Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига келиб тушган ариза асосида олиб борилган суриштирув-тергов ҳаракатлари, шунингдек, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашининг рухсати олиб ўтказилган режадан ташқари ҳужжатли текширишда “Мўян-Соҳибкор” агрофирмаси раҳбарининг жиноий қилмишлари фош этилди. Агрофирма қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, харид қилиш, сақлаш, ички бозорларга етказиб бериш ҳамда чет давлатларга экспорт қилиш билан шуғулланган, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
2014 йил ноябрь ойида пайчилар кенгашининг йиғилишида ўттиз саккиз ёшга кирган Обиджон Жавлонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) агрофирма раҳбари лавозимига тайинланади. Агрофирмага айланма маблағларини тўлдириш учун “Миллий банк” Қувасой филиалидан 12 ой муддатга 500 млн. сўм миқдорида кредит ажратиб берилади. О.Жавлонов кредит маблағларига Сурхондарё вилоятидаги фермер хўжаликларидан ҳисори зотли қўйларни сотиб ола бошлайди. “Денов ҳисори қўйлари”, “Хуршид равнақи” фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларига 40 бош ва 192 бош қўй олиш учун 50 млн. сўм ва 215 млн. сўм ўтказдириб беради. Қорамоллар учун яна 85 млн. сўм ўтказади. Вазирлар Маҳкамасининг агрофирмалар томонидан шахсий ёрдам хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, чорва моллари, уруғлик, кўчатлар белгиланган тартибда тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар ҳисобига етказиб берилиши ҳақидаги қарори талабларига зид равишда, қўйларни фуқароларга “ўзаро келишув” тузиб, насияга бериб юборади. Фуқаролардан жами 190 млн. сўмдан зиёд қарзларни ундириш чораларини эса кўрмайди. 48 млн. 778 минг сўм қийматдаги 36 бош қўйни ва нархи 2 млн. 800 минг сўм бўлган бир бош қорамолни ўзига, яъни рухсатномасининг муддати тугаган якка тартибдаги тадбиркор О.Жавлоновнинг ҳисобига чиқим қилиб, сотиб юборади. Нақд пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлайди. Қўйлар вилоятдаги 8 та корхонага сотилгани ҳақида сохта ҳужжатларни агрофирма ҳисобхонасига киритиб қўяди.
Агрофирма билан ҳарбий қисм ўртасида картошка етказиб бериш ҳақида шартнома тузилади. О.Жавлонов банк кредити ҳисобидан Тошкент шаҳридаги “Vernatural” МЧЖдан ҳар килограмми 1500 сўмдан 150 млн. сўмга 100 тонна картошка харид қилиб олади. 73,9 тоннасини ҳарбий қисмга харид нархига нисбатан икки баробар паст нархда етказиб беради. Камомаднинг ўрнини қоплаш учун Қува туманидаги агрофирмага 21 млн. сўмга 15 тонна картошка сотилгани ҳақида қалбаки ҳисоб-фактураларни расмийлаштириб қўяди. “Миллий банк” Қувасой филиалига кредит маблағларининг атиги 134 млн. 842 минг сўмини қайтаради. 365 млн. 158 минг сўмни эса ўзлаштириб, талон-торож қилиб юборади.
Бундан ташқари, Фарғона деҳқон бозорида савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркор И.Хўжаевдан ҳарбий қисмга топширгани етмай қолган картошкани қарзга бериб туришни илтимос қилади. Бироз вақт ўтгач, “200 гектарда картошка етиштираяпмиз, шундан олиб фойдаланасиз”, дея ундан нақд пул сўраб олади. Алдаб олган картошканинг ҳақи ва нақд пулни – жами 14 млн. 700 минг сўмни қайтариб бермай, тадбиркорни сарсон қилади. Дастлабки терговда у тадбиркорга етказган зарарни тўлиқ қоплади.











