Жаҳон | 00:27 / 21.10.2017
7970
2 дақиқада ўқилади

Мутахассислар: Дунёдаги ҳар олтинчи барвақт ўлим экология ифлосланиши сабабли юз берган

Фото: Getty Images

Дунёдаги ҳар олтинчи барвақт ўлим экология ифлосланиши сабабли юз берган. 2015 йилда экология ифлосланишидан келиб чиққан касалликлардан 9 млн киши вафот этган. Бу эса ОИТС, сил ва безгак касалликларидан вафот этганлар умумий сонидан 3 марта ҳамда уруш, зўравонликнинг бошқа шаклларидан вафот этганлар умумий сонидан 15 марта кўпроқдир. Бу ҳақда бир қатор халқаро ва ноҳукумат ташкилотлари ўтказган тадқиқот натижаларига иқтибос келтирган ҳолда The Lancet илмий журнали маълум қилди.

Инсон саломатлиги учун ҳавонинг айниқса саноат ва автомобиль газлари, уйлар ичида эса иситиш ёки таом тайёрлашда ўтин ёки кўмирнинг ёқилиши оқибатида ҳосил бўладиган зарарли моддалар жиддий оқибатларга эга. Тадқиқот маълумотларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши 2015 йилда 6,5 млн кишининг барвақт ўлимига сабаб бўлган. Бу одамлар юрак касалликлари, инсульт, ўпка саратони ва ўпка касалликлари сабабли вафот этишган.

Сувнинг ифлосланишидан эса 1,8 млн киши, иш жойларида канцероген ва заҳарли моддалар мавжудлиги сабабли 800 минг киши вафот этган.

Экология ифлосланиши сабабли барвақт ўлимларнинг энг кўп сони (92 фоизи) паст ва ўртача даромадли давлатлар ҳисобига тўғри келган. Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Кения каби саноати жадал ривожланаётган давлатларда табиатнинг ифлосланишидан ҳар 4 кишининг бири барвақт ҳаётдан кўз юмган.

Мавзуга оид