Жамият | 10:20 / 06.10.2017
13821
4 дақиқада ўқилади

ЎзФА вице-президенти: Бугунги кунда илғор давлатларда ҳашарот емайдиган пахта етиштирилмоқда

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалигида Ҳар қандай янгилик илм-фан ютуқлари асосида жорий этилса самаралироқ бўлади. Шунга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялаштиришда олимлар иштирокини кенгайтириш масаласи ҳам Олий Мажлис Сенатининг 4 октябрда бўлиб ўтган 12-ялпи мажлиси эътиборидан четда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов шу мавзуда маъруза қилди. 

“Илгарилари қишлоқ хўжалигида кам маблағ сарфлаб аҳолининг бандлигини таъминлаб бериш асосий вазифа сифатида қараларди. Аммо бу бугунги кун талабларига мос келмайди, эндиликда, асосий мақсад қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириб, кам меҳнатли тизимга ўтказишдир. Бунда замонавий технологиялар, инновация, фан, АКТ тизимларини қўллаш, яъни бошқа фанлардаги ютуқларни қишлоқ хўжалигига жорий этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. 

Ҳаммамиз яхши биламиз, глобал иқлим ўзгариб кетмоқда, янги, илгари ухлаб ётган  касалликлар, зараркундалар пайдо бўлмоқда. Ҳашаротлар тезроқ экинларга ҳужум қилиши оқибатида ҳосилни йўқотиб қўйиш каби катта муаммоларга дуч келинмоқда”, деди Абдураҳмонов ва сенаторлар эътиборини иқлим ўзгаришларидан келиб чиқаётган муаммоларига қаратди.  

Унинг таъкидлашича, бу муаммони ҳал этишда ҳам АКТ қишлоқ хўжалигига кенг жорий қилиш яхши самара бериши мумкин. Хусусан, жаҳон тажрибасидан келиб чиқилса, Данияда деҳқонларнинг компьютер технологияларидан фойдаланиши 80 фоиизни, Финландияда 70 фоизни ташкил этади. Буюк Британияда 75 фоиз, Нидерландияда 50 фоиздан юқори. 

Олимнинг сўзларига кўра, бугунги кунда хорижий мамлакатлар қишлоқ хўжалигида генетика соҳасидаги янгиликлар кенг қўлланилмоқда. Генлари ўзгартирилган экинлар етиштирилмоқда. Ҳашарот емайдиган ғўза ёки шоли экилиши натижасида меҳнати камаяди, пестицидлар сепилмайди, кам харажат бўлади. Гербицидларга чидамли экинлар эса, ёввойи ўтга қарши кимёвий дориларни фаол қўллаш имконини беради. Чопилмасдан бегона ўтдан қутилади.   

“Бундан ташқари, Бразилияда етиштирилаётган технология бўйича пахта ер намлигига боғлиқ равишда суғориш вақти келганида ранги ўзгаради. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг яна бир йўналиши вертикал ҳосил етиштириш. Бунда ҳосилдорлик ва унинг ортидан самарадорлик юқори бўлади. Самарадорлик юқори бўлган жойда меҳнатни камайтиришга эришилади”, - деди ЎзФА вице-президенти. 

Иброҳим Абдураҳмонов, шунингдек ўз маърузасида уруғчилик муаммоларига ҳам тўхталиб ўтди. 

Унинг айтишича, “қишлоқ хўжалигига масъул идоралар билан биргаликда қишлоқ хўжалигини персоналлаштириш, яъни қаерда қандай экин экилади, қандай ишлов берилади, қанча суғорилади, деган масалаларни ҳал этиб олиш керак. Бунинг учун энг аввало, уруғчиликни ҳал этиш керак. Бу стратегик вазифа. Уруғ бўлмас экан, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириб бўлмайди, ҳосилдорликни кўпайтириб бўлмайди. Шунинг учун бунга катта эътибор бериш керак. Генларни тўлиқ ўрганиб чиқиб, селекцияни ҳам тубдан ўзгартириш керак. Янги навлар олиб кирилмаса, иқлим ўзгариши шароитида яқин 10-20 йилда бу борада жиддий натижаларга эришиш мушкул бўлади”.

Мавзуга оид