«Христофор Колумб кабимиз» — Туркия-АҚШ муносабатлари турк журналисти нигоҳида
Европа соҳилларидан Атлантика океаннинг ғарбий қисмига қарата сузган Христофор Колумб Ҳиндистонга боришни ният қилган. 525 йил аввал 1492 йилнинг 12 октябрида Колумб Шимолий Америкага етиб борган, деб ёзади Туркиянинг «Ҳуррият» газетаси журналисти Унал Чевикўз (Ünal Çeviköz) ўз мақоласида.
Ўшанда Колумб ҳамли янги материкни очганини билмас эди ва биринчи бўлиб учратилган ерлар Ғарбий Ҳинд (West Indies) ороллари деб номланган. Америка қитъасида 12 октябрь ўзи билмаган ҳолда Американи очган денгизчининг шарафига «Колумб куни» сифатида байрам қилинади. (Фурсатдан фойдаланиб, тасдиқланган маълумотларга кўра Америка қитъасини илк марта XI асрда викинглар очишганини эслатиб ўтиш жоиз).
Колумбнинг беихтиёр кашфиётига 525 йил тўлганига қарамасдан, Туркия Американи англаш масаласида ақл бовар қилмас енгилтаклик қисқичида азоб чекмоқда. Туркия-Америка муносабатларининг тарихи унча узоқ эмас. Иккинчи жаҳон урушидан кейин, Корея уруши чоғида биз Туркниянинг геосиёсий ва геостратегик аҳамиятини жуда яхши англаган АҚШ билан яқиндан танишиб олдик. Биз 1952 йилда НАТО аъзосига айланганимиздан сўнг Туркия ва АҚШ ўртасида иттифоқчилик муносабатлари шакллана бошлади.
Бугун пайдо бўлган сўнгги визага оид инқироз туфайли биз турк-америка муносабатлари тарихидаги энг мураккаб даврни бошдан кечирмоқдамиз. Нима учун? На Вашингтонда Туркияга нисбатан ишонч қолди, на Анқарада АҚШга нисбатан. Бу ўзаро ишонч таназзули деярли 70 йиллик иттифоқчилик муносабатларига жиддий рахна солади. Биз кейинги йилларда олдимизда пайдо бўлган ҳар бир давлатга нисбатан қўллаётган «стратегик шерикчилик» тушунчаси илгари фақат АҚШга нисбатан қўлланарди. Энди эса бу тушунчани АҚШга нисбатан энг кам қўлламоқдамиз.
2009 йилдан то 2013 йилгача АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси, 2013 йилдан 2015 йилгача президентнинг махсус маслаҳатчиси, ОҚ уйнинг Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Форс кўрфази минтақасидаги йўриқчиси бўлиб ишлаган Филип Гордон ўзининг ҳафта бошида Financial Times нашрида эълон қилинган мақоласида Туркия аввалгидек эмас, деган тўхтамга келган. Фил Гордон — Американинг эътиборли дипломати, Туркияни яхши билади, ташқи ишлар вазирлигимиздаги кўплаб дипломатлар ва собиқ вазирларни шахсан танийди. Шу сабабли Гордоннинг Туркия хусусидаги кузатувлари АҚШнинг Туркия ҳақидаги нуқтаи назарини тушуниш учун етарли.
Гордоннинг мақоласида АҚШнинг Туркияга нисбатан ёвгарчилиги 72 фоизга етгани таъкидланади. Туркияда ўтказилган ижтимоий фикр сўровлари ҳам шунга монанд натижаларни кўрсатмоқда. Таассуфки, турк жамиятида аксиламерика кайфиятларини ўт олдириш билан бу кўрсаткич ўсмоқда, икки мамлакат халқлари эса тобора бир-биридан узоқлашмоқда.
Ҳа, бугун АҚШ ва Туркия Яқин Шарқ минтақаси, аввало Сурия масаласида жиддий зиддиятлар юзага келган. Бунга қарамасдан, виза масаласи АҚШнинг Туркияга нисбатан нохолис муносабати туфайли юзага келди, Туркияни Суриядаги Идлиб музофотида қайноқлиқни сақлаб тургани учун жазолашмоқда деган даъволар чиндан ҳам асосга эга эмас. Бундан ташқари, Сурия озод армияси Идлибдаги операциядан сўнг Сурия ҳудудида дастлабки муваффақиятларга эриша бошлаганида Пентагон ўз баёнотида «Туркиянинг Суриядаги тўқнашувлардан холи худудлар яратиш, ўз хавфсизлигини таъминлаш учун Сурия Араб Республикасида терроризмга қарши курашишдаги ҳиссаси»ни ижобий баҳолаган эди.
Остона жараёнлари доирасида Туркиянинг Сурияда тўқнашувлардан холи ҳудудлар яратишга кўмаклашиш йўналишида ўтказаётган сиёсати АҚШ томонидан дастакланмоқда. Аслида АҚШ худди шунингдек ярашув кафиллигини Россия билан бирга Сурия жанубидаги, Иордания билан чегарадош Даръа вилоятида ҳам амалга оширмоқда. Бошқача қилиб айтганда, Сурияда режим қуролли кучлари ва мухолифат ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш, ИШИД ва бошқа террорчилик ҳаракатларига қарши биргаликда кураш каби вазифалар жанубда АҚШ ва Россия, шимолда эса Туркия ва Россия ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Ўз-ўзидан, АҚШга «нега Туркия Россия билан ҳамкорлик қилмоқда?» деган саволни жўрттага ўйлаб топиш ва бу саволга «Туркиянинг манфаатлар ўқи силжиган» деган зўрма-зўраки жавоб беришнинг кераги йўқ, чунки бу мавжуд воқеликка асло мос келмайди.
АҚШдагиларнинг тасаввурига кўра, сўнгги йилларда Туркия ҳуқуқий дават принциплари ва амалиётларидан жиддий тарзда узоқлашган. Бундай фикр нафақат АҚШда, балки бу принцип ва амалиётларни аҳамиятли деб ҳисобловчи ва уни универсал критерий деб ҳисобловчи бизнинг барча иттифоқчиларимизда пайдо бўлган. Туркия бу тасаввурларни тўғирлаши керак, чунки токи у сақланиб турар экан, Туркия универсал қадриятлардан узоқлашмоқда, деган қараш кучая боради. Филип Гордоннинг ҳам таъкидлашича, Туркия Яқин Шарқ давлатига айланиш йўлидан бораётганлиги хусусидаги таассуротни бир онда ўзгартира олмайди.
Сиз балким сўрарсиз, бу таассуротни ўзгартириш учун қандай эҳтиёж бор, деб. Эҳтиёж бор, зеро, Яқин Шарқдаги барча қўшниларимиз Туркияни ғарб давлати деб билади ва унга таассуб қилишади. Лекин улар бундай эмаслигини англаганлари заҳоти, Туркия уларнинг кўз ўнгида ўз жозибасини йўқотади.
Мавзуга оид
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
17:22 / 17.11.2024