Самарқандда хорижлик шифокорлар иштирокида «Маҳорат дарслари» ўтказилди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида бир қатор хорижлик малакали шифокорлар томонидан илмий-амалий «Маҳорат дарслари» ўтказилди, деб хабар берди KUN.UZ’га вилоят ССБ матбуот хизмати.
Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш борасида берган топшириқлари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро «Тошкент тиббий ҳафталиги» дастури доирасида ўтказилган «Маҳорат дарслари»да Швейцария, Германия, Туркия ва Озарбойжон давлатларининг лапороскопия, умумий хирургия, эндоскопия, гинекология ва ультрасонография бўйича етакчи мутахассислари тематик лекциялар, кўргазмали операциялар ўтказишди.
— Ўзбекистонда тиббиётни бу даражада ривожланганлиги хаёлимга ҳам келмаган эди, — дейди Швейцариянинг Базель университети клиникаси директори ўринбосари, қон-томир касалликлари жарроҳи Лоренц Гюрке. — Тошкентдаги шифохоналарда бўлиб, амалга оширилаётган тиббий хизматлар билан яқиндан танишдик. Бугун Самарқанддаги тиббий жараёнларни кузатиб, юртингиз тиббиёти ҳақида нотўғри тушунчада эканлигимни англадим. «Маҳорат дарслари» давомида шифокорларнинг билим ва малакаси ҳам анча юқори эканлиги намоён бўлди. Халқаро тажрибани ўрганишга қаратилаётган юксак эътибор Ўзбекистонда тиббий хизмат сифатини тез орада юксак даражага кўтаради.
«Маҳорат дарслари» давомида хорижлик мутахассислар томонидан муассасадаги йигирмага яқин беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, тўртта жарроҳлик амалиёти ташкил этилди.
— Айни пайтда жаҳон тиббиётида миниинвазив жарроҳлик амалиётларидан кенг фойдаланилмоқда, — дейди Озарбойжон жарроҳлик тиббий маркази миниинвазив жарроҳлик бўлими мудири, озар-немис тиббий уюшмаси президенти Қурбонхон Муслумов. — Барчага маълумки, бу амалиётда бемор жуда кам жароҳатланади. Аммо унинг самараси, беморнинг тикланиш жараёни жуда тез амалга ошади. Самарқандда ўтказилган жарроҳлик амалиётларида ошқозон яраси, асоратли чурра, ўт қопи хасталикларини замонавий тиббий усулларда ташкил этилди. Бунда маҳаллий ёш шифокорларга соҳадаги амалиёт давомида тиббиётдаги янгиликлардан фойдаланиш самаралари ҳақида назарий ва амалий тушунчалар беришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, улар келгуси фаолияти давомида замонавий тиббий усуллардан фойдаланган ҳолда юртингизда тиббий хизмат сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшишади.
Шу куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Москва врачлар малакасини ошириш тиббиёт институти онкологи Леонид Петров томонидан «Онкологик касалликларни даволашнинг замонавий жарроҳлик имкониятлари» мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Вилоят кўз касалликлари шифохонасида Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Кўз микрожарроҳлиги» тармоқлараро илмий-техника мажмуаси федерал давлат ташкилоти болалар офтальможарроҳи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Игорь Плесов иштирокида ғилайлик касаллигини даволашнинг замонавий усулларига бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилди.
— Кейинги пайтда ғилайлик хасталиги билан мурожаат қилаётган беморлар сони ортганлиги боис, шифохонамизда хорижий тажрибаларни ўзлаштирган ҳолда тиббий хизмат сифатини оширишни мақсад қилганмиз, — дейди вилоят кўз касалликлари шифхонаси бош шифокори Саидахон Мирраҳимова. — Шу боис, профессор Игорь Плесовни таклиф қилиб, шифокорларимиз учун даволашнинг замонавий усуллари ҳақида илмий-амалий семинар ташкил қилдик. Шундан сўнг бемор болаларнинг ҳолатлари хорижлик мутахассис томонидан кўрикдан ўтказилди. Жараёнда 30 нафар беморга тиббий муолажаларни давом эттириш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Илмий семинарда И.Плесов шифокорларимизни соҳанинг замонавий усуллари билан батафсил таништириб, амалиётда қўллаш давомида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни атрофлича тушунтирди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024