Қўшни Қирғизистон Республикасида бугун, 15 октябрь куни президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда. 11 нафар номзод президентлик даъвогар, улардан 3 нафари, Омурбек Бабанов, Сооронбай Жээнбеков ва Тимур Сариев асосий даъвогарлар сифатида кўрилмоқда. Амалдаги президент Алмазбек Атамбаев бу галги сайловларда иштирок этмайди.

Сайловгача катта кадрлар алмашинуви юз бериши кузатилди

Якшанба куни ўтказилаётган сиёсий тадбирга бир неча кунлар қолганида, мамлакатда кадрлар алмашинуви рўй берди. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Республика сайлов штаб бошлиғи Темир Жумақодиров 7 октябрь куни автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди.

Нуракмал Набиев мамлакат Бош прокурори ўринбосари, Қирғизистонда ҳарбий прокуратура раҳбари этиб тайинланди. Шу вақтгача Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келган Набиев Нурлан Дюшембиев ўрнини эгаллади.

Кемин туманида ИИБга янги бошлиқ тайинланди. 1983 йилда туғилган Нурмат Давлетов эндиликда ушбу лавозимда иш юритиши маълум бўлмоқда. Ундан аввал, Нурмат Давлетов Бишкек шаҳар ИИББда ходим, Оломудун туманида бошлиқ ўринбосари лавозимида ишлаган.

Қора-Суу шаҳрига Қутубек Қозубоев ҳоким этиб сайланди. Мазкур лавозимга фақат Қозубоевнинг номзоди илгари сурилганди, Халқ депутатлари Кенгаши айнан Қутубекни ёқлаб овоз берди. Шу давргача у давлат божхона хизматида фаолият олиб борган.

Албатта, янги тайинловларнинг президентлик сайловига таъсир ўтказиш даражаси юқори, деб бўлмайди. Аммо бу воқеалар соясида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Республика сайлов штаб бошлиғи Темир Жумақодиров бевақт ўлими қолиб кетмоқда. У жорий йилда Ҳукумат раисининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди. Ўлими олдидан Жумақодиров хизмат вазифаси бўйича Талосда сайловга тайёргарликни текшириш учун йўл олганди.

Жээнбеков ёки Бабанов: номзодларни ким қўлламоқда?

​Клептократия устунлик қилиб келган Қирғизистонни сўнгги даврда бир мунча ўзгартиришга ҳаракат қилган президент Алмазбек Атамбоев президентлик сайловида Сооранбай Жэ​энбековнинг номзодини очиқчасига қўллаб-қувватламоқда. Айнан у президентнинг партиясидан номзод этиб кўрсатилган ягона социал-демократ саналади. Президентликка даъво қилиши важи билан Бош вазирлик лавозимини тарк этган Жэ​энбеков бундан аввал Давлат кадрлар хизматида директор бўлиб ишлаган. 2016 йилда қисқа муддат президент девонида раҳбарнинг биринчи ўринбосари, кейинроқ Бош вазир сифатида фаолият юритган.