Жамият | 15:20 / 20.10.2017
8910
2 дақиқада ўқилади

Касб-ҳунар коллежларида электрон назорат тизими амалга оширилмоқда

Фото: KUN.UZ

Эндиликда дарс машғулотларига келмаган ўқувчи хонадонига маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти раҳбаридан иборат ишчи гуруҳ бориб, ёшларни таълимга қайтариш бўйича ота-оналар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.

Бу борада Андижон вилоятида мавжуд 128 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган 94298 нафар ўқувчининг кунлик давоматини мунтазам назорат қилиш ҳамда таҳлил этиш борасида электрон назорат тизими амалга оширилмоқда. 

Таълим муассасаларида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан дарсларга мунтазам келмаётган ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар жамланмаси яратилиб, белгиланган тизим асосида ҳудуддаги МФЙларига ушбу маълумотларни тақдим этилиши йўлга қўйилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 2 августда ҳамда 2017 йил 16 августда ўтказилган йиғилишларда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг давоматини 100 фоиз таъминлаш таъминлаш маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти раҳбари зиммасига юклатилган. 

Ўрта махсус, касб-ҳунар ҳунар таълими Маркази тегишли вазирликлар ва ҳамкор ташкилотлар билан қўшма қарор имзоланиб, унинг асосида: «Фуқаролар йиғинлари раҳбарлари (маҳалла оқсоқоллари), профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти раҳбарларини дарсга мунтазам келмайдиган ва кўп дарс қолдирадиган ўқувчилар билан ишлашини ташкил қилиш бўйича йўриқнома» ишлаб чиқилиб, ижроси амалга оширилмоқда.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов,
Андижон

Мавзуга оид