23:54 / 09.10.2017
21422

Нурсултон Назарбоевга лотин графикасига асосланган янги қозоқ алифбоси намойиш қилинди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ алифбосининг лотин графикасига ўтиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашув ўтказди.  

ФОТО: АКОРДА

Йиғилиш давомида Назарбоевга лотин гарфикасига асосланган қозоқ алифбосининг ягона стандарти лойиҳаси тақдим қилинди. Бу лойиҳа жамоатчилик билан муҳокамалар давомида тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. 

Назарбоев давлат тили ислоҳоти жамият онгини модернизация қилиш дастурининг муҳим масалаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

ФОТО: АКОРДА

"Дунёда бирор давлат ўзининг янги алифбосини бутун халқ билан биздек муҳокама қилмаган. Бизга ҳар бир кишининг фикрини билиш муҳимдир. Президент маъмуриятига лотин графикасига ўтиш билан боғлиқ 300 дан кўпроқ мурожаат келиб тушди. Қувонарлиси, ёшлар ҳам бу жараённи қўллаб-қувватлашди", деб айтди Назарбоев.  

Учрашув давомида ушбу масала бўйича олиб борилган иш натижалари ҳақида ҳисобот берилди.

Назарбоев ҳисобот ва иштирокчилар фикрини тинглаб, алоҳида эътиборни талаб қилувчи баъзи масалаларга тўхталиб ўтган.

Қозоғистон президенти ушбу ислоҳот бошқа тиллар ривожланишига зиён етказмаслиги ва фуқаролар ҳуқуқларини бузмаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтди.

ФОТО: АКОРДА

"Қозоқ тилининг лотинчага ўтиши русийзабон фуқаролар, рус тили ва бошқа тиллар ҳуқуқларига таъсир қилмаслиги керак. Рус тилининг қўлланиши ўзгаришсиз қолади. У амал қилишда давом этади. Янги алифбога ўтиш қозоқ тилини ўрганишни енгиллаштиради", деб айтган Назарбоев. 

Назарбоев лотинчага ўтиш мураккаб жараён эканлиги ва унинг мақсади қозоқ тилининг янада ривожланиши учун шароитлар яратиш ва уни жаҳон ахборот майдонига киритишдан иборатлигини айтди.

ФОТО: АКОРДА

Бундан ташқари, Назарбоев янги алифбони таълим тизимига жорий қилиш бўйича ўқитувчиларни ва методик базани тайёрлаш  зарурлигини айтиб ўтди ва ҳукуматга унинг босқичма-босқич киритилиши режасини тайёрлашни топширди.

Учрашув сўнггида Қозоғистон президенти барча қозоғистонликлар, олимлар ва тилшуносларга қозоқ алифбоси ислоҳотларини қўллаб-қувватлаганлари ва уни амалга оширишда фаол иштирок этганликлари учун миннатдорлик билдирди. 

Top