Олисларда ризқ тергилаш, фарзандининг юмшоқ юзини ўпиб, кулдириб эркалашдан мосуво бўлиш ҳавасдек, сенга зимдан тош отувчилар кўпайди. Сени ишёқмасдан олиб ватангадога солдилар. Аслида ўша совуқ ўлкада энг оғир, энг қора ишларни қилиб ҳам сабрга ошно бўлган сен эдинг. Юрти каби совуқ қиёфаларга мўлтираб топган миллиардларинг банклар орқали оқиб келганида, бунинг ортидан иқтисоднинг бир ками битаётганида ҳам сени мақтаганлар деярли бўлмади, аммо танқидчи беҳад мўл бўлди. Гўё сен, ҳа, айнан сен ўз хоҳишинг билан соғинч ва хўрликни танлагандек...
Сабр сенга, мусофирим!
Маҳалла йўқки, Россиядан тобут келмаган бўлса. Бухоролик бир йигит сўзлаб берганди: «Биринчи марта борганимда, совуқ шунчалар забтига олгандики, ўз жонини қадрига етган одам ишлаши мумкин эмасди. Лекин бизникилар бола-чақа деб чиқишган, маҳаллий аҳоли чидамайдиган совуққа улар чидашга мажбурлар. Ана шундай кунларда қурилишда бир йигит нобуд бўлди. Ачинган кўп, лекин марҳумнинг уйига хабар беришни, ўликни рисоладагидек қилиб жўнатишни уддалайдиган мард йўқ. Майитни ювиб, ўраб-чирмаб жўнатувчиларни топа олмадик. Қонга беланган ҳолида жўнатиб бўлмасди. Шунда таваккал қилиб мен уни ювишни зиммамга олдим. Ётоғимга олиб бордик, бир ўзим билганимча ювдим ва усталар ясаган тобутга жойладим. Кейин негадир шундай иш фақат менинг зиммамга тушаверди. Аста-секин кўникиб кетдим.
Ғалати... Лекин бу ҳам бир касб эканда. Кимдир нобуд бўлса, узоқлардан келиб мени олиб кетишар, бир ўзим ўликни ортиб келиб, ювиб тараб, самолётга ортишни ташкиллаштирардим. Албатта, марҳумларнинг ҳамкасблари менга пул йиғиб беришар, рози-ризочилик билан олардим. Неча марта шу ишни қилган бўлсам, шунча марта йиғлаганман. Бирим икки бўлсин деб уйини тарк этган ёш-ёш йигитларнинг тобутда қайтиши қандай даҳшат?!»

Асакалик бир опамиз ҳикоясидан: «Россияда яхши ишим, яшаш жойим бор. Лекин йилда бир марта, эрта баҳорда юртимга албатта қайтаман. Сабаби қизиқ туйилар – мен бодомнинг гулини кўриш учун келаман. Албатта, юрт соғинчи, қариндошлар дийдори ҳам бор. Лекин айнан бодомнинг пуштиранг гулларида ватанимни кўраман, ҳаётим давом этаётганини ҳис қиламан, шу азиз тупроқнинг бир бўлаги эканлигимни яна бир бор англайман. Агар имконим бўлганда мусофирчиликда бир кун ҳам турмасдим...».
Мусофир юртдошим, сабр сенга
Охирги йилларда ўша давлатларда портлаш бўлса, террорчи тамғаси шартта босиладиган нишонга айланиб қолганинг ҳам рост. Чунки энг ожизи, энг ҳақсизи сен эдинг, энди буни яширишдан не наф? Балки ичингда шундай йўлга кирганлар ҳам бордур. Лекин рўзғорини бутлаш учун йўлга чиққан, фарзандининг келажаги деб шу йўлни танлаган асл ўзбекнинг бу қадар ваҳшийлик қилишига ақл бовар қилмайди.










