Жаҳон | 20:30 / 04.08.2024
6064
2 дақиқада ўқилади

Австрия 2027 йилга бориб Россия газидан воз кечади

Ҳозирда Россиядан экспорт қилинадиган табиий газ Австрия қувурларидаги жами газ ҳажмининг 80-90 фоизини ташкил этади.

Фото: Wikimedia

Австрия ҳукмрон коалицияси мамлакатнинг янги хавфсизлик стратегиясига 2027 йилга бориб Россия газидан воз кечиш таклифини киритишга келишиб олди, деб хабар беради Kurier газетаси. Айни вақтда ушбу масала устида иш олиб борилмоқда.

Австриянинг Россия газидан воз кечишига сабаблардан бири сифатида Москва ёқилғи савдосидан олаётган маблағларини Украинага қарши урушни молиялаштиришга сарфлаётгани кўрсатилмоқда. Шунингдек, Австрия ҳукумати Россия газига қарамлик мамлакат иқтисодиётига таҳдид туғдиради деб ҳисоблайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россиядан экспорт қилинадиган табиий газ Австрия қувурларидаги жами газ ҳажмининг 80-90 фоизини ташкил этади. Ўтган йили Вена «Газпром»га 4 миллиард еврога яқин пул ўтказиб берган.

Февраль ойида Австрия энергетика вазири Леонор Гевесслер мамлакатнинг OMV нефтегаз компанияси ва «Газпром» ўртасидаги 2040 йилга қадар тузилган узоқ муддатли шартномадан чиқиш имкониятини кўриб чиқиш ниятини маълум қилганди. Кейинроқ OMV’дагилар компания австриялик истеъмолчиларни Россиядан бўлмаган газ билан 100 фоиз таъминлай олишларини, бироқ Россия ёқилғисидан воз кечиш учун тегишли ҳуқуқий асосни яратиш лозимлигини таъкидлаганди.

Аввалроқ Озарбойжон охирги ярим аср давомида Кремлнинг деярли фақат ўзи назорат қилиб келган Европага газ етказиб бериш ҳажмини оширишни давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди. Россиянинг Европага қувурлар орқали газ экспорти ўтган йили 28 миллиард метр кубга қадар камайган — бу 1970 йиллар охирида бери кузатилган энг паст даражадир. Урушдан олдинги давр билан таққослаганда, газ етказиб бериш деярли беш баробарга, «Газпром»нинг Европа бозоридаги улуши эса уч баробарга (45 фоиздан 15 фоизгача) тушиб кетган. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид