Илм-фанга бўлган эътиборнинг янги босқичига чиқяпмиз: тадқиқотчиларнинг ойлик маошлари сезиларли кўтариляпти, илмий ташкилотларнинг моддий-техник базаси яхшиланяпти, илмий тадқиқот замонавий тенденцияларга мослаштириляпти. Хусусан, президентнинг математика, физика ва геология соҳаларини ривожлантиришга оид фармон ва қарорларида катта аҳамиятга эга.

Ким бошқаради?

“Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонунда давлатнинг ваколатли органи сифатида собиқ Инновацион ривожлантириш вазирлиги белгиланган эди. Маъмурий ислоҳотлар сабабли бу вазирлик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига айлантирилиб, унинг таркибий қисми сифатида фаолияти бевосита илм-фанга боғлиқ бўлган икки ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ва Инновацион ривожланиш агентлиги қайта ташкил этилди. Энди бевосита илмий фаолият бўйича давлатнинг ваколатли органининг мажбурияти Инновацион ривожланиш агентлигида қолгандек гўё. Лекин бу қанчалик тўғри бўлади? Аввало, бу ҳақида ҳам яхши ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Балки бу агентликни инновацион ишланмалар бўйича ваколатли орган қилиш керакдир. Илм-фан бўйича эса ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси муносиб номзод деб ҳисоблаймиз.

Яқинда агентлик томонидан оммавий муҳокамага қўйилган “Илмий ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг тубдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси олимлар ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда 184 та илмий ташкилотлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялашда экани маълумот сифатида келтириб ўтилган бўлиб, уларни молиялаштириш тартибини 2025 йил 1 январидан янги тартибга ўтказиш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, бюджет илмий ташкилотлари томонидан ҳисобот йилидан кейинги йил учун ишлаб чиқиладиган илмий-тадқиқот дастурлари илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда юқори турувчи вазирлик ва идоралар орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига экспертизадан ўтказиш учун киритилади.

Кўзда тутилган экспертиза жараёни ҳар йили ўтказилиши кўзда тутиляпти. Кейинги бандлардаги жараёнга қаралса, бу қанчалик вақт олувчи, ресурс талаб этувчи мураккаб жараён экани кўринади.

Шу билан бирга, “илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда” деган жумла қўшилиши фармон лойиҳасини тайёрловчилар илмий тадқиқотлар мақсади, унинг таркибий жиҳатлари ва турлари билан унча ҳам таниш эмаслиги кўринади.