Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
Бўлажак президент жамоаси бунга алоқадор ҳарбийларни давлатга хиёнатда айблаш, ҳарбий трибуналга тортиш имкониятини аниқлаш ниятида.
Трамп жамоаси АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорига алоқадор шахслар рўйхатини тайёрламоқда ва уларни трибуналга бериш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
Телеканал суҳбатдошларидан бири Америка қўшинларининг 2021 йилда Афғонистондан олиб чиқилишини текшириш, хусусан, ушбу қарорга алоқадор шахслар ҳақида маълумот тўплаш бўйича комиссия тузиш режалари ҳақида гапирган. Трамп жамоаси бу ҳарбийларни давлатга хиёнатда айблаш, ҳарбий трибуналга тортиш имкониятини аниқлаш ниятида.
«Улар [Трамп жамоаси] бунга жуда жиддий қарамоқда», деб таъкидлади канал суҳбатдошларидан бири.
Бироқ, NBC News телеканалининг таъкидлашича, масаланинг ҳуқуқий томони, жумладан, давлатга хиёнат айблови ноаниқ қолмоқда, чунки АҚШ ҳарбийлари амалдаги президенти Жо Байденнинг буйруғини бажарган.
АҚШ 2001 йил 11 сентябр терактларидан кейин Афғонистонга қўшин юборди. Уларнинг нишони ушбу ҳужумлар учун масъул «Ал-Қоида» гуруҳи эди. Трамп миссияни тугатиш бўйича биринчи келишувни 2020 йилда имзолади. Қўшинларни олиб чиқиш бир йил ўтиб, Байден даврида амалга оширилди. Америкаликлар кетганидан кейин Афғонистондаги ҳокимият «Толибон» ҳаракати томонидан қўлга олинди.
Байден «Толибон»ни тан олишдан бош тортди. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари «Толибон»дан инсон ҳуқуқлари ва минтақада террорчи гуруҳларнинг кўпайиши муаммоларини ҳал этишни талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
20:03
Омадсиз лидер – 100 ёшда вафот этган АҚШ собиқ президенти Жимми Картер ҳақида нималар маълум?
18:55
Байден Украинага 2,5 млрд долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
16:47
2024 йилда АҚШда уйсизлар сони рекорд даражага етди
10:45