Бироз қизиш — мобил қурилма учун хос ҳолат. Лекин смартфон бот-бот исий бошласа ёки қўлни куйдирар даражада қизиса, албатта чора кўриш керак. Хўш, қизишга нималар сабаб бўлади ва унга қарши қандай чоралар қўллаш керак? «Лайфхакер» бу борада баъзи тавсиялар билан ўртоқлашди.

1. Смарфтондан тўла ҳажмда фойдаланасиз
Уч ўлчамли ўйинлар, видеосъёмка ва оғир иловалар процессор ва видеокучайтиргичнинг ҳаддан зиёд кучланишига сабаб бўлади. Натижада қурилма нафақат қизийди, қувватидан ҳам тезда мосуво бўла бошлайди. Бундай эффектга GPS, Wi-Fi, Bluetooth ёки 3G каби навигацион ва тармоқ технологияларидан фаол фойдаланиш ҳам сабаб бўлади.
Нима қилиш керак: Телефонни ортиқча зўриқтирмасликка ҳаракат қилинг. Смартфон совиши учун узоқ ўйинлар орасида, Тармоқдан катта ҳажмдаги файллар юклашда ёки камера ва оғир дастурлар билан ишлашда танаффуслар қилинг. Зарурият бўлмаган чоғда тармоқ ва навигацион модулларни ўчириб қўйинг.
2. Гаджетда ҳали тугалланмаган дастурлар бор
Бир ёки бир неча ўрнатилган иловаларда хатоликлар бор ёки ёмон оптимизация қилинган кодга эга, шу сабабли тизимнинг ресурсларидан оқилона фойдаланилмаяпти. Бундай дастурлар сабаб процессор бесабаб юқори қувват билан ишлаб туради. Натижада кўпроқ иссиқлик ажралиб чиқади ва батарея тезда «ўтиради».
Нима қилиш керак: Қурилмадан барча ортиқча дастурларни ўчириб юборинг. Агар ҳарорат ўйин, видеосервис ёки бошқа ресурс талаб этувчи дастур бўлмаган илова ишга тушганда оша бошласа уни ўчириб, шунга ўхшашроқ бошқаси билан алмаштиринг. Бундан ташқари, баъзи бир дастурларнинг янгиланишига монелик қилманг, чунки одатда янги версияларида хатолар тўғирланган бўлади.
3. Аппаратга ташқи омиллар таъсир кўрсатади
Агар гаджет қуёш нурлари тиғида, чўнтакда, одеёл остида ёки жипс қоплама ичида қолиб кетган бўлса бу ҳам ҳарорат ошишига сабаб бўлиши мумкин.
Алоҳида олинганда бу омиллар камдан кам ҳолатларда қизишга сабаб бўлади. Лекин улар бирваракайига таъсир қилганда ва сиз аппаратдан фаол фойдалансангиз, хавф сезиларли тарзда кучаяди.














