслар ҳолати бўйича
Афв фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия эса жиноят процессининг исталган босқичида - дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки жиноят ишини қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин.

Бошқача айтганда, амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки, амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан ҳам озод қилади.

3.    Эълон қилувчи субъектлар бўйича
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига биноан, афв фақат Президент томонидан эълон қилинади.