Газ, кўмир, ўтин ёқиш мумкин эмас: Пахтачидаги 2 қаватли уйлар аҳолиси уйни қандай иситсин?
Баъзан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ёритиш мақсадида жойларга чиқамиз-у, ёритишга арзигулик тайёргарликнинг йўқлиги ҳафсаламизни пир қилади. Пахтачи туманида ҳам кўп қаватли уйлар аҳволини ўрганиб, ачинарли манзарага гувоҳ бўлдик.
Туманда 26 та икки қаватли уй-жойлар бўлиб, барчаси 1991 йилгача қурилган.
Асосий масаладан бошлайлик. 352 хонадон мавжуд бу уйларнинг бирортасида иситиш тизими йўқ. Қишнинг совуқ кунларини аҳоли қандай ўтказиши борасида шу уйларда яшовчилардан бошқа ҳеч ким бош қотирган эмас. Аҳоли билан суҳбатлашиб, шундай хулосага келдик.
13 қаватли уй ҳовлисида қўлбола ўчоқда овқат пиширилаётганини кўриб, газ босимининг қай аҳволда эканини англадик. Гарчи табиий газ йил давомида келиб турган бўлса-да, кунлар совиши билан газ босими пасайиб кетган. Умуман, бу ерда ҳаво ҳарорати билан газ босими ўртасида қаттиқ «ришта» бор экан — иккиси ҳам бирдан пасаяди.
Аҳолининг газ босими пасайиб кетаётгани ҳақидаги шикоятларини эшитгач, суюлтирилган газ таъминоти билан қизиқдик. Кўп қаватли уйларга маиший газ баллонларини ишлатиш мумкин бўлмагани учун етказилмас экан. Кўмир таъминотини суриштирганимизда ҳам шу жавобни эшитдик: «Мумкин эмас!»
— Кўп қаватли уйларда газ баллондан фойдаланиш тақиқланган, кўмир, ўтин, табиий газ печкаларини ўрнатиш ҳам мумкин эмас экан, биз қандай қилиб жон сақлашимиз керак, — дейди Истиқлол маҳалласидаги 130-уйда яшовчи Р.Нормуродова. — Яқинда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари келиб, йиғилиш ўтказиб кетишди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасак, жарима тўларканмиз. Шуларни тушунтиришди аммо бизга уйни қандай иситишни ким тушунтиради?
— Электр энергияси таъминоти ҳозирча яхши, — дейди 127-уйда яшовчи О.Тангриева. — Аммо қиш келгач, узилишлар кўпайиб кетиши аниқ. Ўтган йили қишда куни билан ярим соат электр келган вақтлар ҳам бўлди. Бу йил қўшимча бирор тармоқ тортилгани ёки атрофимизда электр узатиш ускуналарининг таъмирланганига кўзимиз тушмади. Шундай экан, фақат электрга ишониб қолиш ҳам қийин. Бу ҳам етмагандай ҳар хил иситиш печларидан фойдаланиш мумкин эмаслигини айтишади.
Кўриб турганингиздек, қишда бу уйларда яшовчиларга ҳавас қилиб бўлмайди. Аммо бу бошқа фаслларда ҳаммаси яхши экан дегани эмас. Аҳолининг айтишича, ушбу кўп қаватли уйлар қурилганидан бери ҳали капитал таъмирланмаган. Деярли барча уйларнинг том қисми таъмирталаб аҳволга келиб қолган, уйларнинг ички юқори қисмлари намгарчиликдан моғор босган, ҳатто деворларга ҳам зарар етган. Умуман, 26 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатадиган хусусий уй-жойлар мулкдорлари ширкати фаолияти сезилмайди. Аҳолининг аксарият қисми ширкат нималигини ҳам билмайди, энг ёмони, уй-жой мулкдорлари ширкатига етти йилдан буён пул тўлаб келаётганлар ҳам бор экан.
— Етти йилдан буён ширкатга тўлов қилиб келаман, — дейди Амир Темур маҳалласидаги 22-уйда яшовчи Ш.Аҳмедов. — Аммо уйимни ҳам ҳар йили ўзим таъмирлайман. 2010 йил шу уйга кўчиб ўтган бўлсам, томдан чакка ўтавериб, ҳар йили таъмирлашга тўғри келади. Ҳатто уй олдини ҳам ўзим «стяжка» қилганман.
Дарвоқе, жорий мавсумда узоқ йиллардан буён таъмирга муҳтож бўлиб келаётган ана шу уйларнинг бир нечтасида «тарихий воқеа» қайд этиладиган бўлди. 360 миллион сўмлик кредит эвазига 130, 126, 124, 22-уйлар мукаммал таъмирланиб, том қисми шифер билан ёпилмоқда. Бир қатор уйларнинг фасад қисми ҳам таъмирланмоқда. Аммо қолган уйларда яшовчилар бу йил ҳам қийналишларига тўғри келади.
Хуллас, Пахтачидаги кўп қаватли уйларда қишга тайёргарлик ана шу ҳолатда. Бироқ энг ёмони ҳали бу эмас. Бу ерда аҳолини қийнаб келаётган энг катта муаммо ҳожатхонанинг йўқлиги. Уйларда канализация тармоғи умуман мавжуд эмас. Бир вақтлар қурилган умумий ҳожатхоналар эса хизмат муддатини ўтаб бўлган. Очиғини айтганда, бу ҳожатхоналар олдига ҳатто суратга олиш учун ҳам яқинлашиб бўлмайди. Афтидан давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимларининг бу томонларга ҳеч йўли тушмаган. Истиқлол маҳалласида қурилиши бошланган янги ҳожатхона маблағ йўқлиги сабабли тўхтаб қолган экан.
«Зарафшон» газетасидан.
Мавзуга оид
17:31 / 28.08.2024
Электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тартибига ўзгартиришлар киритилди
20:55 / 23.08.2024
Тошкентнинг қоқ марказидан мурожаат: Ёш болаларимиз бор, қачонгача иссиқ сувсиз ўтирамиз?
20:30 / 04.08.2024
Австрия 2027 йилга бориб Россия газидан воз кечади
22:20 / 12.06.2024