БТК темир йўл лойиҳаси Ўзбекистонни Европага улаб турувчи янги имкониятми?
Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Маммадиёров ва Грузия Ташқи ишлар вазири Михаил Жанелидзе иштирок этган қўшма матбуот анжуманида хабар қилинишича, жорий йилнинг 30 октябрь куни Боку-Тбилиси-Карс йўналишидаги темир йўл қатновининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.
2007 йил Туркия, Озарбойжон ва Грузия расмий доираларининг келишувидан сўнг ушбу лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланганди. 826 км узунликдаги мазкур темир йўл платформаси Грузия орқали Озарбойжон ва Туркия мамлакатларини боғлаб туради. Қолаверса, умумий инфратузилма шаклига эътибор қилинса, мазкур йўналиш бўйича Хитойдан Европага қадар йўловчи ва юк ташиш имконияти пайдо бўлади. Дастлабки маълумотларда темир йўлдан йилига 1 миллион йўловчи ва 6,5 миллион тонна юк ташиб ўтиш мумкинлиги таъкидланган бўлса, эндиликда БТК йўналиши 2023 йилга қадар 17 миллион тонна юк ташиш қувватига эга бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Туркия Транспорт вазири Аҳмад Арсланнинг айтишича, ушбу лойиҳа минтақадаги барча туркий халқларни бирлаштириш қудратига эга. Қозоғистоннинг Актау шаҳри чегарасидан Туркманбоши шаҳрига қадар чўзилган темир йўл кейинчалик, Бокуга уланиб кетиши мумкин.
Бундай вазият денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун Европага чиқишнинг энг қисқа йўли пайдо бўлиши мумкин. Шу масала юзасидан Ўзбекистоннинг темир йўл лойиҳасида иштирок этиши амалий ҳаракатлари илк бор 2016 йил 17 октябрда кузатилди. Унда Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Маммадиёров Тошкентга ташриф буюриб, ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан БТК лойиҳаси устида фикр алмашганди. Шундан сўнг, жорий йилнинг 18 март куни Тошкентда Ўзбекистон, Грузия ва Озарбойжон темир йўл тармоқлари раҳбарларининг учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳада иштирок этиши Навоий-Туркманбоши темир йўл лойиҳасининг муваффақиятли тугатилишига боғлиқ. Ерости ва усти табиий бойликлари билан Ўзбекистоннинг том маънодаги саноат пойтахтига айланиб бораётган Навоий вилояти Туркманбоши портига қадар юк ташувини амалга ошириши учун темир лойиҳасининг сифатли ва тезроқ тугатилишига зарурат бор. Кейинги босқичда ўзбек маҳсулотлари Туркманбоши портидан Бокудаги Олот портига келиб тушиши, сўнгра БТК йўналишида Туркияга етиб бориши кутилмоқда.
Навоий-Туркманбоши темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов 2012 йил Ашхободга ташриф буюрганди. Айни пайтда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳаракат қилаётган экан, ўйлашимизча, ўзбек маҳсулотини Европага етказишда БТК йўналиши энг оптимал танловлардан бири бўлиб қолаверади.
Мавзуга оид
20:10 / 12.11.2024
Зироат Мирзиёева Бокуда ёшларнинг иқлимга оид ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашга чақирди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
21:05 / 30.09.2024
Юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш хизмати тарифлари эркинлаштирилади
18:48 / 28.09.2024